www.ziyouz.com кутубхонаси
30
менда бор нарса. Бойлик — бу мен ўлганимда болаларимга қолдирадиган нарсадир.
— Ёки, — дея давом этди бирдан хушчақчақ бўлиб қолган Палмер, — пул биз сарфлаётган
нарсадир, бойлик эса асраганимиз.
— Йўқ. Пул — ўғит, холос. Бойлик бўлса — йиғиштирилган ҳосил.
Бернс стол узра энгашди, унинг игнатугмасидаги олмослар ялтираб кетди.
— Айт-чи, Вуди, нега мен Лэйн Бэркхардт билан мана шу тарзда гаплаша олмайман? —
сўради у.
Палмер кўзларини қисди, сўнг суҳбатдошининг нигоҳига тикилди:
— Сизда бу нарса чиндан ҳам қовушмаяптими?
— Бўлмасам-чи. Биз ҳеч қачон келиша олмаганмиз. Бунинг боиси нимада?
— Буни сиз яхши билишингиз керак, ахир, у билан мендан кўра кўпроқ ишлагансизлар.
— Сиз эса уни болалигингиздан биласиз, — деди Бернс. — Хўш, жавоб қанақа бўлади энди?
— Агар билган тақдиримда ҳам мени айтади, деб ўйлаяпсизми? — саволга савол билан
жавоб берди Палмер. — Ахир, ўзингиз ҳам тегишли маълумотни тўплашингиз керак бўлган
одам айнан шу кимса эканини менга ҳеч қачон айтмаган бўлардингиз. Бу касб-корлик сирига
оид соҳа.
Бернс бир оз жим қолди.
— Борди-ю, агар мен сизга бор гапни айтиб берсам, унда бу ҳақда ҳеч ким эшитмайди, деб
ваъда беришингиз керак.
— Ваъда беролмайман, — деди Палмер. — Ўзингиз тушунасиз-ку.
— Ҳа, тушунаман, — деди базўр Бэрнс. — Шунингдек, биз Лэйн билан нега чиқиша
олмаётганимизни ҳам биламан. — У гапидан тўхтаб, елкасини қисди. Кейин кутилмаган куч
билан қўшиб қўйди: — Лекин, майли, орамизда бошқа ҳеч қанақа сир бўлмасин, Вуди. Мен
жиддий гапираяпман.
Ёш бола гўллиги ўрнини бундай шафқатсизлик эгаллаши Палмерни ҳайратга солди. Чунки
ҳозир улар муҳокама қилаётган нарсанинг бунга сира дахли йўқ эди. Албатта, Бернснинг
гапирганларини у бошқа талқин қилмаганда...
— Мен банкирман, — жавоб берди Палмер. — Мен қадриятнинг икки тоифасига эгаман,
холос. Мен таклиф қила оладиган тоифа: бу пул ва омонатчи сирини сақлай билиш. Сирларни
кўргани кўзим йўқ, лекин умрим бўйи икки кишига бемалол етиб ортадиганидан ҳам кўпроқ
сирни сақлашимга тўғри келди.
— Аммо уларни мендан яширманг, Вуди, — туриб олди Бернс. — Биз ўзимизга бунчалик
дабдабани эп кўролмаймиз, айниқса, ҳозир. — У нафасини ростлаб олди. — Бировнинг ихтиёри
билан қандай аҳволга тушиб қолганингиз ҳақида ҳеч бўлмаса сал-пал тасаввурга эгамисиз?
Ёки ҳеч бўлмаса вазият нақадар танглашишини сезмаяпсизми?
— Афтидан, вазият аллақачон танглашиб бўлди. Бэркхардтни ташвишга солиш учун шунинг
ўзи етарли.
— Бўлмасам-чи! — чўрт кесди Бернс. — Бэркхардт ташвишлана бошладими, демак икки
марта кўпроқ ташвишланишим керак. Ҳар иккаламиз ҳам ташвишлана бошлаганимизда эса,
бир неча миллион кишиларда қайғуриш учун етарли асос пайдо бўлади.
Палмер виски тўлдирилган иккинчи қадаҳни олди-да, аста-секин, қултумлаб ича бошлади. У
Бернснинг биринчи қадаҳини ичиб тугатишини кутишга қарор қилганга ўхшарди.
— «Юнайтед бэнк» учун нима яхши бўлса, Америка учун ҳам шу яхши, — деди у. — Унинг
учун нима ёмон бўлса...
— Мутлақо тўғри. Сизни, афтидан, яхшилаб хабардор қилишганга ўхшайди, — деди у.
— Ушбу маълумотларни олиш учун менинг идорам бутун тонг бўйи ишлади, — деди Палмер
ҳазиломуз, боягина Бернс айтган жумлани такрорлаб.
Бернс ўзини орқароқ ташлаб, диққат билан Палмерга қаради. Унинг ўзига хос юзи ҳозир ҳеч
нарсани ифодаламас, ҳатто оғзи ҳам қимирламасди. Кейин у мулойим жилмайди.
Банкир (роман). Лесли Уоллер
Do'stlaringiz bilan baham: |