www.ziyouz.com kutubxonasi
22
—
Аллоҳ сизни ғалаба қозонганингиз ва душманга қараб тик қараб курашганингиз учун
мартабангизни юқори қилди.
Қалбингизда қўрқув пайдо бўлган ва душман билан учрашишдан ҳайиққан пайтингизда
амирликка энг лойиқ инсон биринчи бўлиб даъватни қабул қилган инсондир.
Ироқдаги қўшин қўмондони Мусанно тайёр турганда бу вазифа нима сабабдан бу йигитга
топширилганини тушуниш қийин. Чунки Мусанно ҳақиқий қўмондон ва қаҳрамон эди. У шу
кунга қадар тажрибасиз қўмондон қўл остида жанг қилмаган эди. Лекин бир нарса аниқ эдики,
Мусанно янги Халифага ҳам, тажрибасиз қўмондонга ҳам қарши гап айтмади.
Ҳазрати Умар сафарга ҳозир турган қўшин ёнига келиб, Абу Убайдга шундай деди:
—
Саҳобалар гапига қулоқ тут! Улар билан кенгашиб иш қил! Қарор чиқаришда шошилма,
чунки бу ҳазил эмас, жангдир. Жангни вақтнинг қадрига етадиган, таҳликали вазиятлардан
чиқиб кета оладиган инсонгина бошқара олади. Инсонларни ўз динларидан чиқишга
мажбурлама. Исломни қабул қилганларни ўзлари турган жойда қолдир. Динида қолмоқчи
бўлганларни Арабистондан чиқариб юбор ва ўзлари истаган жойга ўрнашишларига рухсат бер.
Уларга шуни тушунтириб қўйки, биз уларни Расулуллоҳнинг: «Ҳижоз тупроғида икки хил дин
қолмаслиги керак», деган гапларига мувофиқ кўчириб юборамиз.
Кейин Ҳазрати Умар қўшинга рухсат берди. Абу Убайда юришга амр қилди.
* * *
Энди Ҳазрати Умарнинг Масжидун-набавияда раҳбар сифатида илк бор қилган маърузаси
билан танишайлик.
Ҳазрати Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарларида учинчи
зинагача чиққан, лекин иккинчи зинада туриб гапирар эди. Ҳазрати Умар эса, биринчи зинага
чиқди. Аввал Аллоҳга ҳамд этди, Расулуллоҳга саловот ва салом йўллаб, давом этди:
Эй инсонлар, мен дуо қиламан, сизлар «омин» денглар.
Кейин қўлларини кўтариб деди:
—
Аллоҳим, мен қаттиққўл одамман. Сенга бўйсунганларга нисбатан мени адолатли,
юмшоқ табиатли қил. Қаттиққўллигимни зулмгача олиб боришимга йўл берма, Сенинг
душманларингга, фитна ва фасод қилувчиларга, мунофиқларга йўналтир.
—
Аллоҳим, мен хасис инсонман. Мени яхшиларга нисбатан сахий қилиб қўй. Мўминларга
мулойим бўлишимни насиб эт.
—
Аллоҳим, мен ғафлатда қолган, унутувчи инсонман. Зикрингдан қолдирма. Ҳар замон
ўлимни эслаб юришимни насиб эт.
—
Аллоҳим, мен Сенга итоат қилишда заифман. Сенга бўйсунишда ғайратли, Сенинг
йўлингда қувватли, самимий ва ихлосли бўлишимни насиб эт.
—
Аллоҳим, Сендан иймонда собит, яхшилик қилувчи, ўзингдан ҳаё қилувчи, ҳисоб
қилишни доим ёдда тутувчи банда бўлишни сўрайман. Менга нафсимни тергаб турадиган куч
бер.
—
Аллоҳим, шубҳали нарсалардан узоқ бўлишга, замонамни ислоҳ қилишга менга мадад
бер. Каломингни тушунишга, унга амал қилишга ва одамларга тушунтиришга қодир эт. Ҳеч
шубҳа йўқки, Сен ҳар нарсага қодир Зотсан (Ибн Абду Раббиҳ, «Ал-иқдул фарид»).
Ҳазрати Умар ушбу дуони қилиб бўлиб, жамоатга ўгирилди:
—
Эй инсонлар, Аллоҳ мени сиз билан, сизни мен билан имтиҳон қилажак. Ўзимиз бор
жойда ишларингизни кўриб турамиз. Узоқда бўлсангиз, сизларни кучли ва ишонарли
кишиларга топширамиз. Яхшилик қилган инсонга биз кўпроқ яхшилик билан жавоб
қайтарамиз. Ёмонлик қилганни эса, ибрат бўлсин учун жазолаймиз. Аллоҳ сизни ҳам, бизни ҳам
афв айласин (Ибн Саъд, «Табақот»).
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.). Аҳмад Лутфий Қозончи
Do'stlaringiz bilan baham: |