2. Илмий билиш, унинг шакллари ва усуллари.
Илмий билишнинг эмпирик даражаси. «Эмпирик» деган тушунча замирида «эмпирия», яъни «тажриба» тушунчаси ётади. Лекин бу билишнинг эмпирик даражаси тажрибадангина иборат деган маънони билдирмайди. Илмий назариянинг зарур эмпирик базаси экспериментдир,
у ҳозирги замон фани ривожининг муҳим омилига айланди. Фаннинг, биринчи навбатда табииётнинг бутун тараққиёт тарихи эксперимент билан бирон-бир тарзда боғлиқдир. Табииёт фанини кўпинча экспериментал фан деб атаб, бу билан унинг илгари антик ва ўрта асрлар фани доирасида мавжуд бўлган табиатни билиш усулларидан фарқини таъкидлаб кўрсатадилар. Янги замон фани томонидан амалга оширилган оддий, ўз имкониятига кўра ғоят чекланган ва ҳодисаларни юзаки ўрганиш ва таснифлаш учунгина яроқли бўлган ҳодисаларни оддий кузатиш методидан экспериментга асосланган янги методга ўтиб, ҳодисаларни мунтазам ва муайян мақсадни кўзлаб фаол тадқиқ этишга ўтиш билишнинг тарихий ривожланиш йўлидаги муҳим босқич бўлди.
Экспериментлар икки синфга бўлинади: сифатий ва миқдорий экспериментлар. Сифатий ва анча оддий экспериментнинг мақсади ҳодисанинг фақат мавжудлик фактини аниқлашдан иборат. Масалан, ёруғлик синиши кўрсаткичлари турлича бўлган муҳитлар чегарасидан ёруғлик ўтишини тадқиқ қилиб, синиш факти мавжудлигини осонлик билан аниқлаш мумкин. Сифатий эксперимент мураккаб ўлчов системалари ва маълумотларни ишлаб чиқиш системалари билан камроқ жиҳозланади.
Илмий билишнинг назарий даражаси. Ҳар қандай назария, бу – фактларни ишончли тарзда билишгина эмас, ўрганилаётган ҳодисаларнинг эмпи-рик таърифигина эмас, у бу фактларни тушунтириш функциясини ҳам бажаради. Гипотезалардан фарқли ўлароқ, назария тўғри ва асосли тушунтириш имконини беради. Назария мавжуд ва аниқланган фактларни муайян соҳадаги қонунлар ва бошқа мавжуд алоқаларнинг мантиқан зарур оқибати сифатида тушунтиради. Яъни назарияда бизни қуршаб турган ҳодисалар ва воқеаларни тасодифлар тартибсизлиги деб эмас, балки объектив зарур ва қонуниятли муносабатларнинг кўриниш ва мавжуд бўлиш шакли сифатида изоҳлаш мумкин бўлади.
Бундан ташқари, олдиндан айтиш, илмий башорат қилиш илмий назариянинг муҳим функциясидир. Ўтмишни ва ҳозирни тушунишга, йиғилган ва маълум фактларнинг моҳиятини фаҳмлашга имкон берадиган тушунтиришдан фарқли ўлароқ, илмий башорат ёрдамида келгусидаги тараққиётнинг асосий тенденциялари ва истиқболларини очиб бериш мумкин. Башорат қилиш учун фойдаланиладиган қонунлар «динамик», яъни воқеалар боришини бир маънода детерминлаштирувчи бўлса, бир маъноли башоратни амалга ошириш мумкин. Воқеалар содир бўлишининг у ёки бу эҳтимолини белгиловчи «статистик» қонунлар асосида башорат қилинса унда эҳтимолий башорат амалга оширилган бўлади.
Шундай қилиб, назария, бу – муҳим муносабатлар ва қонунларни билиш асосида объектив ва реал жараёнларни ифода этувчи тушунчалар тизимидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |