Осойишталик–кучлар мувозанати бўлиб, бу кучлар қарама-қарши томонга йўналган бўлади.
Ҳаракатнинг уч турини фарқ қилиш зарур:
1) фазода ўрнини ўзгартириш;
2) сифатнинг ўзгариши;
3) кучланиш (тоник ҳаракат) билан тақозаланган ҳаракат.
Уларнинг уччаласини ҳам фазодаги ўрин алмашишига олиб бориб тақаш мумкин. Элементлар бошланғич жисмдан пайдо бўлишади ва унга қайтишади, бунинг сабаби қуйиқлашиш ва сийраклашишдир. Тоник ҳаракат “пневматик” жисмларга хос бўлиб, у ички қисмлари ҳаракатидан ташкил топади ва бу ҳаракат марказдан чеккаларга қараб йўналган бўлади (аксинча йўналишда ҳам бўлади). Марказга қараб йўналган ҳаракат жисм ва унинг қисмлари бирлигини, тескари йўналишдаги ҳаракат жисмлар миқдори ва шаклини белгилайди. Жисмнинг бошқа барча сифатлари ҳам “пневма” билан тақозаланган. Ноорганик табиатда ана шундай. Органик табиатда эса янги кучлар ишга тушади, улар “пневма”нинг нозиклик ва кучланиши даражаси билан белгинади.
Стоикларнинг сабабият тўғрисидаги таълимоти дунёвий жараёнларни яхлит ҳолда тасаввур этишни тақоза этади. Дунёдаги барча нарсалар кучнинг ягона манбаидан ҳосил бўлади. Сабабий таъсирларни олий элементлар: олов, ҳаво ва уларнинг аралашмаси бўлган “пневма”лар яратадилар. Бошқа барча жисмлар уларда “пневма” бўлгани учун сабаб бўлиши мумкин. Сабабият фақат номоддий натижаларга олиб келади, чунки сабабиятнинг моҳияти шундаки, бир жисм бошқа жисм ҳолатини ўзгартиради, ҳаракатга келтиради, унда муайян ўзгаришларни содир қилади.
Вазият, сабабиятдан фарқли ўлароқ, йўқ бўлса таъсир содир бўлмайди. Сабаб ва оқибат ўртасида ҳеч қандай ўзаро таъсир мавжуд эмас.
Стоикларнинг фалсафасидаги муҳим тушунча – фатумдир. Ҳар қандай сабабий таъсир табиат қонунларига мувофиқ ҳолда содир бўлади. Жисмлар ўзаро таъсирда бўлганда муайян оқибат пайдо бўлади. Ана шунга кўра ҳодисалар ўртасида сабабий алоқадорлик бор деган хулосага келишади. Сабаб ва оқибат ўртасидаги кетма-кетлик, аслида биринчи ҳаракатга келтирувчи куч фаолияти билан боғлиқ.
Олам – илоҳий тирик материянинг зарурий маҳсули. Сабабий куч ягона оқим сифатида кўп алоҳида, якка оқимлар ва ирмоқларга бўлиниб кетади ва бунда ўзининг яхлитлигини сақлаб қолади. Демак, барча жараёнлардаги сабабий алоқадорлик ягона субстратга ёки “фатум”га боғлиқ. Бу тушунчалар стоикларни “олдиндан кўриниш”, “зарурият доирасидаги ирода эркинлиги” тўғрисидаги таълимотни яратишга олиб келади. Шу ерда монизм принципи бузилади. Сабабиятни тушунтириш телеологик тус олади. Олам илоҳий оловдан пайдо бўлади. Бу олов нафақат моддий сабаб ва нафақат сабабий шаклланиш қонуни, балки, бир вақтнинг ўзида, барча нарсаларни бошқарадиган ақл, маънавий ибтидодир ва у оламда мақсадли тартиб бўлишини назарда тутади. Ўсимлик ўз уруғида илдизи ва шохлари, барги, гули ва ҳосилни мужассамлантиргани сингари, оламда пайдо бўладиган ҳар бир предмет дунё миқёсида бошқа предметлар мажмуасидаги қандайдир ҳохиш, мақсадлар тизимидаги мақсаднинг рўёбга чиқишидир.
Илоҳий субстанция–барча мавжуд нарсаларнинг мақсадини ифодаловчи тасаввурни яратувчидир, унинг субстратидир. Буни стоиклар “уруғли логос” деб аташади. Бу тушунчага Аристотел ўз онтологиясига киритган тўрт сабаб: моддий сабаб, динамик сабаб, мантиқий сабаб, мақсад сабаб олиб келиб бирлаштирилади. Стоикларда ҳудди шундай фатум (рок) ва олдиндан кўриш бирлаштирилган. Инсонда ирода тушунчада фикрланаётган ниманидир мақсад қилиб қўяди, уни механика қонунларига бўйсунган ҳаракат орқали рўёбга чиқаради. Инсонда содир бўладиган мана шу ҳолатни стоиклар бутун оламга хос деб ҳисоблайдилар.
Хусусан, ибтидоий илоҳий оловдан изчил тарзда ҳаво, сув, ер пайдо бўлади. Бу қуйи элементларнинг бирлигини уларнинг ичига кирувчи “пневма” яратади, бу бирлик турли даражадаги тозалик ва кучга эга бўлиши мумкин. Пневма ноорганик табиатда кўр-кўрона зарурият ва сабабият, ўсимликлар оламида мувофиқ равишда марказдан чеккага қараб ҳаракатланадиган куч, ҳайвонот оламида ақл тушунчаларини кўра олмайдиган жон сифатида, мақсадсиз ҳоҳиш бўйича ва тасаввурларга таяниб амал қиладиган куч, инсонда эса, жон сифатида мантиқан ҳаракат қиладиган, ақл билан биладиган, ақлни ҳоҳловчи куч сифатида намоён бўлади.
“Илоҳий пневма”ни ана шундай дунё ранг-баранглиги, кўп хиллиги бирлигида деб билиш Хриссиппга барча фатумга мувофиқ содир бўладиган нарсалар, айни пайтда, “олдиндан кўриш”га ҳам мосдир, деб айтишга асос бўлган. Бундай хулоса нотўғри ва “илоҳий пневма” моҳиятидан келиб чиқмайди, чунки “пневма” турли соҳаларда турлича усуллар билан амал қилади. Ана шунинг учун ҳам стоиклар рок (фатум) билан олдиндан кўриш орасига табиат тушунчасини жойлаштиради. Унинг фатум билан умумийлиги – мақсадга мувофиқлигида.
Стоиклар қарашларига теодиция хос. Теодиция – оламда мавжуд ёвузлик учун Худони фалсафий жиҳатдан оқлаш. Клеанф оламда ёвузликнинг, табиатда эса мақсадга мувофиқликка мос бўлмаган ҳодисаларнинг мавжудлигини фатумга тўнкашга, хусусан, унинг олдиндан кўриш билан боғланмаганига, ўз ҳолига ташлаб қўйилгани натижаси эканлигини кўрсатишга уринади.
Хириссипп фикрича эса, ёвузлик олдиндан кўришсиз дунёга кириб кела олмайди. Биз ёвузлик деб ҳисоблайдиган баъзи нарсалар табиатдаги мақсадга мувофиқлик туфайли юзага келади. Бундан ташқари, физикавий ёвузликни ёвузлик деб бўлмайди, у инсондан бахтини тортиб ололмайди. Демак, асосий масала–олдиндан кўриш билан ўзаро алоқадор, бир-бирини тақоза этади.
Стоиклар фатум (рок) билан ирода эркинлиги ўртасидаги зиддиятни ҳал этишда ҳаракат турлари ўртасидаги тавофутга таянишади. Ноорганик жисм ҳаракати учун турткини бошқа ҳаракатланувчи жисмдан олади. Ўсимлик ташқаридан келган озуқани қайта ишлаш жараёнида ҳаракатланади. Ҳайвоннинг ҳаракати сабаби унинг психикасида. Ҳайвондан фарқли ўлароқ, инсонда ҳаракатга келтирувчи тасаввур ва туйғулар (влечения) қаторига учинчи элемент–мантиқий тафаккур, ақл келиб қўшилади. Ақл эгаси бўлмиш инсон ҳамма вақт ҳам вазият тақозалаб турган ҳаракатни содир этишга рози бўлавермайди. Инсоннинг амалий эркинлиги асосида назарий эркинлик ётади. Фақат туйғулар, лаззатланиш ақл чиғириғидан ўтгандан кейингина кучга киради, ақлга мос иродага айланади. Инсон ҳайвондек туғилиб, ақлий мавжудотга айланиши керак. Бу фақат доноларгагина насиб этади.
Стоиктларнинг космологияси Аристотел ва атомистлар таълимотига таянади. Стоиклар фикрича, Космос ягона. Аристотелдаги сингари Космос чекланган ва шар шаклида. Атомистлардаги сингари у чексиз бўшлиқ билан ўралган, лекин Космик шар ичида бўшлиқ йўқ. Космосдаги яхлитлик “пневма” туфайлидир. Пневма барча жисмларга ҳудди жон танага киргани сингари киради. Стоикларнинг космосга бўлган қарашлари пантеистик ва гилозоистик характерга эга. Космос–тирик ва ақлли мавжудот. Мангу такрорланиб турадиган жараёнда космос дастлдабки оловдан пайдо бўлади, яшайди ва яна қайта олов ҳолига келади ва бу цикл мангу давом этади. Агар космос ичида бўшлиқ бўлганда эди, унда оламнинг бирлиги йўқолган бўлар эди. Космос ҳаётида оламнинг бирлиги кўпликка ёйилади, кўплик, турли хиллик ягона илоҳий субстанция ҳолига қайтади ва бу жараён мангу давом этади.
Стоиклар оламнинг алангаланиши ва пайдо бўлиши тўғрисидаги таълимотида Гераклит космологиясига таянишади. Илоҳий субстанциянинг мақсади диакосмезис–ақлли мавжудотларни яратиш. Олам худолар ва инсонлар учун яратилган. Диакосмезисда илоҳиёт алоҳида худо шахсларига ажратилган. Барча ақлли мавжудотлар жамоани ташкил этишади. Бу жамоа ердаги барча жамоаларнинг прообрази. Ақл ҳукмрон оламда фуқаро бўлиш – инсоннинг мақсади.
Инсон тана ва жондан ташкиш топган. Жон ҳам тана, лекин “пневматик” тана, унга тоник ҳаракат хос. Жон 5 та ҳиссий аъзодан, нутқ органи, қабул қилувчи ва боқарувчи органдан (мия бўлса керак–М.Ш.) ташкил топган.
Барча қисмлар “пневма” оқимидан келиб чиқади. Жон юракда жойлашган. У барча маънавий вазифаларни бажаради: тасаввур, мулоҳаза, хулоса чиқариш, сезиш, ҳоҳлашни амалга оширади. Сезги органларидан олинган образлар асосида жонда тушунчалар комплекси–логос пайдо бўлади. Жон танадан ажралгандан кейин, унинг мавжудлиги ҳаёт давомида танадан олган тонус даражасига боғлиқ. Фозил одамларнинг жони танадан ҳоли ҳолда узоқ вақт яшаши мумкин (демонлар ҳолида). Бироқ дунёнинг алангаланишида, ўт олишида у илоҳий субстанцияга қайтади. Полингенесия босқичида олам тараққиёти аввалги кўринишда такрорланади. Бу “абадий қайтиш” дунёнинг мангу мавжудлигини белгилайди.
Стоицизм даврида ахлоқ масаласи фалсафанинг асосий масаласи бўлиб қолган эди. Бунда бахт-саодат инсон фаолияти ва интилишларининг олий мақсадига айланади. Зенон фикрича, бахт-саодат ва мақсад – “мувофиқлаштирилган” ҳаёт. Бунда Зенон мантиқий келишувни, яъни ҳамфикрликни, шунингдек ҳис-туйғуларимиз, ҳоҳишларимизнинг фикрларимиз билан мувофиқлигини назарда тутади.
Клеанф, олий неъмат бу–“табиат билан келишувга эришиш”, деб таъкидлайди.
Дунёда амал қилиб, уни бошқарадиган, ҳар бир мавжудот турмуши тарзини ва хулқ-атворини белгилаб берадиган қонун бу – логос. Инсоннинг ривож топган ақли худо ақлига айнандир. Олий инсоний бахт – инсон табиатига мос ҳаёт кечириш. Лекин инсон ҳақиқий табиатни унга аввалдан бериб қўйилган (табиат томонидан) имкониятлар, хусусиятлар (задатки)ни ривожлантириш асосида яратади.
Бахтли ҳаёт–бу фазилатли ҳаёт, ана шунинг учун ҳам инсон фозилликка интилиши керак. Фозиллик–тўғри турмуш кечириш санъати. Стоиклар фикрича, барча тирик жонлар учун дастлабки ҳис-туйғу–ўз-ўзини сақлаш, ўзини севиш, қадрлаш. Бунда фақат айрим кишининг ўз-ўзини эмас, бутун жинсни, уруғни сақлаш назарда тутилади.
Етуклик даврида табиат билан келишув ақл билан келишув даражасига ўсиб ўтади. Ҳақиқий неъмат–олий мақсадимиз учун бирор нарса бера оладиган нарсадир. Унинг тескариси–ҳақиқий ёвузликдир.
Ахлоқий нуқтаи назардан қараганда, ахлоққа бефарқ бўлган барча муносабатлар, ҳолатлар, кечинмалар неъмат ҳам, ёвузлик ҳам эмас. Роҳатланиш, соғлиқ, куч, бойлик, қадр-қиммат–ҳақиқий неъматлар эмас; ҳудди шунингдек, азоб-уқубат, касаллик, камбағаллик, қувғин – ҳақиқий ёвузлик эмас. Бу нарсалардан яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам фойдаланиш мумкин. Буларнинг фойдали ёки зарарли бўлиши уларга инсон муносабати билан боғлиқ.
Фозиллик–тўғри амал қилаётган ақлнинг юқори даражаси. Инсон бошига тушадиган кулфатлар, иллатларнинг манбаи–аффектлардир.
Do'stlaringiz bilan baham: |