Энг муҳими — асосийсини аниқлаш
Тайм-менежментнинг вазифаси – вақтида энг асосий ишни аниқлаб олиш. Ишларни муҳимлигига қараб жойлаштириб олиш мўлжалдаги вазифаларни яхшироқ бошқаришга кўмаклашади. Муҳим вазифаларни аниқлаб олганингиздан сўнг унинг натижасини – бажарилган ё бажарилмаганини баҳоланг. Агар муҳим вазифа ўз муддатида бажарилмаса, жиддий оқибатни келтириб чиқаради. Ишларни жойлаштириш учун “АБВГД” усули яхши ёрдам беради. Бу режалаштиришнинг энг оддий йўли бўлиб, ўзида рўйхатдаги ҳар бир вазифанинг муҳимлигига қараб даражалайди. Масалан, А ҳарфи билан белгиланган вазифалар энг муҳимлари, бажарилмай қолиши катта зарар келтирадиганлари. Бу усулнинг асосий хусусияти шундаки, Б ҳарфи билан белгиланган вазифалар то А белгиси остидаги юмушлар адо этилмагунича қилинмайди, В ҳарфи остидагиларга эса Б дагиларни тугатгачгина ўтиш мумкин. Охирги Д ҳарфи билан эса аҳамияти жуда кам вазифаларни белгиласангиз ҳам бўлади. Вазифаларни бу тартибда белгилаб олганингизда ҳар бирининг тўғрисига яна рақамларни ёзиб чиқишингиз мумкин: масалан, энг муҳим ишни рўйхатда А1 деб ажратиш мумкин.
Мажбурий самарадорлик қонуни
Вақтни бошқаришнинг асосий сири диққатни жамлаш ва қувватни аниқ мақсадга йўналтиришдадир. Бунинг учун энг биринчи навбатдаги масалани ечинг ва барчасини изчиллик билан амалга оширинг, яъни вазифаларни аниқ бир даврни амалга оширинг. Ишни ўлда-жўлда ташлаб кетиб, унга яна ва яна қайтиш унумдорликни 5 мартага камайтиради. Моцарт 3 та композиция устида бир вақтда ишлашнинг уддасидан чиқар, бунинг устига, уларни ҳақиқий шедевр даражасига етказарди. Лекин буни қоидадан кўра кўпроқ истисно, дейиш мумкин. Бах, Гайдн ёки Верди эса битта мусиқий асар устида маълум бир вақт давомида ишлашарди. Улар то бу ишни тугатмагунларича кейинги асар устида ишламасдилар. Мажбурий самарадорлик қонунидан фойдаланинг. У сизга ҳамма ишни қилишга вақт етмаслигини, аммо энг муҳимини бажаришга етишини англатади. Шунинг учун ҳам диққатни бир ерга жамлаб, катта наф ва натижа келтирадиган ишни биринчи навбатда амалга оширишга ўзида куч топишга ундайди. Вазифаларни 4 гуруҳга бўлиш мумкин: жадал ва муҳимлар; муҳим, аммо тиғиз бўлмаганлар; жадал, аммо муҳим бўлмаганлар; на жадал ва на муҳим бўлганлар. Бундай таснифлаш Америка президенти номи билан боғлиқ ва услуб ҳам Эйзенхауэр услуби деб аталади. Биринчи даражали вазифалар – жадал ва муҳимлари. Бундай ишларни кейинга суришга интилиш сизга кейинчалик ортиқча муаммо келтириб чиқаради, шунинг учун уларни кечиктирмай амалга ошириш лозим. Сўнг эса жадал бўлмаган, лекин муҳим ҳисобланган ишлар қилинади. Бундай ишларни ортга суриб турса бўлади, бироқ улар истиқболга таъсир ўтказиши мумкин. Жадал бўлмаган, аммо муҳим ишлар эса агар уларни бир четга суриб қўяверсангиз, жадал ва ўта муҳимга айланиб бораверади. Бундай бўлмаслиги учун уларга аввалдан вақт ажратиб қўйинг. Жадал, аммо номуҳим вазифалар муваффақиятларингизда кўпам роль ўйнамайди. Бундай ишлар билан шуғулланиш натижа бермайди ва сизнинг самарадорлигингизга катта таъсир ўтказиши мумкин. Ва улар вақт захирангизнинг катта қисмини эгаллайди. Бу юмушларни имкониятдан келиб чиқиб, бошқа бировга топшириш ёки уларнинг сонини камайтириш мумкин. Мантиқан олганда, жадал бўлмаган ва номуҳим ишларни қилмасликнинг ҳеч бир зиёни тегмайди. Бундай ишларни рўйхатингиздан бемалол чиқариб ташлашингиз ҳам мумкин.
“Қурбақа ейиш” нима дегани?
Қадимги ривоят шундай уқтиради: агар эрта тонгдан қилишингиз лозим бўлган ишда сиз тирик қурбақани ейишингизга тўғри келса, кун давомида юз бериши мумкин бўлган энг ёмон иш шу эканлигини айтиб, ўзингизга таскин беришингиз керак. Брайан Трейси, омадли бизнес-консультант, кун давомида қилиниши шарт бўлган энг ёқимсиз ва муҳим ишни қурбақага ўхшатади. Уни четга суриш билан сиз ортиқча ҳиссий зўриқиш ва кўнгилсиз натижага эга бўласиз. Ортиқча хаёлларсиз ва имиллашларсиз ҳаракат қилинг – шартта ишга киришинг ва шу юмушни бажаринг. Бу сизга кун давомида тетиклик бахш этади.
“Йўқ” деган сўз кўп вақт тежайди
Шахсий вақтни бошқаришда энг асосий сўз – баодоб айтилган “йўқ” сўзидир. Бажаришингиз шарт бўлмаган талабларга нисбатан “йўқ” дейишни ўрганинг. Хушмуомала бўлинг ва шундай рад этингки, буюрган киши сизнинг уни эмас, топшириқни рад қилаётганингизни тушунсин.
Иш вақтингиз ва бўш вақтни нимага сарфлаётганингизни назорат қилинг. Вақтингизни еб юборадиган машғулотларни белгиланг (масалан, ҳамкасблар билан янгиликлар муҳокамаси, телевизор каналларини мақсадсиз ўзгартириш ёки газеталардаги реклама саҳифаларини ўқиш). “Мен энди ҳеч қачон буни қилмайман” деган ном остида шундай фойдасиз машғулотларнинг рейтингини тузинг ва мақсадингизга яқинлаштирмайдиган, бирор наф келтирмайдиган ишларни улар сафига қўшинг.
Do'stlaringiz bilan baham: |