65-расм. Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси. Пештоқ равоғи кенглигининг ярми бино тарзининг асосий модулини ташкил қилган.
Шарафуддин Али Яздийнинг "Зафарнома" асарига Камолиддин Беҳзод ишлаган миниатюраларнинг бирида қурилиш жараёни ифодаланган бўлиб, унда бош меъмор қурилаётган бинонинг моделини ушлаб тургани тасвирланган (66- расм).
66-расм. Шарафуддин Али Яздийнинг "Зафарнома" асарига ишланган миниатюра.
Сурат бинонинг ўша модел бўйича қурилаётганлигини ва, айни пайтда, меъморларнинг қурувчилар ишини назорат қилаётганлигини кўрсатади. Бу эса Темурийлар даврида (XIV-XV асрлар) қурилиш жараёнининг нафақат меъморий ҳандаса асослари, балки зарур ҳолларда бўлажак бино моделини ясаш орқали ҳам амалга оширилганлигидан далолат беради.
Марказий Осиё меъморчилигида равоқ-тоқли ва гумбазли қурилмалар архитектуравий шакллар уйғунлиги ва яхлитлигига катта таъсир кўрсатган. Бундай қурилмаларнинг шаклу-шамойили, эгиклиги ва қурилиш услублари ҳам турли-тумандир. К.С.Крюковнинг маълумотларига кўра, равоқларнинг шакли нисбати 5:8, 4:6, 3:5, 7:12 бўлган тўғри бурчакликлар ичига чизишдан ҳосил бўлади: икки марказли равоқлар - 5:8, 4:6, уч марказли равоқлар 3:5, 5:8, 7:12 нисбатлик тўғри бурчакликларга мос келади (67- расм).
б
в
г
а
67-расм. Равоқлар шаклининг тўғри бурчаклар ичига чизилиши (К.С.Крюков бўйича): а-икки марказли; б, в - уч марказли;
г - тўрт марказли.
Равоқ кўринишининг шаклидан ташқари бино тарзининг пропорциясига яна пештоқ устунларининг баландлиги ҳам таъсир қилади. Уларнинг муносабати (асосидан равоқ тоқининг энг баланд нуқтасигача) кўп ҳолларда 1:1, 4:5 нисбатлардаги тўғрибурчакларга мосдир. Гумбазлар шаклини чиқаришда ҳам равоқларни қуриш каби услублардан фойдаланилган. Гумбаз шакли равоқ кесимини симметрик ўқ бўйлаб айлантириш орқали шакллантирилган.
Юқорида ёритилган архитектуравий шаклларни қуриш қоидалари монуметал меъморчиликка хос бўлган қатор намунавий усулларга эгаки, улар меъморий ёдгорликларнинг йўқолган архитектуравий шаклларини қайта тиклаш ва таъмирлаш лойиҳаларини ишлаб чиқишда фойдаланиш имконини беради. Бироқ, шуни айтиш керакки, ёдгорликнинг модулли муносабатларини қайта тиклаш орқали унинг шаклларини таъмирлаш амалиётнинг барча ҳолатлари учун ҳам ягона восита бўла олмайди. Бу йўл таъмирлаш амалиётида тезроқ мақсадга эришиш ва ишончли ечимларни олишга яқиндан ёрдам беради холос.
Марказий Осиё ёдгорликларининг йўқолган шаклларини қайта тиклаш масаласига ҳандасавий такрорланувчи ва ўзига хос қуриш қоидаларига эга бўлган меъморий нақш-безаклар ҳам яқиндан ёрдам беради. Бунинг учун таъмирланаётган ва шакллари қайта тикланаётган тарихий обиданинг бошланғич модул тўри ва геометрик шаклий тизими аниқланса бас, бинонинг барча йўқолган қисмлари ушбу тикланган модул ва геометрик тизимга мос равишда ўз ўрнини ва шаклини эгаллайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |