5.3. Вақтни бошқаришнинг усуллари ва воситалари
Кўпчилигимиз ўз ҳаёт тарзимизни хотиржам ва бир маромда яшаяпмиз, дея олишимиз даргумон. Вақт етишмаслиги, ҳайбаракаллачилик ва қатъий цейтнот ҳолатлари шундай имтиҳонки, бу синовдан ҳамма ҳам ўта олмайди. Шахсий самарадорлик ҳақида гап кетганида, доимий “нимадан бошлашни билмаслик” ҳолатида юриш муносиб баҳо олмайди. Ҳиссий танглик эса кишининг иш унумдорлигини бўғади, тез чарчаш ва лоқайдликка олиб келади. Шу боис, стресс ёки ундан-да ёмонроғи – сурункали чарчоқ синдромининг қурбонига айланмаслик учун вақтни бошқариш ёки тайм-менежментни ўрганамиз.
Омадли одамлар шундай қилишади
Барча омадли одамлар жуда сермаҳсул бўлишади. Улар кўп ишлашади ва кўп нарсага улгуришади, бу эса сира бир-бирига мос нарса эмас. Сермаҳсуллик заминида эса биринчи навбатда жараён эмас, натижа ётади. Агар сиз ўз маҳсулдорлигингизни ошириш ниятида бўлсангиз, бунга қатъиян амал қилинг. Одамлар ўз вақтларини беҳуда ўтказадилар, чунки улар ўз маҳсулдорликларини ошириш ҳақида ўйламаганлар. Ва агар сиз шунга қарор қилсангиз, унда ортга чекинманг ва бу хислат токи табиатингизга сингиб кетмагунича барча омадли кишилар нима қилишса, шуни такрорланг.
Шахсий самарадорликнинг асосий сири вақтни тўғри тақсимлашдадир. Тайм-менежмент шахсий бизнес ёки карьеранинг оғир тутқунлигидан қочишга ёрдам беради.
Режалаштириш вақтни қутқаради
Ўз ҳаётида муваффақиятга эришганлар кўп вақтларини режалаштиришга сарфлайдилар. Ҳар кунлик режа тузиш самарадорликни ошириш ва вақтни унумли бошқаришда зарур. Қоидага кўра, олдиндан тўғри тузилган режа паст кўрсаткичларнинг олдини олади. Ҳамма вақт қоғозда ўйлаш ва режалаштириш лозим. Агар мақсад қоғозга тушмаса, демак, у мавжуд эмас. Вазифалар рўйхати – ўзига хос харита бўлиб, у сизнинг кўзланган мақсад сари йўлдан адашиб кетишингизга йўл қўймайди. Питер Ф.Друкер ўзининг “Самарали бошқарувчи” китобида вазифаларни қоғозда акс эттиришга қизиқтирадиган яхши бир қиёсни келтиради: “Қоронғи жойда бўлган одам вақт туйғусини тез йўқотади. Аммо ҳатто тим қоронғуликда ҳам аксарият кишилар макон туйғусини сақлаб қолишади. Ёруғ, аммо ёпиқ жойда сиз бир неча соатдан кейиноқ вақт ҳаракатини ҳис қилмай бошлайсиз. Ва агар сиз бундай жойда қанча вақтдан бери турганингизни ҳисоб-китоб қилмоқчи бўлсангиз, ўз ҳисобингиздан адашиб кетасиз. Шунинг учун биз фақат хотирамизга таянсак, вақтимиз нималарга кетаётганини сезмаймиз…”
Режа туширилган рўйхат бўйича ишлаш илк кунданоқ самарадорликни 25 фоизга оширади. Оқшомдаёқ эртага қилишингиз керак бўлган ишларингиз рўйхатини тайёрлаб қўйинг. Ишга келибоқ сиз ҳар доим кунни нимадан бошлашни биласиз. Кун давомида тузилган рўйхат асосида ишланг: янги иш пайдо бўлганида уни аввалги режалаштирилган ишлар рўйхатига муҳимлигига қараб тиркаб қўйинг. Рўйхатингиздаги вазифани бажарганингиз ҳамоно уни албатта ўчириб қўйинг. Бу сизга ўз ишидан қониқиш ҳиссини беради, ғайратлантиради ва қувват бахш этади. Йирик ишлардан тортиб энг майдаларига қадар, узоқ муддатлилару қисқа вақтлиларигача, бутун умрликдан бошлаб бир кунликни ҳам режалаштириб чиқинг. Ҳар бир вазифага муҳлат белгиланг. Қийин, мураккаб вазифани майда, кичик вазифаларга бўлиб чиқинг. Бунда сизга қарорлар дарахти ёрдам беради: бунда муҳим иш – дарахт, майда вазифачалар эса унинг шохларидир. “Шохлаш”ни токи қўшимча кичик вазифаларнинг барчаси оддий ва равшан, осон бўлмагунича давом эттиринг. Қачондир бирор ишга киришишдан олдин 10/90 қоидасини эсланг: ишга киришишдан олдин уни режалаштиришга сарфланган 10 фоиз вақт унинг ечимига кетадиган 90 фоиз вақтни тежайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |