Илм-фан куртаклари. Қадимги Миср фани ривожи пирамидалар мисолида кўзга яққол ташланади. Уларнинг энг улкани Хеопс пирамидаси бўлиб, унинг баландлиги 146 метрдир. У 2,5 млн оҳак ва гранит тошларидан (блокларидан) қурилган бўлиб, ҳар бири 2,5 тоннадан 54 тоннагача оғирликка эга. Бу пирамида 20 йил давомида 30 минг кишининг меҳнати билан қурилган. Пирамидалар қурилишида мисрликларга 1000000 сони маълум бўлган.
Шунингдек, 36 оригинал математик қўлёзма сақланган. Улардан 16 таси эрамизгача бир мингинчи йилдан аввал ёзилган. Буларнинг мазмунини амалий математика масалалари: баъзи каср сонларни сурати 1 бўлган каср сонларга ажратиш, aх+bx+...+nx-R чизиқли тенглама кўринишидаги вазифа (“хау”-уюм), майдонлар ва хажмларни ҳисоблаш ташкил этади. Эрамизгача бўлган икки мингинчи йил бошида цилиндирсимон уйнинг ҳажмини ҳисоблашган. Миср математиклари “h” қийматини 3.16 деб қабул қилишган. 7 нонни 8 кишига бўлиш масаласи ечими ҳам қизиқарлидир. Ҳар бир ишчи ноннинг 7/8 қисмини олади дейиш фойдасиз, у кўринишда кесиб бўлмайди. Шунинг учун уни уч каср йиғиндиси кўринишида олишган, яъни 4та нонни яримтадан бўлишган (ҳар бир ишчи ярим нон олади), икки нон тўрт қисмга бўлинади (ҳар бир ишчига чоракта нон) ва қолган бир нон саккиз қисмга бўлинади, яъни қуйидагича ечимга эга. 1/2 +1/4 + 1/8.
Мисрлик астрономлар осмонни кузатишган, у амалий аҳамиятга эга бўлган. Масалан, Нил дарёсининг ҳар йилда тошиши Миср осмонида энг ярқин юлдуз-Сириуснинг пайдо бўлишига тўғри келган. Мисрлик олимлар эклиптика–Қуёшнинг юлдузлар тўпламидаги кўринишидан келиб чиқиб, уни 12 қисмга бўлишган ва улар йиғиндиси Зодиакни, яъни “хайвонлар доираси”ни ҳосил қилади, деб ҳисоблашган. Эклиптикадаги ҳар бир юлдузлар туркумига қандайдир бир ҳайвон номи берилган. 1,5 минг йил давомида Миср олимлари 373 марта Қуёш, 832 марта Ой тутилишини кузатишган.
Қадимги Миср календари 12 ойдан ташкил топган бўлиб, уларнинг ҳар бирида 30 кун бўлган. Йил бошида ҳеч бир ойга кирмайдиган бешта муқаддас кун бўлган. Кейинчалик қуёш-ой календари яратилди. Ой календарини қуёш календарига мослаштириш учун ҳар 25 йилда 13-ой қўшилган. Сутка вақти сув ва қуёш соатлари билан ўлчанган.
Қадимги Бобилда ҳам, Қадимги Мисрда ҳам илм билан шуғулланиш коҳинларнинг иши деб саналган.
Қадимги Миср мифологияси. Аввал бошда мисрликлар ҳайвонларга сиғинишган, кейинчалик худолар ҳайвонлашган одам бўлиб қолган. Мифлар баъзи ҳолларда диний, бошқа ҳолларда нодиний бўлган. Ҳар хил теогониялар мавжуд. Хусусан, Гелиопол теогониясида олам асосига дастлабки хаос қўйилган, у Нун деб аталган, Нун Ра ни яратади, у ўз навбатида ҳаво худоси Шу ва унинг урғочи ибтидоси Тефнутни яратган. Шу ва Тефнут ерни, осмонни ва яна еттита худони яратишади. Улар қаторида Осирис ва Исиду, Сета ва Нефтидулар бор. Шу-ҳаво, осмон ва ерни ажратади ҳамда Нут – осмон худосини Ер худоси-Гебдан юқори қўяди. Одамлар диний-мифологик дунёқарашда теогониянинг учинчи даражали натижасидан иборат бўлиб қолади. Улар қуёш худоси Раннинг кўз ёшидан яратилган деб ҳисобланади.
Исида ва Осирис. Иштар ва Таммузе тўғрисидаги Бобил мифига Исида ва Осирис ҳақидаги қадимги Миср мифи тўғри келади. Осирис ҳам ҳаётни, ҳам ўлимни ўзида гавдалантиради. УНилнинг, бутун тирик Мисрнинг тимсоли. У ўликлар хоқонлигида ҳакам ҳамдир. Нил-Осирис ўз акаси Сет-саҳро тимсоли билан курашади. Сет Осирисни алдаб, тобутга туширади ва Нил дарёсида оқизиб юборади. Осириснинг синглиси-хотини Исида (Мисрда фиръавнлар ўз синглисига уйланганлар) эрини қидиришга тушади. У эндигина ўғли Горни туққан эди. Сет Осирис танасини бўлакларга ажратиб, турли жойларга сочиб ташлайди. Исида унинг қисмларини топиб, бирлаштиради. Ер ости хоқони Анубис ва Осириснинг ўғли Гор Осирисни тирилтиради ва шу тариқа у Сет устидан ғалаба қозонади. Осирис ва Сет ўртасидаги бу доимий кураш Мисрдаги йил фаслларини ифода этади: Нилнинг тошиши - экин мавсуми, ҳосилнинг пишиши ва уни ўриш мавсуми (апрель-июнь), тобутдаги Осирис-қурғоқчилик пайтидаги Нил сатҳининг пасайиши, унинг танаси аъзоларининг, қисмларининг сочиб юборилиши- Нил тошқинидан кейин пайдо бўладиган сунъий кўллар, ботқоқлик, кўлмаклар; Осириснинг тирилиши ва Горнинг Сет устидан ғалабаси- Нилнинг янгидан тошиши, ҳаёт тантанаси.
Бироқ Осирис фақат ҳаёт эмас, ўлим ҳамдир. Қадимги Мисрликларда кўмиш маросими кучли ривожланган. Ўлимдан кейин фақат тана бутун бўлган ҳолдагина жон тўлақонли ҳаёт кечира олади, деб ҳисоблашган. Танани мумлаш, ўликлар шаҳрини – некромайдонларни қуриш ҳамда катта пирамидаларни-улкан саркофагларни фиръавнлар учун барпо этиш одати мана шундан келиб чиққан. Ер ости хоқонлигида (ўликларники) жон Осирис олдида муҳайё бўлади. Ҳакам қалбни, юракни тарозининг бир палласига, ҳақиқат ҳайкалини иккинчи палласига қўяди. Агар иккинчиси баланд кўтарилса, жон дўзах балоси томонидан еб қўйилади. Акси бўлса, у майдонга-ҳеч қачон кўринмайдиган майдонга юборилган.
Қадимги Миср лирикаси ҳам яхши ривож топган.У ўзининг дунёқараш мазмунга эгалиги билан ажралиб туради. Масалан, “Арфист қўшиғи”да оламнинг диний-мифологик манзараси шубҳа остига олинади. Унда айтилади: “Ҳеч ким ҳали у ёқдан келиб, унда нималар борлиги тўғрисида, уларга нима кераклиги ҳақида ҳеч нима демаган, қалбларимизни тинчлантирмаган”85. Қўшиқда “ўлганлардан ҳеч бири қайтиб келмаган”86 дейилади. Тирик экансан, қалбинг хохишига қараб иш кўр, деб айтилади.
Лекин бошқа бир асарда-“Ўлим мақтови”да нариги дунёнинг мавжудлиги тўғрисида мулоҳаза бор: “Вақт уйқу сингари лип этиб ўтиб кетади ва Қуёш ботар майдонда “хуш келибсиз” деб кутиб олишади”87. Бу майдонни мисрликлар Ғарбда деб ҳисоблашган.
Фалсафа элементлари. Бобилда ҳам, Мисрда ҳам фалсафа вужудга келмаган, лекин унинг элементлари бўлган. “Хўжайиннинг ўз қули билан гаплашиши”, “Арфист қўшиғи”, “Хафсаласи пирнинг ўз жони билан баҳси”да эътиқод билан ҳеч қандай ихтилоф йўқ, лекин социоантропоморфизм дунёқарашига шубҳа, скептицизм ва пессимизм мавжуд. Бу диний-мифологик дунёқарашнинг инқирозга юз тута бошлаганлигидан далолат беради.
Саис Мисри. Қадимги Миср Эллада маданиятига катта таъсир кўрсатади. Биринчи минг йилликнинг ўрталарида (эрамизга қадар) Миср ва Эллада узвий боғлиқ эди. XXVI династия фиръавнлари грекча турмуш тарзини кечирганлар. Бу династиянинг энг охиргисидан аввалги фиръавн грек қизига уйланганди. У Мисрда колониялар ташкил этишга рухсат берган. Греклар Мисрга донишмандлик манбаи сифатида ҳурмат билан қараганлар. Эрамизгача 525-йилда Миср форслар томонидан босиб олинди. Деярли 2,5 минг йил Миср форслар, греклар, римликлар, араблар, турклар, инглизлар иродасига боғлиқ бўлиб қолди, фалсафа ривожи орқада қолди.
Эрон ва Туронда фалсафагача бўлган фикрлар
Эрамизга қадар VII-асрда мидияликлар, кейинроқ форсийлар давлатлари тез суръатлар билан тараққий эта бошлаган, қадимги цивилизациянинг ғарбий қисмида муҳим роль ўйнаган. VI-асрда форслар мидияликлар устидан ғалаба қозониб, улкан форс давлатини барпо этадилар: унинг тарихи аҳмонийлар династияси (558-330) билан узвий боғлиқ. Аҳмонийлар VI-асрнинг(эр.қадар) иккинчи ярмида Бобилни, Мидияни, қадимги Грециянинг Кичик Осиё қисмидаги вилоятлар-Иония ва Эолидани, Ўрта Осиёнинг бир қисмини, Мисрни, Эгей денгизининг грек оролларини босиб олади, Болқон ярим оролига босиб кириб, Македония ва Фракияни бўйсундирадилар. Грек-форс уруши давомида (500-449) форслар Афинагача етиб бориб, уни вайрон қиладилар. Шарқда улар шимолий-ғарбий Хиндистонни эгаллайдилар. Лекин эр.қадар IV-асрнинг охирида Форс империяси Александр Македонский бошчилигидаги македониялилар ва греклар қўшинлари томонидан тўлалигича вайронага айлантирилади.
Босиб олинган ерларда маҳаллий халқлар динларини ҳурмат қилишган. Шунинг учун ҳам Кирни Мардук худосининг элчиси деб аташган. Империя ҳудудида йўл тармоқлари системаси, ягона солиқ тизими, ягона арамей тили, почта тизими, ягона пул бирлиги (олтин монета), умумий қонунчилик маркази мавжуд эди. Турон ва Эрон мифологияси “Авесто”да ўз ифодасини топган. Зардуштийликнинг бу ёзма манбаи бой дунёқараш мазмунига эга бўлиб, унинг бош ғоясини Ахурамазда ва Ахримон образлари орқали ифодаланган эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги қарама – қаршилик кураши ва бу курашда эзгуликнинг ғалаба қозониши ташкил этади. Шунингдек, унда оламнинг бошланғич асослари ва тузилиши, яхлитлиги тўғрисида муҳим фикрлар мавжуд. Айниқса, Ахурамазда тимсолида гавдаланган дунёвий Ақл ҳамда сув, ер, ҳаво, оловнинг муқаддаслаштирилиши эътиборлидир. Бундай мулоҳазаларнинг кейинчалик Қадимги Шарқ ва Ғарб фалсафаси, хусусан, локоята фалсафий таълимоти, Платон ва Аристотель онтологик концепцияларида оламнинг ибтидоси масаласининг қўйилиши ва ҳал этилишига кўрсатган таъсири яхши маълум.
Зардуштийликнинг динлар ва диний таълимотлар тараққиётига кўрсатган таъсири ҳам сезиларлидир. “Авесто”нинг жиддий тадқиқотчиларидан бири файласуф-олим Тоҳир Каримнинг ёзишича, “Дастлаб зардуштийликда шакллантирилган ва кейинчалик барча жаҳон данларида асосий тушунчалар сифатида суянадиган диний категориялар, ғоялар мазкур динлар орқали инсониятнинг асосий диний қадриятларига айланди”88
Do'stlaringiz bilan baham: |