Аккад-Бобил мифологияси Шумер мифологияси таъсири остида шаклланган. Хусусан, Анга аккад Ануш, Энлилга-эллиль, Иннанега-Иштар, Энкига-Эа мос келади. Аккад-Бобил мифологиясининг ўзига хослиги “Энума элиш” (“Қачон юқорида...”) теогоник поэмасида яққол кўзга ташланади. У 7та лой жадвалларига битилган. Уларда ер, осмон, қуёш, ой, ҳаво худолари тўғрисида, одамларнинг пайдо бўлиши хақида мифологик қарашлар баён қилинган. Бу мифга кўра инсон икки хил табиатли: унинг танаси лой ва Мардук қатл этган сотқин худо-Книгунинг қони аралашмасидан ташкил топган: жони эса-Мардук нафасининг ҳосиласи.
Иштарнинг пастга тушиши-бу ерга тегишли мифик-календар. Бундай мифлар барча халқларда бўлган. У йил фаслларнинг алмашиши, ер ишларининг йиллик циклини тушинтиради. Шумерда-бу Иннан ва Думуза тўғрисидаги афсонадир. Бобилда унга Иштар ва Таммузе ҳақидаги афсона мос келади. Таммузе-Иштарнинг севгилиси ўлади, қайтиб келмас мамлакатга кетади. Бу ўликлар мамлакатида кичик синглиси - Иштарни ёқтирмайдиган Нергал ва Эрешкигаллар хукмронлик қилишади. Тамуззенни орқага қайтариш учун Иштар ўликлар ҳоқонлигига тушади. Эрешкигал унга 60 хил касалликни юборади. Ерда энди ҳосилдорлик ва муҳаббат худоси йўқ, одамлар ҳам, ҳайвонлар ҳам туғилмайди. Худолар ташвишга тушиб қолишган. Ахир, одамлар бўлмаса, худоларга ким қурбонлик қилади. Шунинг учун ҳам улар Эрешкигалдан Иштар ва Тамаззенни бўшатиб юборишни сўрашади. Уларни бўшатишади. Ерга яна баҳор - мухаббат фасли қайтади.
Гильгамеш ҳақида эртак. Гильгамеш эпоси Қадимги Шарқ адабиётининг буюк поэтик асаридир. Гильгамеш ҳақидаги қўшиқ лой жадвалида тўрт хил тилда-шумер, аккад, хуррит ва хет тилларида битилган. Унга 3,5 минг йил бўлган. Гильгамеш эпоси-бадий мифологик дунёқараш намунаси. Гильгамеш-Шумернинг Урук шаҳри хокими. Худолар ундан қўрқишади. Уни кучсизлантириш мақсадида худолар унга тенг кучли пахлавон Энкидуни яратишади. У табиат боласи, ҳайвонлар тилини билади. Айёр Гильгамеш Энкидуга йўлдан адаштирувчи аёлни юборади ва у Энкидуни йўлдан уради ва бунинг натижасида Энкиду даслабки кучини, табиат билан алоқасини йўқотади Ҳайвонлар ундан юз ўгиради. Энкидунинг кучи энди Гильгамеш кучига етмасди. Улар кураши келишув ва дўстлашиш билан тугайди. Гильгамеш эпосида тавсифланишича, улар кўп жасоратлар кўрсатишади. Шунда худолар Энкидуга қатъиятсизлиги учун ўлим жўнатишади. Гильгамеш ҳам илк бор ўлимни ҳис этади, унинг ўз-ўзини англаши содир бўлади. Дўстининг ўлишидан даҳшатга тушган Гильгамеш қуйидагиларни айтади: “Мен ҳам Энкиду сингари ўламанми? Қайғу вужудимни қоплади, ўлимдан қўрқаяпман ва саҳрога қочаяпман. Ўлимдан дахшатга тушаяпман, ҳаётни топа олмаяпман, қароқчи сингари саҳрода дайдиб юрибман... Қандай қилиб тинчлансам экан? Суюкли дўстим ерга айланди. Худди у сингари мен ҳам абадий турмайдиган бўлиб ётаманми ?”84 Гильгамеш мангу ҳаётни излаб, Утнапишти томон йўл олади. У аккад Зиусидруси эди. Утнапишти Гильгамешга “ўлмаслик гиёҳ” ини беради, бироқ орқага қайтаётганда уни йўқотиб қўяди.
Юқоридагилардан маълум бўладики, Гильгамеш эпосида ўлим ва ҳаёт мавзуси муҳокама этилади, инсон борлиғининг гўзаллиги ва, айни пайтда, фожиалилиги намоён бўлади. Худоларнинг абадийлиги олдида инсон умрининг чегаралилиги таъкидланади. Ўлимга маҳкумлигини англаган Гильгамеш фаоллигини йўқотмасдан, ўз шаҳрини ободонлаштиради. Шу тариқа инсоннинг абадийлиги унинг ишида, ижодида эканлиги кўрсатилади.
Қадимги Миср фани, мифологияси ва олд фалсафаси.Ҳозирда Мисрнинг барча фиръавнлари-шоҳлари тўғрисида маълумотлар бор Миср тарихи қадимги, Ўрта ва Кичик ҳоқонликка бўлинади. Қадимги ҳоқонлик эрамизгача бўлган 2900-2200 йилларни ўз ичига олади. Ўрта ҳоқонлик IX-XVI династияларидан ташкил топиб, 2200-1600 йилларни, янги ҳоқонлик XVII-XX династияларидан таркиб топиб, 1600-1100 йилларни ўз ичига олади. Мустақил Миср тарихи XXVI-династия (665-525й) билан тугайди. Бу даврда Миср маркази Саис бўлган. Шунинг учун ҳам XXVI - династиядаги Миср Саис Мисри деб аталади.
Манбалар: папирусдаги иероглиф матнлар; улар гарчи лой сингари мустаҳкам бўлмасада, Мисрнинг қурғоқ иқлимида яхши сақланади. Қадимги Миср қўлёзмалари ҳозиргача топилмоқда. Улар орасида “Пирамидалар матнлари”, “Саркофаглар ҳақидаги матн”, “Ўликлар китоби”, “№ 10188 сонли Британия папируси”, Лондон, Москва ва Берлин математик папируслари ва бошқалар бор.
Do'stlaringiz bilan baham: |