www.ziyouz.com кутубхонаси
70
керак деб ўйлайман. — У мисс Клэри ушлаб турган мумқоғозни ўз қўлига олди, сўнг стол
устига, жойига қўйди-да, Виржинияга тикилиб қаради. Унга яқин тургани учун уски қовоғига
юпқа қилиб зангори сурма сурилганини, кўзларининг чекка бурчагига қора чизиқ тортилганини
кўрди. Палмер унга ҳеч қачон бунчалик яқин турмаган эди. Хонасининг катталиги бунга имкон
бермасди.
— Нутқларни сиз ёзасизми? — сўради Палмер. — Мен бу ишлар Мак Бернсга топширилади
деб ўйлардим.
— Маърузалар лойиҳасини ҳамиша мен тайёрлайман, — деб жавоб берди Виржиния.
— Қизиқ, бу ҳақда у ҳеч нарса демаганди, — жилмайди Палмер. — Менимча, сизнинг ва
унинг банк ҳақидаги билимларингиз зиғирча ҳам келмайди.
— Шундай ҳам дейлик. Лекин, Микеланжеломи ёки бошқа биров айтганидай мушукнинг
суратини чизиш учун мушук бўлиш шарт эмас.
— Негадир Микеланжелога ўхшамайди, — деди Палмер ва столнинг чеккасига ўтириб, газета
қирқимлари ёпиштирилган тахтага назар солди. — Борди-ю, бизлар бошқа соҳада
ишлаганимизда-чи? Сиз бўлсангиз, Мак Бернс билан Микеланжело тамойили бўйича ҳаракат
қилиб, амалий хатога, айтайлик, нарх ва таҳлил характеридаги хатога йўл қўярдинглар. Бу
ҳолда эса, эҳтимол, кимдир зарар кўрарди.
Виржиния дарҳол жавоб қайтармади. Уни кузатаркан, Палмер Виржиниянинг сочлари жуда
чиройли қилиб турмакланганини англади.
— Демак, биз ҳаммамиз доришуносликдан йироқ юриш бахтига муяссар бўлган эканмиз-да,
— деди у ниҳоят.
— Биласизми, менда сиз банк ишининг аҳамиятига етарли баҳо бермаяпсиз деган таассурот
туғдираяпсиз, — таъкидлади Палмер.
— Сиз мени бухгалтерия хисоб-китоблари ва бошқа нарсаларда завқ-шавқни кўрмайди
демоқчимисиз? — сўради мисс Клэри. — Лекин ўз-ўзимизни алдашнинг нима кераги бор: банк
иши пулни қарзга беришдан бошқа нарса эмас. Бу қарзлар — ипотека1, тижорат кредити2,
қимматли қоғозлар, мол-мулкни бошқариш сингари ҳар қандай шаклга эга бўлмасин, бу охир-
оқибатда пулни қарзга бериш демакдир. Бунинг бор сири шундаки, аввало пулга эга бўлиш
керак, кейин эса уни кўпроқ фоиз талаб қилиб, пулнинг қайтиб келишини таъминлаш лозим.
— Мутлақо тўғри. — Палмер ўрнидан туриб газета қирқимлари ёпиштирилган тахта томон
юрди. Газета ёзувларини кўздан кечирган бўлди. — Мутлақо тўғри, пулни қарзга бериш, —
такрорлади у. — Бироқ бу «оддийгина» пулни қарзга бериш эмас.
— Албатта, бунчалик қадимги касб-кор илоҳият билан суғорилган бўлиши кеарк.
— Сиз жуда заҳарханда экансиз-ку!
— Сал-пал, — деди Виржиния ва соатига қараб қўйди.
— Кечирасиз, сизни ушлаб қолмаяпманми? — сўради Палмер.
— Ҳечам-да.
— Бироқ соатингизга қараб қўйдингиз-ку?
— Бу асабдан, — деди Виржиния, — Менга сиз таъсир қилаяпсиз. Шунинг учун
заҳархандалик қилаяпман. Бундан ташқари, мана бу хабарларни матбуотга тарқатиб
улгуришим керак.
— Нима, бу Фреддининг вазифасига кирмайдими?
— Буларнинг ҳаммаси бугун почтага топширилиши керак. Сиз Фреддига нисбатан менга уч
баробар кўп ҳақ тўлаяпсиз, шунинг учун ҳам мендан кўпроқ иш талаб қиласиз деб ўйлайман.
Палмер қўлларини ёйди.
— Сизнинг ўз мажбуриятларингиз ҳақидаги тасаввурингизни, — деди Палмер кулимсираб,
уни хафа қилмасликка уриниб, — фақат банк ишидаги билимингизнинг кенг қамрови билан
таққослаш мумкин.
— Агар сиз мени тўппонча билан яккама-якка қолдирсангиз, ор-номус бурчи буюргандек йўл
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |