www.ziyouz.com кутубхонаси
27
ҳам шундай ойнадан ясалган. Тайёрлаш жараёни ўша-ўша — аста-секин совутиш. Бунинг
қалинлиги бир дюйм1дан кам эмас.
Бэркхардт эшик ёнидаги тугмани босган эди, хона тағин ҳам ёришиб кетди.
Палмер шифтга кўз югуртириб, жилосиз ва шаффоф ойнадан ясалган тўртбурчаклар устида
шахмат тартибида жойлаштирилган тахталарни кўрди. Улар залга қуёш нури билан бирга
кириб бордилар. Палмернинг нигоҳи ёзув столига тушди. Столда кимдир ўтирарди. У ўрнидан
туриб, буларга пешвоз чиқди.
— Сизни шунча куттириб қўйганимдан афсусдаман, Мак, — деди унга қараб юраркан
Бэркхардт. Лекин у шундай масофада тўхтадики, уларни кутиб олган кишининг қўли етмасди.
Бэркхардт Палмерга ўгирилиб, деди:
— Қани, Вуди, бир сакраб ерга туш-да, Мак Бернс билан таниш. — Ана шундай мураккаб
ҳаракатдан сўнг Бэркхардт столнинг нариги томонига шу тарзда жойлашдики, унга чўзилган
қўлни қисиб қўйишдан атайлаб бош тортди деган тасаввурга ўрин қолдирмади. Палмер
олдинга юриб, Бернснинг қўлини қисди.
— Мистер Бернс, мен Вудс Палмерман.
Бэрнс жилмайди. Унинг қорамағиз оғзида бир текис майда оппоқ тишлари ялтиради.
— Мистер Бернс — менинг отам, Вуди, мени эса оддийгина қилиб Мак дейишади, — деди у.
— Мак, — дея такрорлади Палмер ва аста ўриндиққа чўкди.
Бэркхардт ҳам худди шундай ўриндиққа ўтирди-да, бўшлиққа қараб нимагадир иржайиб
қўйди.
— Вуди — бизнинг иерархиямизда1 иккинчи рақамли одам ҳисобланади, — деди Бэркхардт.
— Вуди Палмер — менинг биринчи вице-президентим... Уни сизга таништираман.
— Лэйн... — деди Бернс ва мана шу бир бўғинли сўз ҳавода осилиб қолди. Бернс ушбу
вазиятга ҳал этилмаган ҳолда қолиш имконини берди, ўз оромкурсисига ўтирди, қорамтир-кўк
шимининг қатламини тиззалари устидан бироз тортиб қўйди. У костюмини кўздан кечириб,
енгида мавжуд бўлмаган чангни қоқиб қўйгандек бўлди. Палмер Бернснинг костюми ажойиб
бичимда эканига эътибор берди. Унинг тикилиши машҳур ака-ука Брукслар буюмларига
ўхшамасди. Бошқа ҳар қандай русумдаги машҳур костюм ҳам бунга тенглаша олмасди. Фақат
оқ кўйлагигина унча қовушмай турарди.
— Лэйн, — такрорлади Бернс, — мижозим мени хабардор қилиб турадиган бўлса, менинг
реклама ва ахборот соҳасидаги мутахассислигим қаерда қолди? Лэйн, ахир, сиз жудаям банд
одамсиз. Рухсат этинг, Вуди ҳақида сизга ахборот берай.
Орага қисқа жимлик чўкди. Палмер бу икки одам бир-бирини ёқтирмаслигини ҳис этди. Бу
одам билан муомалада бўлишга мажбур эканлиги Бэркхардтнинг ғашини келтирарди. Бернс эса
кутдириб қўйишганидан аламзада эди. Ҳозирги пайтда Палмер бу икки одамнинг бир-бирини
хуш кўрмаслиги қай даражага етганини ҳали аниқлай олмаганди. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам
бир-бирига нафратини ошкора ифодалайдиганлар тоифасидан эмасди.
— Майли, Мак, — деди Бэркхардт столга қараганича хотиржам, — навбат сизники, қани,
гапиринг.
— Вудс Палмер-кенжатой, — деди Бернс ва жилмайиб Палмерга қаради. Бу қарашидан у
ушбу вазиятдан кескин норозиман дегандай бўларди. У Палмерга диққат билан қараб сўзида
давом этди: — Декабрда у қирқ беш ёшга тўлади. Иллинойс штатидаги Гленко шаҳрилик Эдис
Эдисонга уйланган. Унинг Вудс Палмер-учинчи деган ўғли, Жералдина исмли қизи ва тўққиз
ёшли Том деган ўғли бор. Иккинчи жаҳон уруши пайтида унга ҳарбий ҳаво кучлари под-
полковниги унвони берилган ва у кўпинча разведка қилиш характеридаги топшириқларни
бажарган. У...
— ... банкир бўлиш учун ҳаддан ташқари моҳир, жин урсин, — Бернснинг сўзини илиб кетди
қария, — аммо, Мак, сизга мос тушиши учун етарли даражада айёр ҳам.
— Сиз менинг ахборотимни охиригача эшитишни истамаяпсизми? — сўради истеҳзо билан
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |