IV БОБ. БЕЛБОҒЛИ КУРАШГА ХОС СТАТИК ВА ДИНАМИК КУЧЛАНИШ ҲАРАКАТЛАРИ ДАВОМИДА МУВОЗАНАТ САҚЛАШ ФУНКЦИЯСИНИ ШАКЛЛАНТИРУВЧИ МАШҚЛАРНИНГ ЯЛПИ САМАРАДОРЛИГИ ВА УЛАРНИ ҚЎЛЛАШ МЕТОДИКАСИ
4.1. Юқори малакали белбоғли курашчиларда статик ва динамик кучланиш ҳаракатлари давомида мувозанат сақлашни шакллантирувчи машқларнинг ялпи самарадорлиги
Замонавий белбоғли кураш амалиётида турли ҳолатларда (олдинга, орқага ва ён томонларга эгилган ҳолатлар) рақибга нисбатан статик ва динамик мазмунли куч ёки кучланиш сифатларини сурункали қўллашга тўғри келади. Лекин машғулот ва мусобақа олишувларини кузатиш, суҳбат ва сўровномалар ҳамда жорий тадқиқотлар ўтказиш натижаларидан маълум бўлдики, юқори малакали белбоғли курашчиларда тик турган ва эгилган ҳолатларда, шу жумладан айланиш элементларини бажариш давомида намойиш этилган статик ва динамик кучланиш даражаси мувозанатнинг мукаммал сақланиб қолиши учун етарли эмас экан. Курашчилар ўз машғулотларида статик ва динамик кучланиш сифатларини “юксиз” ва “юкбилан” бажариладиган машқлар ёрдамида мунтазам ривожлантиришади. Уларда абсолют, портловчи куч, статик куч, инерцион ва динамик куч етарли даражада ривожланган бўлиши мумкин. Аммо ана шу куч сифатларининг функционал қиймати эгилган ва бурилиш-айланиш (рақибни кўтарган ҳолатларда) ҳаракатлари давомида статик ва динамик мувозанатни издан чиқариши жорий тадқиқотлар асосида тасдиқланди (3-бобда қайд этилган натижалар ва Германияда нашрдан чиқарилган илмий мақола2). Боз устига жорий тадқиқотларда иштирок этган курашчилар ноқулай томонга бош ва танани айланма ҳаракатлантиришганда мувозанат сақлаш қулай томонга айланишга нисбатан анча қисқа давом этди. Бундай ҳолат техник-тактик усулларнн қўллашда айниқса рақибни кўтариб бурилиб ёки айланиб ташлаш усулларини барбод қилиши муқаррар. Ана шу муаммоларни эътиборга олган ҳолда биз юқори малакали белбоғли курашчиларда статик-динамик кучланиш ҳаракатлари давомида мувозанат сақлашни мукаммаллаштирувчи машқларни ишлаб чиқдик ва уларнинг ялпи самарадорлигини 10 ойлик педагогик тажриба асосида ўргандик. Тажрибада ҳар бири 12 нафардан иборат назорат (НГ) ва тажриба (ТГ) гуруҳлари иштирок этди (тажрибани ўтказиш муддатлари, шартлари, ишлаб чиқилган машқларнинг номлари, мазмуни ва такрорланиш меъёрлари 2-бобда очиб берилган).
Тажриба давомида назорат ва тажриба гуруҳлари билан ўтказилган тестлар натижалари бир-биридан яққол фарқланувчи кўрсаткичлар динамикаси билан қайд этилди. Чунончи, юқори малакали белбоғли курашчиларда ҳаракат ва кўриш рецепциялари иштирокида вестибуляр анализатор устуворлигида бошқариладиган мувозанат сақлаш функцияси қўлланилган тестларнинг кинематик хусусиятига (статик ёки динамик мазмуни) қараб турлича шаклланганлиги маълум бўлди. Жумладан, “Жипслаштирилган оёқлар учида туриб, кўз юмилган ҳолатда белбоғни ушлаш тақлиди билан мувозанат сақлаш” тести кўрсаткичлари тажриба давомида анъанавий мазмунли машғулотларда шуғулланиб борган НГда тажрибадан олдин ўртача 4,7±0,6 сек.ни ташкил этган бўлса, тажрибадан кейин 5,2±0,8 сек. билан ифодаланди. Ушбу функция кўрсаткичининг 10 ойлик ўсиш суръати 0,5 сек.га тенг бўлди (4.1-жадвал).
Тажриба давомида ўз машғулотларида ишлаб чиқилган экспериментал машқларни мунтазам бажариб борган ТГда эса мазкур кўрсаткичлар мувофиқ равишда 5,2±0,7 ва 7,1±1,2 сек ни ташкил этди.
“Бир оёқда тик туриб, иккинчи оёқни кўтариб буккан ҳолатда гавдани орқага эгиб, белбоғни ушлаш тақлиди билан мувозанат сақлаш” тести натижалари НГда тажрибадан олдин 3,9±0,4 сек билан ифодаланган бўлса, тажрибадан кейин ушбу кўрсаткич ўртача 4,3±0,6 сек гача ортди, холос. Мувозанат сақлаш функциясининг ўсиш суръати 0,4 сек билан ифодаланди. ТГда эса мувозанат сақлаш вақтининг давом этиши тажрибадан аввал 4,3±0,6 сек.ни ташкил этган бўлса, тажриба якунига келиб мувозанат сақлаш вақтининг давом этиши 7,3±1,4 сек.гача ортди, ёки ушбу функциянинг шаклланиш суръати 3,0 сек гача прогрессив томонга ўзгарди.
4.1-жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |