19.3. Тирсакли валларнинг бўйинларига ишлов бериш
Кўпчилик корхоналарда валларнинг бўйинлари термик ишлов берилишига қадар токарлик ва жилвирлаш дастгоҳларида ишлов берилади, термик ишлов берилгандан кейин эса жилвирлаш, ялтиратиш ёки суперфинишлаш дастгоҳларида ишлов берилади. Айрим ҳолларда бўйинларга ишлов беришда фрезалаш қўлланилади. Вал заготовкаси токарлик ва жилвирлаш операциялари орасида тўғриланади, айрим ҳолларда марказий тешикларда тўғриланади.
Йирик серияли ва оммавий ишлаб чиқаришда токарлик, пармалаш, жилвирлаш ва бошқа дастгоҳлар автоматик линияга терилади.
Узун тирсакли валлар заготовкаларининг асосий бўйинларини йўнишда ўрта асосий бўйини бўйича таянч қилиб марказларга ўрнатилади. Бунинг учун ўрта асосий бўйин дастлаб токарлик ва жилвирлаш дастгоҳларида ишлов берилади. Токарлик ишлов бериш учун одатда, икки томонлама юритмали кўп кескичли махсус дастгоҳлардан фойдаланилади. Бу дастгоҳларда заготовка иккита патрондаги марказга ўрнатилади (19.3-расм). Дастгоҳ конструкциясида ишлов бериш жараёнида ўзгармас кесиш тезлигини таъминлаш учун шпинделнинг айланишлар сонини поғонасиз ўзгартириш кўзда тутилган. Дастгоҳ бўйинни 0,2-0,3 мм гача аниқликда (IT5-IT7 бўйича) ва Rzқ40 сирт ғадир-будирликда йўнишга имкон беради. Вал бўйинларининг тепиши 0,3-0,5 мм га тенг.
Токарлик ишлов берилгандан кейин ўрта бўйин қирқиб олиш усулида люнет ости учун жилвирланади. Бўйин билан бир пайтда бўйин тореци ва галтеллар жилвирланади. Бундай ҳолларда жилвирлаш дастгоҳларида заготовка марказларга ўрнатилади, заготовканинг айланма ҳаракати эса поводкали патрон ёрдамида амалга оширилади. Жилвирланадиган бўйин, одатда, созланадиган люнетга таянади ва бўйин диаметрининг ишлов бериш аниқлиги IT3 квалитет атрофида бўлади.
Ўрта асосий бўйиндан қўшимча таянч сифатида фойдаланиб кейинги операцияларда қолган асосий бўйинлар, фланец ва олдинги поғонали кети йўнилади; шу билан бир пайтда бўйин тореци, фланец ва галтеллар йўнилади. Бунинг учун марказий юритгичли кўп кескичли токарлик ярим автоматлар қўлланилади. Бу дастгоҳларда заготовкалар марказларга ўрнатилади, марказий асосий бўйин эса люнетга ўрнатилади (19.4-расм). Етаклаш тортқиси вазифасини ўрта бўйиннинг жағи ўтайди. Ушбу операцияда бир пайтнинг ўзида қолган асосий бўйинлар (ўрта бўйиндан ташқари), валнинг поғонали кети, фланец йўнилади, жағнинг ва галтелнинг торецлари кесилади. Бўйинлар радиал призматик кенг кескичлар билан йўнилади, бу кескичлар олдинги ва кетинги суппортларга ўрнатилган бўлади.
|
19.3-расм. Икки томонли юритмали токарлик ярим автоматда тирсакли валнинг ўрта бўйнини йўниш ва бўйинларини кесиш
19.4-расм. Марказий юритмали токарлик ярим автоматда тирсакли валнинг асосий бўйинларини ва кетини йўниш
|
Токарлик ишлов беришнинг иккинчи усулига ўтиш учун, яъни шатунли бўйинларни йўниш учун аниқ асосий базаларни (асосий бўйинларни) тайёрлаб олиш зарур. Бунинг учун икки ёки кўп жилвиртош доирали думалоқ жилвирловчи дастгоҳларда барча асосий бўйинлар ва вал кетлари дастлаб жилвирлаб олинади.
Шатунли бўйинлар жуфт-жуфт йўнилади (айланишнинг бир ўқида жойлашган иккитадан бўйни), масалан, аввал биринчи ва олтинчи, кейин иккинчи ва бешинчи ва охири учинчи ва тўртинчи бўйинлар йўнилади ёки барча бўйинлар бир пайтда йўнилади. Иккала ҳолда ҳам бўйинга туташ жағ ва галтел сиртлари йўнилади. Биринчи ҳолда олтита тирсакли валнинг шатунли бўйинлар бир пайтда ишлов берилиши мумкин. Биринчи вариант бўйича ишлов бериш учун икки томонлама юритмали дастгоҳдан фойдаланиш мумкин. Бундай ҳолда ишлов бериладиган иккита бўйин ўқи дастгоҳ шпиндели ўқига тўғри келадиган ҳолатда тирсакли вал ўрнатилади. Бунинг учун асосий ўрта бўйинни ишлов беришдаги каби вални маҳкамловчи мосламадан фойдаланилади. Вални мосламага ўрнатишда асосий бўйин ўқи шпинделнинг айланиш ўқига нисбатан кривошип радиуси катталигида силжитилади.
Иккинчи вариант бўйича ишлов бериш учун ишлов бериладиган шатунли бўйинлар сонига тўғри келадиган ишчи суппортли махсус мақсаддаги дастгоҳлардан фойдаланилади. Вал четки асосий бўйинлари бўйича ўрнатилади ва асосий бўйиндаги люнетга таянади.
Шатунли бўйинлар асосий бўйинларни токарлик ишлов беришдаги суришга нисбатан кичик суришда йўнилади. Бу валнинг деформацияланишини (буралишини) камайтиради.
Кейинги пайтда бўйинларни, жағ ва галтелларни ротацион фрезалаш усулида ишлов бериш қўлланилмоқда.
Бундай фрезалаш заготовканинг кичик тезликда айланиши ва вақт бирлигида катта миқдорда металл кесиб олиниши билан характерланади.
Пўлат заготовкали тирсакли валларнинг бўйинларини дастлабки жилвирлаш термик ишлов берилгунга қадар ва охирги жилвирлаш термик ишлов берилгандан кейин амалга оширилади.
600-800 мм узунликдаги 65-80 мм диаметрли тирсакли валлар заготовкаларининг бўйинлари, жағ ва галтелларини жилвирлаш учун қўйим термик ишлов берилгунга қадар ҳар иккала томонга 0,3-0,5 мм дан қолдирилади ва термик ишлов берилгандан кейинги жилвирлаш учун ундан ҳам камроқ қўйим қолдирилади.
Бўйинлар тоза жилвирлангандан кейин юқори тозаликдаги ишчи сирт ҳосил қилиниши учун пардозловчи ишлов берилади. Пардозловчи операцияларнинг асосийлари суперфинишлаш, ялтиратиш ва микрофинишлар ҳисобланади.
Юқори юкланишда ишлайдиган тирсакли валларнинг чарчаш мустаҳкамлигини ошириш учун сирт мустаҳкамлаш қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |