3- мавзу. ҚАДИМГИ ҲИНДИСТОНДА ФАЛСАФИЙ ФИКРЛАРНИНГ ЮЗАГА КЕЛИШИ
Қадимги ҳинд жамиятининг характерли хусусиятларидан бири унинг варна (Европада каста деб аталувчи) ларга бўлинишидир. Улар брахманлар, кшатрийлар, вайшлар, шудралар. Хар бир варна ўзининг рамзий рангига эга: Брахманлар – оқ, кшатрийлар – қизил, вайшлар – сариқ, шудралар – қора рангда. Хар бир варна кишиларнинг ўз-ўзи билан чегараланган ёпиқ гуруҳидан иборат бўлиб, жамият ҳаётида аниқ ўрнига ва мавқеига эга; никохлар ҳам варна ичида тузилган, варнага мансублик авлоддан авлодга ўтган. Варналарнинг фаолият юритиш тури ҳам белгилаб қўйилган: ақлий меҳнат билан олий табақа-брахман (коҳинлар), ҳарбий иш билан – кшатрийлар, ер ишлари, хунармандчилик, савдо ишлари билан-вайшлар; оғир жисмоний ишлар билан-шудралар шуғулланишган. ”Брахман” (шавкатли ҳаёт) сўзи қадимги хиндларнинг бош худоларидан бирининг номидан олинган. ”Кшатрий” сўзи “киш”-эгалламоқ, эгаллаш, бошқариш феълидан олинган. ”Вайш” содиқлик, боғлиқлик деган маъноларга эга. ”Шудра”сўзининг маъноси ва келиб чиқиши ноаниқ. Дастлабки учта варна орийлардан ташкил топган. Уларнинг эркаклари билим олиш билан боғлиқ маросимларда қатнашишган. Улар учун билим ўчоқлари, эшиклари очиқ эди. Ҳокимият, бошқарув ишлари брахманлар қўлида бўлган.
Ҳиндистонда фалсафагача бўлган фикрлар 3 та манбада мужассамлашган: Ведалар (Веда-муқаддас билим), Махобхорот (18 китобдан таркиб топган эпик асар; фалсафий ғоялар асосан Мокшадхарма-қутулиш, сақланиш йўлида ўз ифодасини топган), Бхагадвита (Илоҳий қўшиқ) ва Анугите. Ҳозирги ҳинд файласуфи-Ауробиндо Гхошнинг таъкидлашича, “Махобхорот”-якка, индивудуал онг эмас, миллий онг ижоди. “У халқнинг ўзи тўғрисида ёзган поэмасидир”89.
Қадимги ҳинд фалсафаси эволюциясини тўртта даврга бўлишади.
1.Веда даври (эр.авв.1500 – 600 й.). Бу давр орийларнинг жойлашиши ва улар маданиятининг ёйилиши, “ўрмондаги университетлар”нинг пайдо бўлиши даври.
2.Эпик давр (эр.авв. 600- 200й.) – илк упанишаддан даршанлар ёки фалсафий системаларгача бўлган давр. Бу даврда буддизм, жайнизм ва бошқа кўплаб диний таълимотлар пайдо бўлади.
3. Сутра даври (эр.авв. 200 й.- эрамизнинг иккинчи асри бошларигача) –қисқа ва умумлашган фалсафий таълимотлар-схемалар даври. Сутраларни талқинсиз тушуниш қийин. Бундай талқинлар анчагина бўлиб, улар кўп ҳолларда асл манбалардан кам аҳамиятли бўлмаган муҳим фалсафий матнлардир.
4. Схоластик давр (эрамизнинг иккинчи асридан бошланади). У моҳиятан аввалги даврга ўхшаб кетади.
Ведалар эрамизгача учинчи минг йилликда йиғила бошлаган. Ведалар жами 4 та: Ригведалар– гимнлар тўплами, Самаведалар – (“Саман” қўшиқлар тўплами), Яжурведа – (яжус қурбон қилиш формуласи, қурбон қилишнинг формулалари тўплами “Сборник жиртвенних формула”), Атхарваведа (Атхарвак афсонавий кохин номи) – магия ва қасамлар тўплами. Ҳар бир веда адабиёти самхитлардан, яъни текстлар (матнлар)дан ташкил топган. Хусусан Ригведалар 1028 гимндан ташкил топган.
Веда адабиётининг кейинги бўлими брахманлар (“брахмана” – брахманни тушунтириш) бўлиб, улар самхитларга мифологик тушунтиришлар ва ритуаллар (маросимлар) дан иборат. Гимнларни шоирлар тўқишган бўлса, брахманларни коҳинлар яратишган. Брахман таркибига араньяки (“ўрмон китоби”) киради. У ўз уйини ташлаб чиқиб кетган таркидунёчилар (аскетлар)га мўлжаллаб битилган. Улар амалиётчи бўлишига қараганда, кўпроқ ақлий мушоҳада юритувчилардир. Айнан шулар брахманлар маросимлари билан упанишадлар фалсафасини боғлайдиган бўғин бўлиб хизмат қилади.
Веда адабиётининг тури билан ҳаёт кечириш босқичлари ўртасида мувофиқлик бор. Хусусан, самхитлар ведаларни устоз уйида ўрганишни бошлаган ўқувчининг таълими асосини ташкил этади. Брахманлар оилада яшаётган ва барча маросимларни бажараётган уй эгаси мақомида ҳаёт кечираётган инсон учун мўлжалланган. Араньянлар таркидунёчилар учун мўлжалланган; улардан маълум бир вақтда упанишадлар ажраб чиққан. У қашшоқ сайёҳ учун битилган бўлиб, қашшоқлик упанишадлар ва умуман, бутун Ҳиндистон маънавий маданиятидаги идеалдан иборат. Орийларнинг илк дунёқараши мифологик табиатга эга ва кўпхудоликка асосланади. Ригведада уч мингдан кўпроқ худолар номи мавжуд.
Орийлар мифологик дунёқарашининг қадимги қатлами матриархатга бориб тақалади. Адити Притхиви (“Чексиз она-ер”) 12 ўғилга эга. Варуна-тунги юлдузли осмон ифодаси (Элладада бу-Уран) ва айни пайтда, тун ҳукмдори. Митра-кун бошқарувчиси, Арьяман-ўлган аждодлар руҳларининг бошқарувчиси, Сома-ой худоси, Ваю-шамол худоси, Яма-ўлим ва адолатли суд худоси, Ушас-тонг худоси ва ҳ.
Дунё (жагат) уч олам(лока)дан ташкил топган. Аган-Ерни, Индра- ҳаволи маконни, Сурья-осмонни бошқарган. Инсон-худолар ижоди маҳсули, у табиатнинг бир бўлаги. Тана ўлади, жон яшашни давом эттиради, бошқа таналарга кўчиб ўтади; у сансара деб аталади.
Дхарма-дастлаб қонун ва адолатли суд худоси, кейинчалик қонуннинг ўзи. Ҳар бир варна ўз дхармасига эга. Инсоннинг ҳулқ-атвори, қурбонлик қилиши, ўз варнасининг қонунларига бўлган муносабатига қараб жони ё қуйи, ё юқори варнага кўчиб, қайта туғилади. Бошқача айтганда, жон унинг эгасининг ҳулқ-атворига қараб жазоланади ёки рағбатлантирилади. Худонинг жондан қасос олиши қонуни карма деб аталади.
Ведаларда ифода этилган фикрлар мифологик дунёқарашдан фалсафий дунёқарашга ўтишни ўзларида акс эттиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |