Ҳар бир давр қадимги Миср маданияти ва санъати ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлган босқичлар саналиб, тарихий воқеалар тадрижида ўзининг ютуқлари ва инқирозларини бошдан кечирган. 332 йилда Александр Македонский қўшинлари томонидан мамлакатнинг босиб олиниши натижасида Қадимги Миср тарихи якунига етиб эллинистик дунёга қўшилиб кетади. Бу давр давомида Нил водийси бўйлаб маҳобатли эҳромлар, уларни қўриқловчи сирли сфинкслар, қояларга ўйилган ибодатхоналар барпо этилди, осмонга интилган тош обелисклар ўрнатилди, меъморчилик ва тасвирий санъатда улуғвор намуналар яратилди. Минг йилликлар аввал мисрликлар кашф этган илмий ва маданий ютуқлар бугунги кунга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаганлигини эътироф этиш жоиз.
Бу заминда ёзув учун дастлабки папирус ўрамлари ўйлаб топилди, кўп мазмунли иероглиф рамзлардан халос бўлган дастлабки алифбо тизими шаклланди, геометрия фанига асос солинди, илк маротаба айлана майдонини ўлчаш, сутка вақтини 24 соатга бўлиш, инсон организмида қон айланиш тизимининг аҳамияти белгиланди.
Диний-афсонавий дунёқараш. Қадимги Миср цивилизацияси маъбудлар ва аждодлар руҳига сиғиниш, уларга юксак эҳтиром кўрсатиш, ўлимдан сўнг абадий ҳаёт мавжудлигига ишониш каби қарашлар билан бошланиб, минг йиллар давомида ривожланиб келган. Мисрликларнинг афсонавий дунёқараши маъбудларга бағишланган турли диний матнлар, мадҳиялар, мақбара деворларидаги кўмиш маросимига оид тасвирлар орқали ўрганилган. Улар орасида “Эҳромлар матни” (Қадимги подшолик давридаги V-VI сулолар мақбараларидаги тасвирлар), “Саркофаг матнлари” (Ўрта подшолик даври саркофагдаги ёзувлар), “Марҳумлар китоби” (Янги подшоликдан то Сўнгги подшоликка қадар) сеҳр-жоду амаллари ва диний тасаввурлар тўплами сифатида муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, “Сигирлар китоби”, “Нариги дунёда нима борлиги ҳақидаги китоб”, “Амдуат” кабилар билан бирга, мил. ав. V асрда Мисрга ташриф буюрган Геродот, “Исида ва Осирис” муаллифи Плутархларнинг ёзма ёдгорликлари қимматли манба саналади
Қадимги подшолик даврида тасвирий санъат алоҳида ўрин касб этган. Мисрликларнинг диний тасаввурларига кўра инсон қомати уни ҳис эта олишнинг энг қулай нуқтаи назардан (рўпарадан ёки ён томонлама) ифодаланиши жоиз. Бу ҳолатда инсоннинг юз ва оёқ қисми ён томонлама, кўз ва елка қисмларини рўпарадан ишлаш, енгил ўгирилган ҳаракат тасаввурини уйғотиш мақсадида танани тўртдан уч қисмини тасвирлаш энг самарали усул ҳисобланган. Бу усуллар ибтидоий жамоа давридан шаклланиб, сараланиб борган. Мазкур сараланиш жараёнида Миср тасвирий санъатида махсус канонлар вужудга келган.
Думалоқ ҳайкалтарошликда инсон ҳолатини аниқ кўрсатиш ҳамда олд кўринишини тасвирлаш, аниқ симметрия, тананинг барча қисмлари пропорционаллиги, деталларни синчковлик билан ишлаб чиқиш, портрет ўхшашликка интилиш қатъий канонлар тизимига кирган. Абадият учун мўлжалланган ҳайкал қиёфаларда ҳеч қандай ҳис-туйғу акс этмаслиги керак эди. Ибодатхоналардаги марҳумни ифодалаган ва келгусида унинг рухи жойлашиши лозим бўлган ҳайкаллар албатта портрет ўхшашликни талаб этган.
Канон — (юнон. “меъёр”, “қоида”) — маълум бир тарихий даврда санъатда қабул қилинган қоидалар тизими.
Do'stlaringiz bilan baham: |