5.3.Билим иқтисодиётида интеллектуал салохият йўналишидаги ислоҳотлар
Ўзбекистонда таълимга жамиятни ислоҳ этиш ва янгилаш сиёсатини амалга оширишнинг ҳал қилувчи бўғини сифатида алоҳида эътибор қаратилади. Таълим мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, мамлакатни жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашнинг мажбурий шарти деб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасига мувофиқ:
“Ҳар ким таълим олиш хуқуқига эгалар. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”13.
“Таълим тўғрисидаги” Қонунда14 таълим Ўзбекистон Республикаси ижтимоий тараққиёти соҳасида устувор деб эълон қилинган.
Таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари қуйидагилардани иборатдир:
● таълим ва тарбиянинг инсонпарвар, демократик характерда эканлиги;
● таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги;
● умумий ўрта, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг мажбурийлиги;
● ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналишини академик лицейда ёки касб-ҳунар коллежида ўқишни танлашнинг ихтиёрийлиги;
● таълим тизимининг дунёвий характерда эканлиги;
● давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги;
● таълим дастурларини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндашув;
● билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш;
● таълим тизимида давлат ва жамоат бошқарувини уйғунлаштириш.
Ўзбекистонда таълим соҳасини чуқур ислоҳ қилиш 1997 йилда қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури15 билан боғлиқдир. Ушбу ҳужжатда қуйидагилар қайд қилинади:
“Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилишини, жамиятнинг маънавий янгиланишини, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришни, жаҳон ҳамжамиятига қўшилишни таъминлайдиган демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти қурмоқда.
Инсон, унинг ҳар томонлама уйғун камол топиши ва фаровонлиги, шахс манфаатларини рўёбга чиқаришнинг шароитларини ва таъсирчан механизмларини яратиш, эскирган тафаккур ва ижтимоий хулқ-атворнинг андозаларини ўзгартириш республикада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади ва ҳаракатлантирувчи кучидир. Халқнинг бой интеллектуал мероси ва умумбашарий қадриятлар асосида, замонавий маданият, иқтисодиёт, фан, техника ва технологияларнинг ютуқлари асосида кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизимини шакллантириш Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шартидир”.
Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида мамлакатда таълим соҳасини ислоҳ қилиш зарурати қуйидагилар билан изоҳланади:
● республиканинг демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлидан изчил илгарилаб бораётганлиги;
● мамлакат иқтисодиётида туб ўзгартиришларнинг амалга оширилиши, республика иқтисодиёти асосан хомашё йўналишидан рақобатбардош пировард маҳсулот ишлаб чиқариш йўлига изчил ўтаётганлиги, мамлакат экспорт салоҳиятининг кенгаяётганлиги;
● давлат ижтимоий сиёсатида шахс манфаати ва таълим устуворлиги қарор топганлиги;
● миллий ўзликни англашнинг ўсиб бориши, ватанпарварлик, ўз ватани учун ифтихор туйғусининг шаклланаётганлиги, бой миллий маданий-тарихий анъаналарга ва халқимизнинг интеллектуал меросига ҳурмат;
● Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграцияси, республиканинг жаҳондаги мавқеи ва обрў-эътиборининг мустаҳкамланиб бораётганлиги.
Билим иқтисодиётида интеллектуал салохиятнинг тахлилида Олий таълим тизими алоҳида касб этади.
“Олий таълим” атамаси заминида иқтисод, фан, техника ва маданият соҳасида фаолият олиб борувчи, иш мобайнида илм-фан, маданият, техника янгиликларини қўллаган ва ўз устида ишлаган ҳолда назарий ва амалий муаммоларни бартараф этувчи юқори малакали мутаҳассисларни тайёрлаш тушунилади.
Олий таълимнинг асосий мақсади замон талабларига жавоб бера оладиган малакали, рақобатбардош, юксак билимли, олий таълим мутаҳассиси талабларига ўзи танлаган йўналиши юзасидан талабга жавоб бера оладиган республиканинг илм-фан, маданият, иқтисод, ижтимоий соҳаларини ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшадиган, мустақил фикрлайдиган, юксак маънавиятга эга бўлган юқори салоҳиятли мутаҳассисларни тайёрлашдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |