Пўлат тирсакли валларнинг заготовкалари болға ва прессда штамплаш орқали IT 8-9 квалитет бўйича аниқликда тайёрланади. Сериялаб ишлаб чиқаришда болғалар ёрдамида, оммавий ишлаб чиқаришда эса болғаловчи прессларда заготовкалар штампланади. Болғаловчи прессларда штамплаш 1,5-2 маротаба унумли, бунда штамплаш қияликларини 3-6 градусгача, механик ишлов бериш учун қўйимни 30-40% га ва металл сарфини 10-12% га камайтириш мумкин.
Штамплаш учун заготовка сифатида квадрат, думалоқ чивиқ ёки шаклдор прокатдан фойдаланилади. Шаклдор прокатдан фойдаланиш самарали ҳисобланади (бошланғич заготовканинг массаси 5-8% гача камаяди).
Прессда штамплаш орқали тирсакли вал заготовкасининг шакл ҳосил қилиниши 19.1-расмда кўрсатилган: а-штамплаш учун заготовка; б-букиш; в-дастлабки ва якуний штамплаш; г-ўсмаларини қирқиб ташлаш; д - горизонтал-болғалаш машинасида фланецни чўктириш.
|
19.1-расм. Пресс ёрдамида штамплаш орқали тирсакли вал заготовкасининг шаклини ҳосил қилиш:
а-штамплаш учун заготовка; б-букиш; в-дастлабки ва якуний штамплаш; г-ўсимталарни кесиб ташлаш; д- горизонталь-болғалаш машинасида фланецини чўктириш
|
Қуйма валларнинг заготовкалари асосан икки усулда олинади: тупроқли ва ариқчали шаклларга қуйиш. Ариқчали шаклларга қуйиб олинган тирсакли валларнинг заготовкалари юқори аниқликка эга бўлади (IT5-IT7) ва сирт ғадир-будурлиги Rzқ40 га тенг бўлади, зичлиги юқори ва ишлатилиш сифатлари яхши бўлади.
19.2. Тирсакли валларнинг заготовкаларига механик ишлов бериш
Тирсакли валларнинг заготовкаларига механик ишлов беришнинг асосий операциялари қуйидагилардир:
а) технологик базаларга ишлов бериш (торецларини, марказий тешиклар ва платиклар); б) асосий ва шатунли бўйинларини, бўйинларга ва галтелларга ишлов бериш; в) мой каналларига ишлов бериш; г) фланецдаги ва вал кетларидаги тешикларга ишлов бериш; д) бўйин сиртларини пардозлаш; е) вални мувозанатлаш.
Тирсакли валнинг торецлари ва марказий тешиклари фрезалаш-марказлаш дастгоҳларида битта операцияда ёки фрезалаш ва марказлаш дастгоҳларида иккита операцияда ишлов берилади. Валларни оммавий ишлаб чиқаришда марказлаш учун барабан туридаги фрезалаш – марказлаш дастгоҳлари қўлланилади.
19.2-расм. Тирсакли вал заготовкасининг торецларини фрезалаш ва мараказлашда ориентирлаш схемаси:
1 ва 2 – марказловчи призмалар; 3 – заготовкани ўқи бўйича ориентирлаш учун призма
Заготовка иккала четки асосий бўйинлари орқали бир–бирига боғлиқ бўлмаган ҳолда гидравлик ёки пневматик суриладиган (1) ва (2) призмали мослама ёрдамида марказланади (19.2-расм), бу ўрнатиш ва маҳкамлаш заготовкани бир оз текислайди; заготовка ўқ бўйича йўналишда қўзғалувчан призма (3) ёрдамида фиксацияланади. Барабан туридаги мосламалар тўрт ва ундан ортиқ заготовкаларни ўрнатиш учун фойдаланилади.
Кейинги пайтда заготовканинг геометрик ўқи бўйича эмас, балки инерция ўқи бўйича марказловчи мувозанатловчи-марказловчи дастгоҳлар қўлланила бошлади. Заготовка мувозанатланган қисувчи мосламалар ёрдамида ўрнатилади. Мослама горизонтал ўқи атрофида айланади. Кўзда тутилган махсус тизим туфайли заготовка айланаётган мосламада автоматик равишда ўз ҳолатини ўзгартириб, маълум бир айланишлар сонида заготовканинг инерция ўқи дастгоҳ шпинделига ўрнатилган марказловчи парманинг ўқига тўғри келиб қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |