I Қисм. Машинасозлик технологияси асослари I боб. МАШИНАЛАРНИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ Машина ишлаб чиқариш объекти сифатида
Машина бирор бир энергияни бошқасига айлантирадиган ёки фойдали иш бажарадиган мақсадли ҳаракат қилувчи механизм ёки механизмлар мажмуасидир. Ўз вазифасига асосан машиналар икки синфга бўлинади: бир турли энергияни фойдали иккинчи тур энергияга айлантирадиган машина двигателлар ва иш объектининг шаклини, хоссаларини ва ҳолатини ўзгартирадиган ишчи машиналар.
Маҳсулот ишлаб-чиқариш корхоналарида ишлаб чиқариладиган буюмлардир. Маҳсулотлар ўз вазифасига биноан асосий ва ёрдамчи маҳсулотларга бўлинади.
Корхонадан ташқарига сотиладиган маҳсулот асосий маҳсулот ҳисобланади, корхона ўз зарурияти учун ишлатадиган маҳсулотлар эса ёрдамчи маҳсулотлар қаторига киради.
Стандарт бўйича маҳсулотларнинг қуйидаги турлари мавжуд:
Детал - бир жинсли ва бир маркали материалдан йиғиш операцияларисиз тайёрланган маҳсулот. Йиғиш жараёнида иштирок этадиган ҳар бир деталнинг туташадиган ва туташмайдиган сиртлари мавжуд бўлади. Агар деталнинг туташадиган сиртларидан бири бошқа детал сирти билан туташиб, олдинги деталга йўналиш берса, бу сирт асосий база дейилади, лекин кейинги қўшилаётган деталга йўналиш берадиган сирт эса ёрдамчи база дейилади.
Базавий деталлар деб йиғма бирликдаги бошқа деталларнинг тегишли равишда нисбий ҳолатини белгиловчи, боғловчи звено функциясини бажарувчи базавий сиртларга эга бўлган деталларга айтилади.
Й иғма бирлик (узел) - бу алоҳида йиғилиб ва кейинчалик йиғиш жараёнида яхлит ҳолда иштирок этувчи маҳсулотнинг бир қисмидир.
Маҳсулотни умумий йиғиш жараёнида бевосита иштирок этувчи узелларга биринчи тартибли йиғма бирликлар деб аталади. Биринчи тартибли йиғма бирлик таркибига кирадиган йиғма бирлик иккинчи тартибли йиғма бирлик дейилади ва ҳ.к. Айрим ҳолларда алоҳида деталлар ҳам бевосита ҳар қандай тартибли йиғма бирликлар таркибига кириши мумкин (1.1-расм).
Йиғилган маҳсулот нолинчи тартибли йиғма бирлик бўлиб ҳисобланади.
Йиғма комплект деб маҳсулотни ёки унинг таркибий қисмини йиғиш учун иш жойига етказиб бериладиган маҳсулотнинг таркибий қисмлари гуруҳига айтилади.
Машинасозлик корхоналарида алоҳида машиналар ва уларнинг қисмидан ташқари ишлаб чиқариш объекти ҳисобланган маҳсулотларнинг комплекси ва комплекти бўлиши мумкин.
Комплекс - маҳсулотнинг икки ёки ундан ортиқ ихтисослаштирилган қисмлари бўлиб, улар ушбу маҳсулотни тайёрловчи корхонада йиғиш операцияси орқали бир-бири билан бириктирилмайди, бироқ ўзаро боғлиқ бўлган эксплуатацион функцияни бажариш учун мўлжалланган бўлади. Масалан: автоматик оқим, цех - автомат, СДБ-сонли дастур билан бошқариладиган дастгоҳларнинг панеллари ва бошқалар.
Комплект - икки ёки ундан ортиқ маҳсулотлардан иборат бўлиб, улар ишлаб чиқариш корхонасида йиғиш операцияси орқали ўзаро бириктирилмаган буюмлар тўпламидан иборат бўлади ва ёрдамчи хусусиятга эга бўлган умумий эксплуатацион вазифани бажариш учун мўлжалланган бўлади. Масалан: эҳтиёт қисмлар, асбоб-ускуналар, ўлчаш воситалари тўплами ва шунга ўхшашлар.