268-модда. Транспортнинг хавфсиз ишлашини таъминлашга доир қоидаларни бузиш
Йўловчи, пиёда, велосипед, от-улов транспортининг ҳайдовчиси ёки йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчилари томонидан, ушбу Кодекснинг 261-26З, 265 ёки 266-моддаларида назарда тутилган шахслардан ташқари, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини ёки барча турдаги транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат одам ўлишига сабаб бўлса, -
олти ойгача қамоқ ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) одамлар ўлимига;
б) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Транспортдан фойдаланиш ёки ҳаракат хавфсизлиги нафақат ҳайдовчи ҳамда транспорт воситасининг техник ҳолатига, балки ҳаракатнинг бошқа қатнашчилари бўлган йўловчилар, пиёдалар, от-улов транспорти ҳайдовчилари, велосипед ҳайдовчиларига ҳам боғлиқ. Турли хилдаги транспорт воситалари учун ҳам ҳаракат қоидалари (масалан, йўл ҳаракати қоидалари, метрополитендан фойдаланиш қоидалари, авиайўловчилар ҳаракати қоидалари) ўрнатилган. Юқоридаги қоидаларни бузган шахс ҳам шахсан ўзи учун, ҳам ҳаракатнинг бошқа қатнашчилари учун хавф туғдириши мумкин.
2. Шарҳланаётган жиноятнинг объекти транспорт воситалари ҳаракати ва улардан фойдаланиш соҳасида жамоат хавфсизлигини таъминлашдан иборат ижтимоий муносабатлар ҳисобланади. Қўшимча объект жабрланувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи, ўзганинг мулки ҳисобланади.
3. Жиноят объектив томондан ЖК 261-263, 265 ва 266-моддаларида белгиланган шахслардан ташқари йўловчилар, пиёдалар, велосипед ҳайдовчилари, от-улов транспорти ҳайдовчилари ёки бошқа турдаги ҳаракат қатнашчилари томонидан барча турдаги транспорт воситалари ҳаракати ёки фойдаланиш хавфсизлигининг бузилиши натижасида баданга ўртача оғир ёки оғир тан жароҳатлари етказишдан иборат.
4. ЖК 268-моддаси диспозицияси бланкетли бўлиб, жиноят белгиларини аниқлаш учун транспорт воситалари ҳаракати ёки шу транспорт воситаларидан фойдаланиш жойларида (261-263, 265 ва 266-моддаларида белгиланган шахслардан ташқари) йўловчилар, пиёдалар, ҳаракатнинг бошқа қатнашчилари ҳаракати қоидаларини белгиловчи махсус қоидаларга мурожаат қилиш зарур. Ушбу қоидалар темир йўл, сув, автомобиль ёки бошқа турдаги транспорт воситаларининг идоравий норматив ҳужжатларида берилган.
5. Ҳаракат хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши ҳаракат қатнашчиларига тақдим этиладиган транспорт воситаларининг ҳаракати ва фойдаланиш хавфсизлигини таъминловчи талаблар бажарилмаганлигидан далолат беради.
Қоидаларнинг бузилиши темир йўл ёки бошқа йўлларни белгиланмаган жойларда кесиб ўтиш, тақиқловчи сигналлар остида йўловчининг ўзбошимчалик билан аэродромнинг учув-қўнув майдонига чиқиши, стоп-краннинг олиб ташланиши ҳамда шу йўл билан темир йўлнинг ҳаракатланадиган таркибининг тўхташи, транспортдаги ўзгалар учун кириш тақиқланган жойларга (масалан, пилот кабинасига) киришда ифодаланиши мумкин.
Шарҳланаётган жиноятнинг аниқ ифодаланиши турлича бўлиши мумкин, шу туфайли уларнинг тўлиқ рўйхатини беришнинг иложи йўқ. Қонунда белгиланган қоидалар кўпинча йўлларни белгиланмаган жойларда кесиб ўтувчи, ҳаракатланаётган транспортга яқин бўлган жойларда бирданига пайдо бўлувчи пиёдалар томонидан бузилади. Жиноят ишларини кўриб чиқишда ва тергов қилишда айбдор томонидан бузилган қоидалар ва улар нималарда ифодаланишини аниқлаш лозим.
6. Жиноят баданга ўртача оғир ёки оғир тан жароҳатлари етказилиши пайтидан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Жиноятнинг юқорида келтирилган оқибатлари мавжуд бўлмаган тақдирда қилмиш маъмурий жавобгарлик тартибида кўрилади.
7. Жиноят субъектив томондан айбнинг эҳтиётсизлик шакли билан тавсифланади. Шахс транспорт воситалари ҳаракати ва фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши натижасида ижтимоий хавфли оқибатларнинг келиб чиқишини кўра олади, лекин етарли асосларсиз уларнинг олди олинишига ишонади ёки ўзининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида ижтимоий хавфли оқибатлар келиб чиқишини олдиндан кўра билиши лозим ҳамда мумкин бўлган бўлса-да, уларни кўра билмайди.
8. Жиноят субъекти ЖК 261-263, 265, 266-моддаларида назарда тутилган жавобгарликка тортилувчи шахслардан ташқари, пиёдалар, от-улов транспорти ҳайдовчилари, велосипед ёки юк транспортини бошқарадиган шахслар, тиркамали аравачалар, чана, болалар ва ногиронлар аравачаларини олиб ўтувчи шахслар ҳисобланади1. От-улов транспорти ҳайдовчилари ҳаракатларининг шарҳланаётган модда бўйича квалификация қилиш имконияти, улар томонидан ҳаракат хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши механик транспорт воситаси билан йўл-транспорт ҳодисаси юз беришига олиб келгандагина амалга оширилади. Бошқа барча ҳолатларда (масалан, пиёдани босиб кетиш) ЖК 268-моддаси бўйича уларнинг жавобгарлиги истисно этилади.
Агар транспорт воситалари ҳаракати ва фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши бир неча транспорт воситалари ҳайдовчилари ёки йўл ҳаракати бошқа қатнашчиларининг жиноий ҳаракатлари билан сабабий боғланишда бўлса, уларнинг барчаси Жиноят кодексининг муайян моддалари билан жавобгарликка тортилади.
9. “Ҳаракат қатнашчиси” атамасини кенг қамровда кўриб бўлмайди. Уларга ҳаракатни назорат қилувчи милиция ходимларини, “назорат қилувчи” тушунчасини ўз ичига олувчи бошқа шахсларни, йўл қурилиши (ўтиш қисмини таъмирлаш, белгилар қўйиш, қор тозалаш ва ҳоказолар) билан боғлиқ бўлган шахсларни киритиш мумкин эмас. Бу шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Йўл ҳаракати қоидаларига асосланган бўлса-да, мустақил характерга эга бўлган муайян идоравий йўриқномалар билан белгиланади.
10. Шарҳланаётган модданинг 2 ва 3-қисмларида белгиланган оқибатларнинг квалификация қилинган ва махсус квалификация қилинган таркиби ажратиб кўрсатилган. Квалификация қилинадиган белги сифатида одам ўлими тарзидаги оқибат, махсус квалификация қилинадиган белги сифатида - одамларнинг ўлими, ҳалокат ёки бошқа оғир оқибатлар келтирилган. Ушбу белгилар ЖК 26-моддасининг 2, 3-қисми таҳлили жараёнида шарҳланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |