Ишнинг апробацияси. Диссертациянинг асосий мазмуни ва хулосалари диссертант томонидан илмий анжуманларда қилинган маърузаларда, илмий журнал ва тўпламларда эълон қилинган мақолаларда ўз аксини топган. Диссертация Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети “Ўзбекистон тарихи” ва “Ватан тарихи” кафедраларининг қўшма мажлисида муҳокама қилиниб, ҳимояга тавсия этилган. Шунингдек, тадқиқот Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги К.067.02.12 рақамли Ихтисослашган кенгаш қошидаги илмий семинар мажлисида муҳокама қилиниб, ҳимояга тавсия этилган.
Натижаларнинг эълон қилинганлиги. Диссертация натижалари бўйича жами 9 та иш эълон қилинган. Жумладан, диссертациянинг асосий мазмуни, хулосалари ва натижалари диссертант томонидан эълон қилинган 3 та илмий журнал, 3 та тўплам, 3 та конференция материалларида ўз аксини топган.
Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Тадқиқот кириш, уч боб, хулоса, адабиётлар рўйхати ва иловаларни ўз ичига олган. Диссертациянинг умумий ҳажми 170 бетдан иборат.
II. ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ
Тадқиқотнинг кириш қисмида танланган мавзунинг долзарблиги асосланиб, муаммонинг ўрганилганлик даражаси, тадқиқотнинг мақсади ва вазифалари, объекти, предмети ва усуллари, ҳимояга олиб чиқилаётган асосий ҳолатлар, ишнинг илмий янгилиги ҳамда тадқиқот натижаларнинг илмий ва амалий аҳамияти тавсифланган.
Диссертациянинг “Қадимги Хоразм воҳаси маданий-хўжалик марказларининг таркиб топиши ва ривожланиши” деб номланган биринчи бобида дастлаб Амударё қуйи ҳавзаларининг қадимги табиий-географик ҳолати ва антропоген ландшафтининг шаклланиши масалалари кўриб чиқилган.
Амударёнинг ҳар хил геологик даврлардаги сув режими ҳудуднинг тарихий-географик харитасини вужудга келтирган. Музлик давридан олдин Амударё Хоразм томонга қараб оқмаган1. Юқори тўртламчи (илк хвалин) даврига келиб, Амударё ўз йўналишини шимолга томон ўзгартиради. Мана шу даврдан бошлаб узоқ геологик жараёнлар натижасида худуднинг табиий географик хусусиятларига мос равишда Амударёнинг Оқчадарё ва Сариқамишбўйи дельталари (голоцен даврида), мил. авв. II–I минг йилликлар чегарасида Оролбўйи дельтаси таркиб топади2.
С.П. Толстов Хоразмнинг ибтидоий даврдан илк давлатчиликка қадар бўлган узоқ тарихий тараққиёт босқичларини Калтаминор, Сувёрган, Тозабоғёб ва Амиробод маданиятларига бўлган эди3. Оқчадарё ўзани бўйларидан Сувёрган, Тозабоғёб ва Амиробод маданиятларига оид 100 га яқин манзилгоҳлар топилган бўлиб, улар асосан мил. авв. II минг йилликнинг ўрталари ва I минг йилликнинг бошларига тегишлидир4.
Ибтидоий давр ёдгорликлари тадқиқотларидан шундай хулоса чиқариш мумкинки, Хоразм эрамиздан аввалги IV–III минг йилликлардаёқ Ўрта Шарқнинг қадимги цивилизациялар олами билан узоқ Шимолни бевосита боғловчи халқа ролини ўтай бошлаган. Сувёрган ва Тозабоғёб маданиятлари қадимги Хоразм ерларини ўзлаштириб бир-бирлари билан қизғин алоқада бўлган, шимол ва жанубдан таъсир қабул қилиб, янги тараққиёт босқичига кўтарилган қабилалар маданияти эди. Уларнинг уруғ жамоалари ярим ертўлали уй-жойларда истиқомат қилиб, мотига деҳқончилиги ва чорвачилик билан шуғулланиб, ибтидоий ишлаб чиқариш хўжалиги сари илк қадам ташлаганлар. Аммо, уларнинг моддий хўжалик тараққиёти даражаси Ўрта Осиёнинг жанубий минтақалари (Марғиёна, Бақтрия)даги қабилаларга нисбатан ҳали анча орқада эди.
Фанда Амиробод маданияти (мил. авв. IX–VIII асрлар) соҳибларининг хўжалик шакли муаммоли масала ҳисобланади. Баъзи тадқиқотчилар сувёрганликлар каби амирободликлар ҳам асосан чорвадорлар бўлган, деб ҳисобласа, бошқалари уларни Оқчадарё ҳавзасидаги зироатчи чорвадор қабилалар деб ҳисоблайди5. Қазишмалар жараёнида Якка-Парсон 2 дан 2 км жанубий-ғарбда жойлашган аҳоли манзилгоҳи ёнидан ўтган 15 м кенгликдаги дарё ўзанининг қирғоқлари тўғонлар билан мустаҳкамланганлиги аниқланган. Тўғонланган дарё ирмоғидан меридионал равишда ҳар 1,8 км масофада каналлар чиқарилган бўлиб, елпиғичсимон бу канал тармоқлари экин майдонларини сув билан таъминлаган1. Аммо, аҳоли турар жойларининг ярим ертўла шаклида эканлиги уларнинг машғулоти қоқ (қаир) деҳқончилиги ва чорвачилик йўналишида эканлигини кўрсатади. Шунингдек ушбу даврга оид катта ўлчамдаги пахса қурилишлар ҳали топилмаган.
Амиробод даврида Амударё дельтасида яшовчи аҳоли ҳали давлатчиликдан бехабар бўлиб, ирригация хусусияти ибтидоий уруғ-қабилачилик анъаналарини сақлаб қолган кўчманчи чорвадор аҳоли жамиятига хос эди, аммо бу жамият янги ижтимоий-иқтисодий тузум бўсағасида турарди.
Ўрта Осиёнинг жанубий минтақаларига қараганда Хоразм воҳаси аҳолиси узоқ вақт беқарор сув оқими шароитида ноқулай табиат инжиқликлари гирдобида қолиб келган. Амударёга хос бўлган сув тошқинларнинг доимо юз бериб туриши бу ерда хўжаликнинг нисбатан илғор шаклларига ўтишга тўсқинлик қилиб келган2. Бу эса сўнгги Амиробод маданиятига тегишли уй-жойларнинг тарихий топографияси неолит ва бронза даври хусусиятларини ҳамон сақланиб қолишига олиб келган. Мил. авв. 1 минг йилликнинг иккинчи чорагига келиб, Хоразм жамияти ижтимоий-иқтисодий ва этномаданий ривожланишида туб ўзгаришлар содир бўла бошлайди.
Қадимги ёзма манба маълумотлари ва мавжуд археологик ёдгорликларнинг қиёсий таҳлилига кўра, бу заминда давлатчилик илдизларининг пайдо бўлишига асос бўлган илк шаҳарсозлик маданияти айниқса ўлкага жанубдан қадимги деҳқончилик маданияти соҳиблари – хорасмийлар кўчиб келгач, таркиб топди ва ривожланди. Аксарият тадқиқотчилар қуйи Амударё ҳавзасига жанубдан маданий таъсир ёки этник миграция рўй берганлигини эътироф этсалар-да, унинг санасини турлича даврлаштирадилар3.
Бу жараён мил. авв. VII асрнинг охири – VI асрнинг бошларида содир бўлган. Энди Хоразмда Амиробод маданияти даврининг дарё этакларидаги ерларга дамбалар ёрдамида сув чиқариш асосида ташкил топган “қўлтиқ деҳқончилиги” эмас, балки архаик даврга хос кенг ва саёз канал ва ариқлар системаси асосида суғорма деҳқончилик маданияти шаклланди. Мил. авв. VI асрда Хильменд водийси хорасмийларининг Амударё қуйи ҳавзаларига кириб келиши муносабати билан қазилган Калтаминор, Тозабоғёб, Сувёрган, Амиробод, Чирмонёб, Полвонёб, Хазорасп, Ёрмиш, Савкан ва бошқа катта-кичик сунъий суғориш иншоотлари бўйлаб ўнлаб кичик воҳалар ташкил топди. Бу кичик воҳаларнинг ҳар бирида бир неча шаҳармонанд қишлоқларни ўз атрофига бирлаштирган кичик воҳанинг бош шаҳри, пойтахти пайдо бўлди. Буларнинг барчаси Амударёнинг қуйи ҳавзаларида қадимги Хоразм воҳаси таркиб топишидан ва унинг асосида дастлаб ташкил этилган шаҳар ва кичик воҳа давлатлари ривожининг ҳосиласи сифатида қадимги Хоразм давлатининг шаклланиш жараёни бошланганидан далолат берар эди.
Мил. авв. VI асрда Хоразмда аниқ географик-ҳудудий чегарага эга бўлган қатор маданий-хўжалик массивлари ва уларнинг таркибини ҳосил қилган митти деҳқончилик кичик воҳаларининг вужудга келиш жараёни бошланади. Бу суғориш-деҳқончилик марказлари ва кичик воҳаларнинг ҳудудий жойлашувини хронологик жиҳатдан қуйидагича ажратиш мумкин:
– мил. авв. VI асрда вужудга келган илк кичик воҳалар: Кўзалиқир1, Хазорасп2, Қанхақалъа 13, Бутентов4, Қўшқалъа5, Одойтепа6;
– мил. авв. V асрда чап соҳил Хоразмда вужудга келган кичик воҳалар: Қалъалиқир7, Тузқир8, Ойбуйир9, Хива10;
– мил. авв. V асрда ўнг соҳил Хоразмда вужудга келган кичик воҳалар: Дингилжа11, Бозорқалъа12.
Мил. авв. V аср охири – IV аср бошларида илгариги кичик-кичик воҳалар атрофида янги деҳқончилик воҳалари юзага келиб, уларни ягона магистрал суғориш иншооти орқали ўзаро боғлаган яхлит суғориш-деҳқончилик массивлари таркиб топди. Бу жараён ўнг соҳил Оқчадарё ҳавзасида айниқса кенг кўламли бўлди. Булар қуйидагилардир: Қирққиз-Бургутқалъа1, Тупроққалъа-Гавхўра2, Якка Парсон3, Тошхирмон4, Катқалъа5, Тупроққалъа6.
Мил. авв. I минг йилликнинг иккинчи ярмида Амударёнинг Довдон ҳамда Дарёлиқ ўзанларидан сув олган кўплаб суғориш каналларининг бунёд этилиши сабабли чап соҳил Хоразмда Дарғон7, Капарас8, Савкан9, Ёрмиш10, Воянган11, Замаҳшар-Мадра12, Ўрта Чирмонёб13, Гуюрқалъа14, Кўҳна Уаз15, Кўхна Урганч16, Манғирқалъа17, Девкесган18, Миздаҳкон19 каби қатор янги маданий-хўжалик массивлари юзага келди.
Диссертациянинг иккинчи боби “Қадимги Хоразмда илк шаҳарсозлик маданияти ва унинг археологик ёдгорликларда акс этиши” деб номланган бўлиб, унда дастлаб Қадимги Хоразмнинг архаик даври ёдгорликлари ва уларда илк шаҳар белгиларининг акс этиши ўнг ва сўл қирғоқ ёдгорликлари мисолида кўриб чиқилади.
Хоразм архаик даврининг бошланғич санасини С.П. Толстов мил. авв. VII асрлар билан белгилаган20. Аксарият тадқиқотчилар бу даврни мил. авв. VI–IV аср бошлари билан чегаралайдилар.
Мавжуд тасаввурларга кўра, қадимги Хоразмда архаик даври маданияти хўжаликда темир меҳнат қуролларидан фойдаланила бошланиши муносабати билан йирик сунъий суғориш иншоотларининг бунёд этилиши, дельта атрофларидаги кенг майдонларнинг ўзлаштирилиши ва қурилишда пахса, бир хил ҳажмдаги тўғри тўртбурчакли хом ғиштдан фойдаланила бошланиши, кулолчилик чархи ва кулолчилик хумдонларининг пайдо бўлиши натижасида сопол ишлаб чиқаришда туб ўзгаришлар даври бўлганлиги билан характерланади1, дейилган. Аслида ундай эмас. Чунки, қадимги Хоразмда архаик даври хўжаликда темир меҳнат қуролларидан фойдаланила бошланиши муносабати билан кенг ва саёз суғориш иншоотларининг бунёд этилиши дельта атрофларидаги ерларнинг “қўлтиқ” деҳқончилиги асосида ўзлаштирилиши билан характерланади.
XX асрнинг 60-йиллари охиригача бўлган изланишлар давомида ўнг соҳил Хоразмда 125 та, сўл соҳилда эса 45 та қишлоқ манзилгоҳлари қайд қилинган бўлса2, 70-йиллар охирига келиб, ўнг соҳилда 250 та, сўл соҳилда 60 га яқин қишлоқ манзилгоҳлари аниқланган3. 90-йиллар охирида топилган бундай манзилгоҳлар сони ўнг соҳил Хоразмда 400 га етган4.
Амударёнинг ўнг ва чап соҳилида кўплаб қишлоқ манзилгоҳларининг қайд қилиниши, ушбу даврга келиб ҳудуд аҳолисининг сони ва зичлиги кўпайганлигини кўрсатади. Бу эса ўз навбатида қуйи Амударё ҳавзасида илк урбанистик жараёнларнинг бошланишига замин бўлди.
Қадимги Хоразмнинг яхши ўрганилган энг қадимги шаҳар ёдгорлиги Кўзалиқир ҳисобланади. С.П. Толстов шаҳарнинг қуйи маданий қатламларини мил. авв. VII–VI асрлар билан5, В.М. Массон мил. авв. V–IV аср бошлари билан белгилаган эди6. Сўнгги тадқиқотларда шаҳарда ҳаёт бутун мил. авв. VI аср ва V асрнинг биринчи ярмида мавжуд бўлган, деган хулоса устуворлик қилмоқда7.
Кўзалиқир шаҳри илгари тахмин қилинганидек, “Катта Хоразм” давлатининг пойтахти эмас, балки мил. авв. VI асрда Чирмонёб суғориш-деҳқончилик марказини ҳосил қилган кичик воҳанинг бош шаҳри сифатида ушбу ҳудудларнинг сиёсий-маъмурий ва диний маркази вазифасини ўтаган.
Фанда Хоразм цивилизацияси ва шаҳарсозлик маданияти айнан Кўзалиқирдан бошланган, деган хулоса устувор эди. Кейинги тадқиқотлар воҳанинг бошланғич қисмида жойлашган Хазорасп шаҳри ҳам Кўзалиқирга замондош ёдгорлик деб ҳисоблашга асос бермоқда. Хазорасп яқинида мил. авв. VI асрга оид сопол ишлаб чиқариш маркази Хумбузтепанинг8 мавжудлиги шаҳарнинг қадимийлигини кўрсатади.
Қалъалиқир 1 нафақат Хоразм архаик даврининг, балки бутун қадимги Хоразмнинг ҳудудий жиҳатдан энг катта (70 га) ёдгорлигидир. Мудофаа деворларининг пастки қисми ва сарой бинолари радиоуглеводород санаси бўйича мил. авв. V-IV асрлар чегарасида қурилган. Аммо, айни пайтда сарой қурилиши тўхтаб қолади1. Диссертация таҳлилига кўра, бу Хоразмнинг Аҳамонийлар ҳукми остидан чиқиши билан боғлиқдир. Қалъалиқир 1 Аҳамонийларнинг Хоразмдаги ноиби учун қароргоҳ вазифасини ўташи керак эди.
Ўнг соҳил Хоразмда архаик даврнинг энг мукаммал ўрганилган ёдгорлиги Бозорқалъа2 шаҳри ва Дингилжа қўрғони ҳисобланади. Дингилжа воҳасининг 53 жойида архаик даврга оид уйлар ва қўрғон харобалари қайд қилинган3. Бу ҳол мазкур ҳудуд аҳоли томонидан зич ўзлаштирилганлигини кўрсатади.
Мил. авв. V аср охири -IV аср бошларига келиб Хоразм Аҳамонийлардан мустақил давлат мақомини олиши муносабати билан Қуйи Амударёнинг ҳар иккала соҳили бўйлаб урбанистик жараёнлар авж олади. Хива, Хазорасп, Катта Ойбуйирқалъа, Бозорқалъа ва Ақчахонқалъа каби йирик шаҳарлар пайдо бўлди4. Мазкур ёдгорликлар аксариятининг қуйи маданий қатламлари ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Бу эса қадимги Хоразмда шаҳарсозликнинг пайдо бўлиш санасини янада қадимийлаштириш мумкинлигини кўрсатади.
Хоразмнинг моддий ва маънавий маданияти, хўжалик ва иқтисодий қудратининг юксалиши антик даврга тўғри келади. Мил. авв. IV асрдан Хоразм шаҳарсозлик маданиятида туб бурилиш кузатилади. Хоразм давлатининг иқтисодий ва ҳарбий қудрати ошиб борган сари янги бунёд этилган шаҳарларнинг чегараси чап соҳилда шимолда Устюртгача, ғарбда Сариқамиш кўли бўйларигача, жанубда Унгузорти Қорақуми сарҳадларигача кенгаяди. Ўнг соҳилда эса жанубий Оқчадарё дельтасидан шимолга томон Султон Увайс тоғларигача ва ундан шарқ томонда Қизилқум саҳроларигача бўлган қадимги суғорма деҳқончилик воҳалари бўйлаб қатор давлат аҳамиятига молик шаҳар-қалъалар қад қўтаради. Мил. авв. V–IV асрлар чегараси ва IV–III асрлар давомида Хоразмда майдони 10 га дан катта бўлган ўнлаб йирик шаҳарлар вужудга келади5. Булар Капарас, Хазорасп, Қалажиқ, Янгиариқ Тупроққалъаси, Олмаотишкан, Хива Тупроққалъаси, Ичанқалъа; шимолий-ғарбий сарҳадларида Говурқалъа 1, Кўнарлиқалъа, Оқчагелин, Қанхақалъа, Шохсанам, Бутентов, Девкескан, Катта Ойбуйирқалъа; Оролбўйи дельтасида Миздаҳкон Говурқалъаси, Шўрча, Тўққалъа, Қронтов, Қўрғонқалъа; шимолий чегарада Султон Увайс Говурқалъаси, Бурлиқалъа ва Аёзқалъа 1; шарқда эса Кичик Қирққиз, Қўрғошинқалъа, Жонбосқалъа ва Эрасқалъалар бўлиб, улар мамлакат мудофаа иншоотларининг ягона тизимини ҳосил қилганлар. Айни пайтда мазкур шаҳар-қалъалар ўзи жойлашган деҳқончилик воҳасининг маъмурий-ҳарбий ва иқтисодий-маданий маркази вазифасини ўтаган.
Диссертациянинг учинчи боби “Хоразм воҳасида мустақил қадимги Хоразм давлатининг ташкил топиши ва унинг ривожланиш босқичлари” деб номланган. Мазкур бобда Хоразм давлатчилиги тарихида “Катта Хоразм” муаммоси, “Хоразм” сўзининг этимологияси ва унинг Амударё қуйи ҳавзасида пайдо бўлиши тарихий илдизлари, Қадимги Хоразм давлатининг мил. авв. V асрдан милодий IV асргача бўлган даврдаги сиёсий тарихи, ижтимоий-этномаданий ҳаёти ҳамда зардуштийлик динининг Хоразмда давлат дини мақомини олиши масалаларига асосий эътибор қаратилади.
Авесто (Меҳр Яшт-10. IV.14, Вандидот. I. 2-4)1 ва Геродот асарида2 келтирилган қисқа маълумотлар XX аср бошларида фанда “Катта Хоразм” гипотезасини вужудга келтирган эди. Бу гипотезанинг асосчиси И.Маркварт бўлиб, у Авестода пайғамбар Зардушт ватани сифатида таърифланган “Арьянам Вайжо” бу Хоразм деган хулосага келиб, Аҳамонийларга қадар шимолий-шарқий эрон қабилаларининг хорасмийлар етакчилигидаги катта давлат бирлашмаси “Катта Хоразм”дир деган фаразни илгари сурган эди3.
И. Маркварт ғоясини бироз шубҳа билан бўлса-да, В.В. Бартольд ҳам уни қабул қилади4. 1938 йилда инглиз олими В. Тарн ҳам Аҳамонийларга қадар қудратли Хоразм давлати мавжуд бўлган, деган хулосага келади5. Мазкур ғоя ўтган асрнинг 50-йилларда С.П. Толстов6, В.Б. Хеннинг7, Ф. Альтхайм8 ва И. Гершевич9 томонидан ривожлантирилади.
И. Маркварт ғояларининг археологик жиҳатдан тасдиқланмаётганини кўрган В.Б. Хеннинг ва И. Гершевич “Арьянам Вайжо”ни кенг ҳудудда кўриб Авестонинг ватани Хоразм эмас, балки Тажан ва Мурғоб деган хулосага келадилар10. В.В. Струве ва М.М. Дьяконовлар ҳам ушбу фикрга қўшилганлар11.
Ўтган асрнинг 70-йилларга келиб, “Катта Хоразм” мавзуси тарихчилар орасида қизғин мунозарага айланди ва у И.М. Дьяконов, Р. Фрай, И.В. Пьянков, М.Г. Воробьева, Б.И. Вайнбергнинг тадқиқотларида ўз аксини топди12.
С.П. Толстов Амударёнинг қуйи ҳавзалари “Катта Хоразм” таркибига кирганлиги ҳақидаги концепцияни кўтариб чиқди1. С.П. Толстов дастлаб қадимги Хоразмда ирригация кўзга ташланадиган даражада ривожланмаган, Амиробод маконлари ҳар доимгидек, каналларга боғланмай дамбалар орқали олиб борилган сувлар ҳосил қилган қаир деҳқончилиги эди”2, деб тўғри ёзган. Бироқ, кейинроқ Амиробод маданиятига хос (мил. авв. X–VIII асрлар) қаир деҳқончилигини бронза даврининг Тозабоғёб маданияти билан боғлаб, Амиробод даврининг суғориш тизими мураккаброқ бўлган, ўлчамлари жиҳатидан деярли антик давр каналларини эслатади, дейди. Бунинг исботи сифатида у Бозор 8 манзилгоҳи районида дарё ўзанидан тортилган, узунлиги 1 км гача бўлган қатор канал излари борлиги, улардан экин майдонларига ариқлар тортилганлиги, биргина Бозор 8 манзилгоҳи районида ана шундай каналлар ёрдамида 200 га яқин ер суғорилганлиги ҳақида ёзади. Амиробод маданиятининг охирларида (мил. авв. VIII асрнинг охири – VII аср бошлари) суғориш тизими янада ривожланган шаклга кирди, каналларнинг узунлиги бир неча км га чўзилди3. Бу каналларнинг қурилишида қул меҳнатидан фойдаланилган4, деган хулосаларга келган.
В.М. Массон С.П. Толстовнинг Хоразмда мил. авв. VIII–VII асрларда дастлаб қабилаларнинг ҳарбий конфедерацияси пайдо бўлди, сўнг бу конфедерация давлат уюшмасига ўсиб чиқди5, деган фикрига қарши, Хоразмда бу даврда ҳали ибтидоий қаир деҳқончилиги ва яйлов чорвачилигига асосланган қабилалар хўжалиги давом этарди, мавжуд археологик материаллар таҳлили Хоразмда Аҳамонийларга қадар марказлашган давлатнинг таркиб топганлигини тасдиқламайди6, дейди.
С.П. Толстов шогирдларидан бири М.Г. Воробьева “Катта Хоразм”нинг жанубий чегараси Амударёнинг ўрта ҳавзалари (Қўшқалъа-Одайтепа атрофлари)дан ўтган7, унинг шимолий чегараси эса Амударёнинг қуйи ҳавзаларини қамраб олган дейди ва қадимги Хоразм давлати “Катта Хоразм” давлат конфедерациясининг таркибига кирганлигини асослайди. Б.И. Вайнберг ва С.Р. Баратов ҳам шунга яқин хулосага келган8. Аммо, А. Асқаров қадимги Хоразмга бағишланган мақолаларида “Катта Хоразм” давлат конфедерациясининг шимолий чегараси Амударёнинг ўрта оқимларигача бўлган ҳудудларни ўз ичига олган, деган хулосага келади9.
Америкалик шарқшунос олим Р. Фрай “Катта Хоразм” давлатининг ҳудуди Марв-Ҳирот атрофларини қамраб олган деб ҳисоблаб, Кир II томонидан бу давлатга барҳам берилгач, унинг аҳолиси Окснинг шимолий томонига кўчиб келганлигини ёзади1. И.Н. Хлопин ва И.В. Пьянковлар эса Хоразмда аҳамонийларгача давлатчиликнинг мавжудлигини инкор этадилар2.
В.Н. Ягодин хорасмийлар номини олган қабилалар мил. авв. VI аср охирида нафақат бугунги Хоразм воҳасида, балки Амударёнинг ўрта оқими бўйлаб ҳам кенг ёйилиб яшаганлар, деган хулосага келади3.
Академик А. Асқаров Хоразм давлатчилиги масаласида С.П. Толстов ва унинг издошлари томонидан билдирилган мулоҳазаларни Хоразм материаллари мисолида қайта таҳлил қилиб, бу фикрларда мантиқий боғланиш етишмайди, деб ҳисоблаб, магистрал каналларнинг қурилиши Амиробод маданияти давридан кейин, архаик ва антик даврда юз берган4 деган фикрни илгари суради.
Тадқиқотчиларнинг юқорида келтирилган мулоҳазалари ва мавжуд тарихий воқеликдан келиб чиққан ҳолда, ҳақиқатдан ҳам Хоразм тупроғидан мил. авв. VIII–VII асрларга оид пахса ёки хом ғиштдан қурилган уй-жойлар ёки бошқа турдаги монументал иншоотлар бугунгача археологик қазишмалар жараёнида топилмаган. Амиробод даврининг сўнгги босқичларида ҳам турар жойлар ярим ертўлалардан иборат бўлган. Сопол идишлар қўлда ясалган ва кулолчилик чархи бу давр маҳаллий ҳунармандчилигида маълум бўлмаган. Хоразм моддий маданияти ва бинокорлигида янги ўзгаришлар мил. авв. VI аср билан боғлиқ. Айнан шу даврда Хоразмда ғишт ва пахсадан қурилган уй-жойлар (Дингилжа) ва маҳобатли қурилишлар (Кўзалиқир, Қалъалиқир 1, Хазорасп) ҳамда ҳунармандчилик ишлаб чиқариши марказлари (Ҳумбузтепа) пайдо бўлади. Хоразм моддий ва хўжалик ҳаётидаги мазкур ўзгаришлар қуйи Амударё ҳавзасига нисбатан илғорроқ тараққиёт босқичида турган жанубий ҳудуд аҳолисининг миграцияси билан боғлиқ.
Қадимги юнон манбалари хорасмийлар Парфиядан шарқда, Марғиёнадан жанубда, Тажан (Герируд) ва Хильменд дарёлари ҳавзаларида яшаганликлари ҳақида маълумот беради. Мил. авв. III–I минг йилликлардан бошлаб мазкур ҳудудлардан Бақтрияни Месопотамия ва Олд Осиё мамлакатлари билан боғловчи халқаро савдо йўллари ўтган бўлиб, бу ерлар сунъий суғоришга асосланган деҳқончилик маданияти ва ҳунармандчилик ишлаб чиқариш тараққий топган марказлардан бири эди. Подшо Киаксар даврида (мил. авв. 625-585 й.й.) Парфия, Ария, Дрангиана, Арахосия, Саттагидия ҳудудлари Мидия давлатига тобе этилади5. Демак, Мидия давлатининг шарқий Эрон ҳудудларига қилган юришлари туфайли юзага келган ҳарбий-сиёсий вазият хорасмийларнинг шимолга қуйи Амударё ҳавзаларига кўчишига сабаб бўлган. Мазкур жараён мил. авв. VI асрда рўй берган, деб ҳисоблаш мумкин.
Хоразмда кулолчилик чархининг пайдо бўлиши, пахса ва лойдан уй-жойлар қуриш анъанаси ҳамда катта ҳажмдаги хом ғиштдан фойдаланила бошланиши ҳудудга ўзга юрт аҳолисининг кириб келиши билан боғлиқ1. Хоразм цилиндирсимон сопол идишлари ўзига хос услубга эга эканлигига қарамасдан, уларнинг жанубий Туркманистон ва қадимги Бақтрия топилмалари билан алоқадорлиги шубҳасиз.
“Хоразм” сўзининг келиб чиқиши ва қадимги Хоразм подшолари сулоласи (сиёвушийлар) ҳақида ўрта аср ёзма манбаларида ҳам (Беруний, Мақдисий) қуйи Амударёга жанубдан қувғин қилинган халқ ва улар томонидан асос солинган давлат ҳақида маълумотлар берилади. Бугунги Хоразмда шу мазмунда кўплаб афсона ва ривоятлар юради. Уларни илмий жиҳатдан тадқиқ этган Г.П. Снесарев ва Л.С. Толстова бу ривоятларда маълум даражада реал тарихий маълумотлар сақланганлигини эътироф этадилар2.
“Катта Хоразм” ҳақидаги фаразларга келганда шуни таъкидлаш лозимки, ушбу ғоя Хоразмда археологик изланишлар бошланмасидан олдин пайдо бўлган эди. Сўнгги йиллардаги бутун Ўрта Осиё ва қўшни ҳудудлар археологияси ҳамда тарихшунослигида қўлга киритилган маълумотлар бу ғояни тобора тасдиқламай қўймоқда. Минтақавий хусусиятлардан келиб чиқиб қадимги Бақтрия, Суғд, жанубий Туркманистон, шимолий-шарқий Эрон ва шимолий Афғонистон ҳудудларида ўзига хос моддий маданият, шаҳарсозлик маданияти ва давлатчилик таркиб топган. “Катта Хоразм” фаразини Амударёгача бўлган ҳудудларга нисбатан ишлатиш мумкин. Ушбу давлат конфедерациясига Амударёнинг қуйи ҳавзалари кирмаган.
Хоразмда давлатчилик маҳаллий табиий-иқлим шароитлари ва бронза давридан ривожланиб келаётган маҳаллий анъаналар асосида Ўрта Осиёнинг жанубий ҳудудлари билан бўлган иқтисодий ва маданий ҳамда этник алоқалар асосида мил. авв. VI асрда таркиб топган. Мил. авв. VI асрнинг охирида қуйи Амударё ҳавзаларини ўз ичига олган қадимги Хоразм давлати Аҳамонийлар салтанати таркибига киритилади3. Лекин Хоразм Аҳамонийлардан биринчи бўлиб мил. авв. V–IV асрлар чегарасида ўз мустақиллигига эришади ва деярли араблар истилосига қадар Ўрта Осиёнинг мустақил давлатларидан бири сифатида мавжуд бўлади.
Фанда “Хоразм” макротопонимининг келиб чиқиши ҳақида тадқиқотчилар томонидан бир қанча фикрлар билдирилган. Уларнинг барчаси “Хоразм” сўзидаги – zmi, – zam компоненти ҳинд-европа тилларига мансуб – zem – ер, ўлка, мамлакат маъносини беради деган хулосага келганлар. Сўзнинг биринчи қисмига келганда олимлар талқинидаги якдиллик йўқолади ва у турлича: “Озуқага бой мамлакат”, “Унумдор ер” (Е. Бюрнуф, Э. Захау, У. Гейгер, У. Томашек), “Гўзал мамлакат” (Ф. Юсти), “Унумсиз, ёмон ер” (Ф. Шпигель), “Пастлик ер” (П.И. Лерх, Н.И. Веселовский, Х. Клиперт), “Қуёшли ёки Шарқий ўлка” (С.П. Толстов, П.С. Савелев, Ф.Сулаймонова), “Шарқий замин”, “Кунчиқар мамлакат” (И. Мўминов) тарзида изоҳланади1.
Иккинчи гуруҳ олимлар “Хоразм” атамаси уч лексема асосида (Uvarazmi, u – “яхши” + vara – “қалъа”, “қўрғон” + zmi –“ер”) юзага келган деб ҳисоблаб, мазкур тарихий атаманинг маъносини “Яхши қўрали ер”, “Ажойиб қалъали ўлка” ёки “Мустаҳкам қўрғонли диёр” деб таржима қиладилар2.
Сўнгги тадқиқотларда “Хоразм” сўзининг ўзаги қадимги туркий асосларга эга бўлиши мумкин деган фикрлар илгари сурилмоқда (“хуар” (суар): “су” (“ху”) – сув, “ар” – эр, одам, “м” – биринчи шахс қўшимчаси) ва у “Сув (дарё) одамлари” ёки “Сув эгалари” тарзида таржима қилиняпти3.
А. Бартоломе “Хоразм” топоними халқ номидан келиб чиққан деб ҳисоблаган. С.П. Толстов ушбу фикрни ривожлантириб кўпчилик қадимги мамлакатларнинг номлари этник номлар билан боғлиқ эканлигини тўғри таъкидлагани ҳолда “Хоразм” атамасининг этимологиясини қадимги Митанни давлати қабиласи номи хурритлар билан боғлаган4.
Келтирилган фикрлардан шуни хулоса қилиш мумкинки, “Хоразм” атамаси тарихий манбаларда эслатиладиган халқ номи бўлиб, бу этник атама мил. авв. VI асрда Амударёнинг қуйи ҳавзасида яшовчи ўтроқ аҳолининг умумэтногеографик номига айланади.
Аҳамонийларгача мавжуд бўлган Хоразм давлатининг пойтахти масаласи фанда ўзининг аниқ ечимини топмаган. Хоразмдаги энг қадимги шаҳарлар Кўзалиқир ва Қалъалиқир 1 географик жиҳатдан воҳа сарҳадларидан четда, қирлар устига қурилган. Пойтахт шаҳар ташқи душманлардан хавфсиз бўлган давлатнинг ичкарисидан излаш мантиқан тўғри ҳисобланади.
Аҳамонийлардан мустақил қадимги Хоразм давлатининг пойтахтини аниқлаш борасидаги изланишлар ўтган асрнинг 80-йилларида ўз самарасини бера бошлади. Ақчахонқалъа қадимги Хоразм давлатининг пойтахти бўлиши мумкинлиги ҳақидаги илк фикрлар айтилди. Ақчахонқалъанинг истиқболли ёдгорлик эканлиги аниқ бўлгач, 1995 йилдан бу ерда Қорақалпоғистон ФА ва Сидней университети олимлари ҳамкорлигида археологик қазишлар бошлаб юборилди5.
Шаҳар ички ва ташқи қалъадан иборат тўғри тўртбурчак шаклга эга. Уларнинг ҳар бири алоҳида мудофаа деворлари билан ўраб олинган. Ёдгорликнинг шимолий бурчагида 13 га майдонни эгаллаган ички қалъа жойлашган. У шаҳар умумий майдонининг ¼ қисмини ташкил қилади. Ички қалъа буржли икки қатор мудофаа деворлари билан ўралган. Юқори шаҳарнинг тўртта дарвозаси бўлиб, улар ҳар бир деворнинг ўртасида жойлашган. Пешдарвозалар адаштирма йўл ва қўшимча девор билан мустатҳкамланган1. Юқори шаҳарни қазиш вақтида унинг марказидан бош оташкада қолдиқлари, шимолий-ғарбидан эса шоҳ саройи, ибодатхона мажмуаси ва унинг “100 устунли зали” очиб ўрганилди. Сарой қўшдеворли бўлиб, унинг оралиғидаги йўлак деворлари рангли расмлар, шоҳ ва унинг яқинлари суратлари билан безатилган.
Абу Райҳон Берунийнинг ёзишича, Хоразмнинг қадимий пойтахти номаълум сабабларга кўра бузилиб кетгандан сўнг унинг ёнида Кат номи билан янги шаҳар қурилган. Ушбу минтақанинг тарихий топографиясига кўра, Катга энг яқин қадимги шаҳарлардан бири Ақчахонқалъа бўлиб, у Катдан 18 км масофада жойлашган. Катнинг бунёд бўлиши милодий эранинг IV аср бошларига тўғри келади. Ақчахонқалъадан топилган археологик материалларнинг ҳам энг охирги намуналари милодий IV асрларга оид2.
Ақчахонқалъада сарой маросимлари ва диний эътиқодлар билан боғлиқ деворий расмларнинг қайд қилиниши, улар орасида шоҳона кийимда бошига тож кийган хукмдор суратининг мавжудлиги, шоҳ бошига илоҳий қуш (Ҳумо) қўниб турганлиги Ақчахонқалъани ҳақиқатдан ҳам қадимги Хоразм давлатининг пойтахт шаҳри эканлигининг рамзий белгиси, дея баҳолаш мумкин.
Хоразмда олиб борилган кўп йиллик археологик тадқиқотлар жараёнида топилган улкан асори-атиқалар мажмуаси Хоразмда зардуштийлик давлат дини мақомини олганлигини намоён этмоқда.
Авестода зардуштийликнинг илк ватани сифатида “Арьянам Вайжо” тилга олинган3. Вандидодда Ахурамазда яратган 16 та мамлакат орасида биринчи бўлиб Даития дарёси бўйидаги “Арьянам Вайжо” қайд қилинади4. Немис шарқшуноси В.Б. Хеннинг ўрта асрга оид Хоразм тилидаги ёзма ёдгорликлар билан Авесто тили ўртасида катта ўхшашлик борлигини қайд қилган5. Бу фикр кейинчалик В.А. Лившиц, Х. Хумбах ва Мак Kензилар томонидан ривожлантирилди6. Машҳур шарқшунос олимлардан В.В. Струве, И.М. Дьяконов, В.Г. Луконин, М. Бойс ҳам Авестонинг энг қўҳна қисмлари Хоразмда яратилган деган хулосага келганлар.
С.П. Толстов оташпарастлик излари Хоразмнинг энеолит давридан мавжудлигини, хатто мил. авв. III–II минг йилликларга оид Жонбос 4 маконида ҳам олов эътиқоди билан боғлиқ белгилар борлигини қайд қилади. Ушбу минтақада топилган буюмлар орасида сопол ҳайкалчалар, айниқса, сеҳрли ибодат қиёфасидаги Анахита ҳайкали диққатга сазовор. Мазкур образлар зардуштийларнинг кейинчалик топилган дафн қутилари – остадонлар деворлари ва қопқоқларида тасвирланган одамларга ўхшаб кетади. Шу асосда С.П. Толстов Хоразмда қадимий культ билан зардуштийлик генетик жиҳатдан боғлиқлигини асослаган ва Авестонинг ватани Хоразм, деган хулосага келган.
Зардуштийлик пайдо бўлган дастлабки пайтларда мурдани кўмиш маросими кейинги даврдагидан фарқ қилган. Яъни, мил. авв. VIII асрдан V асргача ўлган одамлар жасади қушлар томонидан этлардан тозаланиши учун очиқ махсус дахмаларга олиб бориб қўйилган. Шуниси эътиборлики, Хоразм ҳудудидан мил. авв. I минг йилликнинг биринчи ярмига оид қабристонлар топилмаган. Остадонларга кўмиш удуми мил. авв. IV асрдан кейин пайдо бўлган1.
Сўнгги йиллардаги тадқиқотларга кўра, Хазорасп шаҳри Хоразм минтақасида илк оташкада ўрнатилган манзил сифатида қаралмоқда2. Авестошунос олим М. Исҳоқов Хазорасп сўзининг этимологиясида зардуштийликнинг муқаддас олови – “Адура-спан”ни кўради (Атураспант > Athracpэnt > Азараспэе > Азарасп > Хазарасп).
Кўзалиқир, Гуюр 3, Ойбуйирқалъа, Қалъалиқир 2, Тошхирмонтепа, Ақчахонқалъа, Қўйқирилганқалъа, Жонбосқалъа, Элликқалъа Тупроққалъаси, Шовот Тупроққалъаси, Чилпиқ, Тўққалъа, Элхарос, Жигарбанд, Тошқалъа 2 ёдгорликларида диний мазмундаги қурилишларнинг очиб ўрганилиши қадимги Хоразмда зардуштийлик дини давлат дини мақомини олганлигини яққол тасдиқлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |