Ривожланган ва ривожланаётган давлатларда аҳолини таълимнинг турли даражалари билан қамраб олиниши (%)
Аҳолини бошланғич таълим билан қамраб олиш бўйича ўртача кўрсаткичлар бугунги кунда ривожланаётган давлатларда ҳам, ривожланган давлатларда ҳам 100,0 % га тенгдир. Ҳозирги вақтда болалар фақат мактабга борибгина қолмасдан, уни тамомлаяптилар ҳам. Жаҳонда бошланғич таълимга эга бўлганлар сони жами аҳолининг 84,0 % дан 94,0 % га етди.
Дунёдаги кўпгина мамлакатларда аҳолини таълим билан қамраб олишнинг кенгайиши ушбу соҳани давлат томонидан молиялаштириш ортиши билан боғлиқдир. Ўқувчилар асосан давлат мактабига борадилар. Айниқса, бошланғич (жами ўқувчиларнинг 92,0 %) ва ўрта (85,0 %) давлат мактабларига қатнайдиган ўқувчилар кўп. Дунёда таълимга давлат ҳаражатлари 1970 йилдаги ялпи ички маҳсулотнинг 3,9 % дан 2006 йилда 5,1 % га етди. Мазкур ўсиш узоқ муддатли тенденция эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки бундан 100 йил муқаддам таълим учун давлат харажатлари ялпи ички маҳсулотннинг 1,0 % ни ташкил этарди.
Маълумки, кўпчилик индустриал ривожланган мамлакатларнинг замонавий таълим тизими 1950-1970 йилларда шаклланган. Шу даврда инсон капитали назарияси пайдо бўлиб, жамият ва давлатнинг таълимнинг ривожланишига бўлган муносабатига сезиларли таъсир кўрсатди.
Инсоннинг билимлар билан бойишининг доимий жараёни ҳозирги шароитда фаннинг жамият ҳаётидаги ролининг ортиб бориши билан шартланган янги хусусиятларни касб этди. Энди у мавжуд билимлар ва кўникмаларнинг амалий йўл билан тўлдирилишини намоён этмайди. Инсонларни илмий билимлар ва уларни амалиётда қўллаш уқувлари билан бойитиш жараёни ҳал қилувчи роль ўйнамоқда. Буни эса узлуксиз ривожланувчи ва ривожланиш жараёнида табақалашувчи таълим тизимисиз амалга ошириб бўлмайди. Унда кадрларни, шу жумладан тадбиркорларни иқтисодий тайёрлаш муҳим ўрин тутади.
Билимлар ва ахборотларнинг жамият ривожланишидаги аҳамиятини ниҳоятда ошиб бораётганлиги ахборот жамияти концепцияларида ва ахборот цивилизациясининг шаклланишида ўз аксини топди. Янги билимлар, ахборот, уқув ва кўникмаларга эга бўлиш, уларни янгилаш ва ривожлантиришга йўналтирилишнинг қарор топиши нафақат индустриал иқтисодиётдаги ходимларнинг, балки тадбиркорларнинг, бизнес раҳбарларининг ҳам фундаментал хусусиятларига айланмоқда. Ахборот жамиятида қарор топувчи иқтисодий ривожланишнинг янги хили улар учун ўз малакасини доимий равишда ошириш заруратини келтириб чиқаради. Таълим соҳаси ахборот жамиятида ҳаётнинг иқтисодий соҳаси билан аралашиб кетади. Таълим фаолияти иқтисодий ривожланишнинг муҳим таркибий қисмига айланмоқда.
Замонавий ахборот инфратузилмасини шакллантириш нафақат иқтисодий самарадорликни ошириш вазифалари билан, балки бизнесда янги технологиялардан, замонавий техника тизимларидан, маълум билимлар, уқув ва кўникмалардан, инсонлар хатти-ҳаракатининг моделларидан фойдаланиш зарурати билан белгиланади.
Демак, ижтимоий ривожланишда билимлар, ахборот аҳамиятининг кучайиши, билимларнинг аста-секин инсон капиталига айланиши таълим соҳасининг ҳозирги замон ижтимоий ҳаёти таркибидаги ролини кескин ўзгартиради. Албатта, турли мамлакатлар ва турли давлатлар гуруҳларида таълим тизимининг ижтимоий тузилмадаги ҳолатининг ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Бироқ, янги ахборот цивилизациясининг вужудга келиши таълим соҳасини ижтимоий ҳаётнинг марказига чиқарди.
Ушбу жараёнларни кўпгина мамлакатлар учун умумийлигини хисобга олган холда 1990-йилларнинг охирига келиб Европа қитъасида Болонья жараёни белгиси остида Европа таълим макони шакллана бошлади. 1999 йилда Италиянинг Болонья шаҳрида олий таълим учун жавоб берувчи Европа вазирларининг Биринчи учрашуви бўлиб ўтди ва унда декларация қабул қилинди. Жараён моҳияти келажакда Европа олий таълим ҳудуди деб номланган ва фаолият кўрсатиш фундаментал тамойилларининг умумийлигига асосланган Умумевропа олий таълим тизимини шакллантиришдан иборат10.
Шундай қилиб, ахборот жамиятининг вужудга келиши билан боғлиқ барча миллий ва ҳалқаро лойиҳаларда таълим соҳасини ривожлантириш марказий ўрин эгаллайди. Таълим тизимининг холатидан, унинг шахс ва жамиятнинг юқори сифатли таълим хизматларига бўлган эҳтиёжларини қондира олишидан хозирги замон жамият ривожланиш истиқболлари боғлиқ.
Шу билан бирга, жаҳон глобал иқтисодий тенденциялар, шу жумладан иқтисодиётда инсон сармоясининг ортиши муҳим аҳамият касб этади. Жаҳон тикланиш ва тараққиёт банки томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра 192 мамлакатда иқтисодий ўсишнинг фақатгина 16,0 % жисмоний капитал (жиҳозлар, инфратузилма ва ҳ.к.) улушига тўғри келади. Мазкур улушнинг яна 20,0 % ни табиий ресурслар беради. Қолган 64,0 % инсон омили билан, шу жумладан иқтисодий ривожланишнинг катализаторига айланишга қодир бўлган сифат жиҳатдан янги турдаги тадбиркорларни шакллантириш билан боғлиқ11. Ушбу жиддий далил турли мамлакатлар ҳукуматларини бизнес-таълим тизимини ривожлантириш орқали бизнес соҳаси учун мутахассисларни тайёрлаш тизимини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратишга ундайди.
Бунда шундай ҳолатдан келиб чиқиш лозимки, таълимнинг ўзи – бу инсоннинг у ёки бу меҳнат фаолияти учун зарур бўлган билимлар, ўқув ва кўникмаларни ўзлаштиришнинг бир вақтнинг ўзида ҳам жараёни, ҳам натижасидир. Таълим, шу жумладан бизнес соҳасида таълим олишнинг асосий йўли – ўқув муассасаларида таҳсил олишдан иборат, у ерда ўқиш хўжалик юритишнинг бозор усуллари ва тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги билимларни эгаллаш билан боғлиқ.
Таълим сифати муаммоси ривожланган мамлакатларда бизнес-мактаблар фаолиятининг асосий масаласи ҳисобланади. Олинадиган таълимнинг юқори сифати «лицензиялаш – аттестациядан ўтказиш – давлат аккредитацияси - ижтимоий аккредитация - таснифлар» занжирининг тегишли босқичида таъминланади.12 Бунда лицензиялаш таълим дастурларини давлат таълим стандартларига мувофиқ ўтишга рухсат берилишини англатади. Ўз навбатида, аттестация одатда лицензия берилганидан сўнг камида уч йилдан кейин ўтказилиб, у олий ўқув юртининг таълим дастурлари бўйича давлат стандартларига мос келишини текшириш функциясини бажаради. Тегишлича, давлат аккредитацияси таълим муассасаси мақомининг ҳамда олий ўқув юрти битирувчиларига давлат намунасидаги дипломни бериш имконини берувчи ўқув дастурларининг кейинги муддатга тан олинишини ўзида намоён этади.
Бундан ташқари, ривожланган мамлакатларда ижтимоий аккредитация ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у олий ўқув юртлари дастурларининг мустақил баҳоси ҳисобланади. Таснифлар – бу олий ўқув юртининг мустақил баҳоловчилар томонидан ишлаб чиқилган мезонлар асосида мустақил ташқи экспертлар томонидан баҳоланиши. Баҳолашнинг мақсади одатда олий ўқув юртларининг сифатга асосланган таснифини тузишдан иборат. Шуниси эътиборга лойиқки, мактабларнинг машҳурлиги ва таснифи МВА дастурлари битирувчиларининг ишга жойлашишига ижобий таъсир кўрсатади.
Яна шуни таъкидлаш лозимки, барча мамлакатларда ўзининг аккредитациялаш стандартлари мавжуд. Масалан, улар АҚШда ҳам, Европа мамлакатларида ҳам катта фарқ қилади, бунда Буюк Британия, Италия ва Франция каби Европа мамлакатларининг ўзида ҳам аккредитациялаш кескин фарқ қилади. Ҳатто иккита энг машҳур аккредитация тизими AACSB International (Шимолий Америка) ва EQUIS (efmd - Европа) ҳам турли ёндашувларга асосланган, масалан, EQUIS аккредитациясини олиш имконияти мактаб талабаларининг катта қисми хорижликлар бўлишини назарда тутади.
Do'stlaringiz bilan baham: |