Клиникаси. Одамда безгакнинг3 хил клиник шакли кузатилади:
1) malaria tertianа – 3 кунлик.
2) malaria quartana – тўрт кунлик.
3) malaria tropica – тропик.
Безгак касаллигининг асосий клиник белгилари хуружли иситма, анемия, гепатоспленомегалия ҳисобланади. Иситма хуружи қалтираш, қизиб кетиш, терлаш босқичларидан иборат бўлади. Касаллик енгил, ўрта оғир ва оғир шаклида кечиши мумкин.
Plasmodium vivax жанубий турининг яширин даври 10-20 кунгача давом этса, шимолий турида 6-14 ой, тўрт кунлик безгакда 25-45 кун давом этади. Тропик безгакда яширин даври 8-16 кун, овале безгагида эса 7-20 кун давом этади. Яширин даврдан сўнг кўпинча продромал давр белгилари кузатилади: дармонсизлик, бош оғриғи, белда, мушакларда оғриқ, оғиз қуриши, жигар ва талоқ соҳасида оғриқ хисси.
Продромал даври 2-3 кун давом этиши мумкин. Айрим ҳолларда эса бир неча соатдан сўнг безгак хуружи бошланади. Одатда касаллик ўткир бошланиб хос бўлган безгак хуружидан олдин 2-3 кун иситма 38-39°С гача кўтарилади. Иситма нотартиб типида бўлади. Безгакнинг кейинги хуружларида касалликка хос бўлган клиник белгилар намоён бўлади ва хуружлар маълум аниқ бир вақтда (11 билан 15 соат) оралиғида кузатилади.
Безгак хуружи қўйидаги босқичлари билан бошланади: “қалтираш” (1-3 соат), “қизиб кетиш” (6-8 соат) ва”терлаш”.Умуман олганда безгак хуружи 1-2 соатдан 12-14 соатгача давом этади. Тропик безгакда эса 36 соатгача давом этиши мумкин.
Касаллик ўрта оғир ва оғир кечган ҳолларда умумий интоксикация белгилари кузатилади. “Қалтираш” босқичида беморда кучли дармонсизлик, бош оғриғи, катта бўғимларда ва белда қақшаб оғриш, нафас олишнинг тезлашуви, бир неча бор қусиш. Бемор кучли қалтираш ва совуқ қотишни сезади. Юз териси оқариб кетади. Тана ҳарорати тез ракетасимон кўтарилиб 38-40°С гача етади. Сўнг қизиб кетиш босқичи бошланади. Бунда беморнинг юзи қизарган, склера тошмалари инъекцияси кузатилади. Пайпасланганда бемор танаси иссиқ, қўл оёқлари совуқ. Беморлар бош оғришига, чанқаш, кўнгил айнишга шикоят қиладилар. Тахикардия, АҚБ тушиб кетади. Ўпкада бронхит ривожланганлигини кўрсатувчи белги – қуруқ хириллаш кузатилади.
Тропик безгакда қарийиб ҳамма беморларда қорин бироз дамланган, оғиз қуриган, гоҳида ичи суюқ бўлади ва уртикар тошмалар тошади.
Терлаш босқичида беморда кучли терлаш кузатилиб тана ҳарорати критик меъёргача тушади. Умумий интоксикация белгилари камаяди. Курашиш қобилияти суст бўлган беморлар уйқуга кетадилар.
Хуружлар орасидаги интервал уч кунлик безгакларда 48 соат, тўрт кунлик безгакларда 72 соатга чўзилади. Жигар ва талоқ касалликнинг биринчи ҳафтасидаёқ катталашади. Анемия белгилари аста ривожлана боради. Биринчи ва иккинчи иситма хуружидан сўнг кўз склераси ва терида сариқлик пайдо бўла боради. Даво чоралари кўрилмаган беморларда иситма хуружлари 4-5 ҳафтагача давом этиши мумкин. Бошланғич иситма хуружи тугагандан (6-8 ҳафта) сўнг эрта рецидив кузатилиши мумкин. Бунда иситма хуружлар тартибли алмашиб туради. Продромал давр белгилари кузатилмайди. Апирексия даврида беморлар иш қобилиятини йўқотмайди. Лекин пароксизм (хуруж) сони қанча кўп бўлса беморларда дармонсизлик, бош оғриғи, миалгия, артралгиялар апирексияда ҳам кузатилади. Юзи керккан, териси рангпар, кўкимтир тус олади.
Тропик безгак кўпинча оғир кечиб кома, ўткир бўйрак етишмовчилииги, геморрагик синдромлар билан кечиши мумкин.
Гемограммада касалликнинг биринчи кунидаёқ лейкопения, нейтрофилли чапга силжиши билан, кейинчалик эритропения, гемоглобин тушиб кетиши, нисбий лимфоцитоз, тромбоцитопения, ЭЧТ ортади, ретикулоцитоз, анизопойколицитозлар кузатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |