Архитектурада мутаносиблик сирларини ўрганган М.Булатов, П.Зоҳидов, И.Шевелев, К.Крюковлар архитектуравий шакллар мутаносиблиги асосида қуйидаги геометрик шакллар ётишини аниқлаганлар;
тенг томонли учбурчак, квадрат ва миср учбурчаги. Квадратдан ҳосил бўлувчи ярим квадрат ёки иккиланган квадрат шакллар ҳам алоҳида ажратилиб кўрсатилган. Яримквадрат томонлари ва унинг диагоналидан ҳосил бўлувчи тўғри бурчакли учбурчакдан геометрик йўл билан
олтин нисбатни (1:0,618) топиш ва шундай нисбатдаги тўртбурчакни қуриш мумкин. Архитектурада паргор ёрдамида чизиладиган
яна бир геометрик шакл - айлана мавжудки, у ҳам кўплаб иншоотларнинг режавий ечимида қўлланилган (масалан, Бақтириядаги Дашли-3 Айлана эҳроми, Шумердаги Тепа-Гаврада қурилган Ҳосил эҳроми, Римдаги Пантеон ва бошқалар).
Маълумки, квадрат ва айлана қадимдан илохий шакллар ҳисобланган. Квадратдаги тўрт тараф рамзий маънода дунёнинг тўрт томонини ифода қилган. Тўрт сони эса қадимдан Шарқ халқларида кенг тарқалган "чор унсур" фалсафасига тааллуқли тупроқ, сув, ҳаво ва нур тушунчаларига алоқадордир. Қадим замонларда яшаган шарқ халқларида (жумладан, Фрот ва Дажла дарёлари оралиғидаги халқларда) дунё асосан тўрт томонни ташкил қилади деган тушунча бўлган. Одам эса ўртада турар экан. У тўрт тарафдан келадиган хавф-хатардан ўзи ва оиласини қўриқлаш мақсадида турадиган жойининг тўрт томонини девор билан ўрашни, устини ёпишни, уй эшигини эса қуёш чиқадиган тарафга ўрнатишни лозим кўрган. Катта оилалар ва жамоалар учун бир неча қатор хоналар тўрт томонли ёки ҳалқа шаклидаги ички ҳовли атрофида мужассамлашган. Шундай қилиб қадимдан бошлаб иморатлар қурилишида, кейинчалик эса шаҳарлар қурилишида ҳам квадрат ва айлана тарҳли режавий композициялар қўлланилиб келинган.
Агар биз Ўрта Осиёда қурилган тарихий биноларнинг меъморий-фазовий ва
режавий ечимларини кузатсак, уларда йиғноқ ва симметрик композицияларнинг кўпроқ қўлланилганига гувоҳ бўламиз. Бу,
биринчидан, бино қисмларининг ўзаро тенг вазнлилиги ва ҳамоҳанглигини таъминласа, иккинчидан бино қурилмаларининг кўлами ва ҳажм-фазовий тузулишининг мустаҳкамлигини оширган. Йиғноқ ва симметрик композициялар асосан тўғри бурчакли тўрт бурчак, квадрат ва ҳалқа тарҳли меъморий ҳажм-фазовий ечимлардир. Бундай композицияда қурилган бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги ҳам сезиларли даражада юқори бўлган.
Юқорида қайд этилган геометрик шакллар ва композицияларнинг ўта содда қурилишлари ва улар асосида ҳосил қилинадиган шакллар ўлчамларининг ўзаро мувофиқлиги архитектурада шакллар уйғунлигини (гармонияни) вужудга келтирувчи турли хил мутаносибликларни яратиш имкониятини берган.
Жумладан, биргина тўғри бурчакли миср учбурчагидан фойдаланиб қурилиш майдонида бурчакнинг тўғрилигини аниқлашни ва қатор геометрик мутаносибликларни (3:4, 3:5, 4:5, 4:6, 5:8, 3:8, 4:1, 7:8), яъни томонлари ўзаро пропорционал бўлган тўғри бурчакли тўрт бурчак шаклларни топиш имкониятлари яратилган (49-расмга қаранг). Квадрат ёрдамида эса - 5:7, 4:9, 8:9, 5:8, 8:13, 13:21, 8:1, 5:9, тенг томонли учбурчакдан - 4:7, 7:8 мутаносибликлари ҳосил қилинган (59-расм).
Do'stlaringiz bilan baham: