www.ziyouz.com kutubxonasi
8
* * *
Аллоҳ Пайғамбаримизга ҳижрат қилишни буюрганда Маккани биринчилардан бўлиб тарк
этганлар орасида Ҳазрати Умар ҳам бор эди. Бироқ бошқаларга ўхшаб тунда, яширинча эмас,
балки қиличини белига тақиб, қўлига камонини олиб, аввал Каъбани тавоф қилди. Сўнгра
Масжидул ҳаромдагиларга қараб:
—
Эртага Маккадан Мадинага кетяпман. Хотинини тул, болаларини етим қолдиришни
истаганлар эрталаб Ақиқ водийига келсин, — деди. Бу гапни эшитиб ҳеч ким, сен ким
бўлибсанки, бу гапларни гапиряпсан, дея олмади.
Кейин Ҳазрати Умар Мадинага кетадиган икки ўртоғи билан кун чиққунча Ақиқ водийида
учрашишга келишиб олди. Ким қуёш чиққунга қадар етиб келолмаса, усиз йўлда давом этишга
қарор қилишди. Ҳишом ибн Ос белгиланган вақтга қадар етиб келолмади. Шунинг учун Айёш
ибн Робиъа билан иккаласи сафарга чиқишди. Бинобарин, кутгандан фойда йўқ эди. Зеро, ўзини
тутишидан шубҳаланиб қолган танишлари Ҳишомнинг занжирбанд этган эди. Икки дўст эса
йўлда давом этиб, Қубо қишлоғига етиб келишди ва Руфоа ибн Абдулмунзирникида тўхташди.
* * *
Кунларнинг бирида Ҳазрати Умар Исломнинг икки ашаддий душманини кўриб, оҳ тортиб
юборди. Улар Абу Жаҳл ва унинг иниси Ҳорис ибн Ҳишом эди. Оҳ тортишга мажбур қилгани
эса, уларга қарши бирон ҳаракатга рухсат берилмагани эди. Йўқса Ҳазрати Умардек зотга
уларни шу ернинг ўзидаёқ бир ёқлик қилиш иш эмасди. Улар Айёшнинг она тарафдан
қариндошлари эди.
—
Эй Айёш, яхши иш қилмадинг, — дейишди улар, — онанг кетганингни билиб қаттиқ
хафа бўлди. Сен қайтмагунча, қуёш тиғидан сояга ўтмасликка, сочига тароқ теккизмасликка
қасам ичди. Кел, шу аёлни азоблардан халос қилайлик.
Бу гаплардан Айёш хафа бўлди. Шунда Ҳазрати Умар:
—
Шуни яхши билки, Айёш, буларнинг мақсади сени динингдан қайтаришдир. Эс-
ҳушингни йиғиб ол. Волиданг битлар берадиган азобга чидай олгунича бошига тароқ урмай
турар, иссиққа чидолганча қуёш тиғида қолар, — деди.
Лекин бу билан Айёшнинг чеҳраси очилмади.
—
Майли, мен борай. Онам қасамини қайтиб олсин. Ундан ташқари у ерда қолган молимни
тартибга солишим ҳам керак. Бировларга берган пулларимни қайтариб олай, — деди.
Ҳазрати Умар бўш келмади:
—
Айёш, мен бадавлат инсонман. Молу давлатимнинг ярмини олақол. Гапга кирда, у ёққа
борма.
Бу таклиф ҳам Айёшнинг қарорини ўзгартиролмади:
—
Барибир боришим керак, бўлмаса, тинч ухлолмайман.
Айёшнинг жавобидан Абу Жаҳл ва Ҳориснинг кўзларида хурсандчилик учқуни алангалади.
Ҳазрати Умар эса Айёшни бир чеккага тортди-да: — Бошингга бало орттириб оляпсан.
Билиб туриб, ҳаётингни хавф остига қўйяпсан. Энди охирги маслаҳатимни эшит. Менинг
туямни ол. Жуда зотдор туя. Бирон хавф сезсанг, қочасан, — деди. Сўнг хайрлашди.
Йўлда эса, Айёшнинг қўл-оёғини боғлаб, Маккага йўл олдилар. Абу Жаҳл йўлда учраган
танишларига: «Сиз ҳам бебошларни худди шу кўйга солинг», деб, Айёшга ишора қиларди.
Маккага етиб келгач, Уни зиндонбанд қилишди. Шу тариқа Айёшнинг бир неча ой давом
этадиган қамоқдаги ҳаёти бошланди.
* * *
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.). Аҳмад Лутфий Қозончи
Do'stlaringiz bilan baham: |