264-модда. Темир йўлнинг ҳаракатланадиган таркибини, ҳаво, денгиз ёки дарё кемасини олиб қочиш ёки эгаллаб олиш
Темир йўлнинг ҳаракатланадиган таркибини, ҳаво, денгиз ёки дарё кемасини олиб қочиш ёки эгаллаб олиш -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
б) зўрлик ишлатиб ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб содир этилган бўлса, -
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, темир йўлнинг ҳаракатланадиган таркибини, ҳаво, денгиз ёки дарё кемасини олиб қочиш ёки эгаллаб олиш ундан фойдаланиш тартибини бузади, транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига, фалокатли вазиятларни юзага келтириш, моддий ҳамда бошқача зарар етказиш, одамлар ўлиши ёки улар соғлиғига зарар етказилиши хавфини пайдо қилади.
Транспорт воситаларини олиб қочиш ёки эгаллаб олиш аксар ҳолларда бошқа жиноий мақсадларни амалга ошириш учун, хусусан, чегарани қонунга хилоф равишда кесиб ўтиш, кейин ультиматум баён этиш шарти билан одамларни гаровга олиш, транспортдаги қимматбаҳо мол-мулк, шу жумладан қурол-яроқ ва ўқ-дориларни талаб қилиш, ўғирлаш восита сифатида қўлланади. Бундай ҳолларда айбдор ҳаракатлари содир этилган жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилинади.
2. Жиноят объекти - парвозлар, кемалар қатнови, темир йўлнинг ҳаракатланадиган таркибининг хавфсизлиги, йўловчилар, ҳаво ёки денгиз кемалари экипажлари, поезд бригадалари аъзоларининг соғлиғи ҳисобланади.
Қўшимча объект сифатида жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ижтимоий муносабатлар, инсонлар ҳаёти, мол-мулк бутлиги иштирок этиши мумкин.
3. Транспорт воситаларининг чекланган доираси жиноят предмети бўла олади: темир йўлнинг ҳаракатланадиган таркиби, ҳаво, денгиз ёки дарё кемаси.
Темир йўлнинг ҳаракатланадиган таркиби бу локомотивлар, алоҳида вагонлар, платформа ва ҳоказолар (баъзан таъмирлаш ва ёрдамчи ишларда қўлланадиган дрезина ҳамда мотрисалар мазкур жиноят предметига кирмайди).
Ҳаво кемаси - ҳаво билан ўзаро ҳаракатга киришиши оқибатида, ер сатҳига урилиб қайтган ҳаво бундан мустасно, атмосферада муаллақ ҳаракатланадиган ҳар қандай аппарат.
Ҳаво кемалари қаторига самолётлар, вертолётлар, планёрлар, ҳаво шарлари, дирижабллар ва бошқа учиш аппаратлари киради.
Денгиз ёки дарё кемаси - сувда юк ёки йўловчи ташишга қаратилган, саноат, ҳарбий, илмий-тадқиқот ва бошқа мақсадларга мўлжалланган иншоотдир. У ўзиюрар ва ўзи юрмайдиган, бевосита сувда, сувустида (ҳаво ёстиғида) ва сувостида ҳаракатланувчи бўлиши мумкин.
4. Объектив томондан шарҳланаётган жиноят қуйидаги ҳаракатлардан бирини амалга ошириш билан транспорт устидан рухсат этилмаган назорат ўрнатишда ифодаланади: кўрсатилган транспорт воситаларидан бирини олиб қочиш ёки эгаллаб олиш. Бунда назорат деганда, транспорт воситасини назорат қилаётган шахс ундан ўз ихтиёрига кўра фойдаланиш имкониятига эга бўлиши тушунилади.
5. Олиб қочиш - темир йўлнинг ҳаракатланадиган таркибини, ҳаво, денгиз ёки дарё кемасини ушбу транспорт турининг асосий ташиш воситалари ёрдамида қонунга хилоф равишда, жиноятчи танлаган йўналиш бўйича бошқа географик нуқтага кўчиришдан иборат. Транспортни кўчириш амалда нафақат айбдорнинг ўзи ва унинг ҳамтовоқлари томонидан, балки бошқа, олиб қочишга алоқадор бўлмаган шахслар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин - бу ҳолда, кўрсатилган шахс транспортни айбдор томонидан берухсат ўзгартирилган йўналиш бўйича йўналтиради.
Ҳаракатда бўлмаган темир йўлнинг ҳаракатланадиган таркибини, денгиз ёки дарё кемасини олиб қочиш улар жиноятчилар назорати остида ҳаракатга келтирилган вақтдан бошлаб тугалланган жиноят деб ҳисобланади. Номи зикр этилган транспорт воситалари ҳаракатда бўлса, жиноятчилар ҳаракати билан боғлиқ равишда уларнинг йўналишининг ўзгариши юз берган вақтдан бошлаб жиноят тугалланган ҳисобланади.
Ерда турган ҳаво кемасини олиб қочиш, бундан аввал кема эгаллаб олинган ёки олинмаганлигидан қатъи назар, ердан кўтарилган вақтдан бошлаб тугалланган жиноят деб ҳисобланади.
Парвоздаги ҳаво кемаси жиноятчилар ихтиёрига кўра йўналишини ўзгартирган вақтдан бошлаб олиб қочилган деб ҳисобланади.
6. Транспорт воситасини олиб қочганлик учун жавобгарлик уни ким бошқараётганлиги: олиб қочган шахслар ёки экипаж аъзолари эканлигига боғлиқ эмас, - кўп ҳолларда кемани жиноятчилар назорати остидаги экипаж бошқариб боради.
7. Эгаллаб олиш - кема ёки таркибни тўхтаб турган ёки йўналиш бўйлаб ҳаракатланаётган вақтда зўрлик ишлатиб ёки ишлатмай эгаллашдан иборат. Эгаллаб олиш кўп ҳолларда олиб қочишдан аввал юз беради, агар кейинчалик транспорт воситасини олиб қочиш мақсади мавжуд бўлганда, жиноятнинг объектив томонининг мустақил белгиси сифатида ҳам иштирок этиши мумкин.
Транспорт воситасини эгаллаб олиш айбдор темир йўлнинг ҳаракатланадиган таркибини, ҳаво, денгиз ёки дарё кемаси ёхуд уларнинг экипажи устидан назорат ўрнатиб, ушбу воситалар билан ўз ихтиёрига кўра иш юритиш имкониятига эга бўлганидан сўнг тугалланган жиноят деб ҳисобланади.
8. ЖК 264-моддасининг 1-қисми бўйича жавобгарликни назарда тутувчи жиноят транспорт воситаси олиб қочилган ёки эгаллаб олинган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
9. Транспорт воситасини олиб қочиш ёки эгаллаб олишда жиноятнинг субъектив томони тўғри қасддан содир этилиши билан ажралиб туради. Айбдор темир йўлнинг ҳаракатланадиган таркиби, ҳаво, денгиз, дарё кемасини олиб қочиш ёки эгаллаб олишдан иборат бўлган қонунга хилоф ҳаракатларни амалга ошираётганлигини англайди ва шуни хоҳлайди.
Мотив ва мақсад турлича бўлиши мумкин. Агар айбдор жиноят предметини ҳуқуққа хилоф равишда, қайтиб бермаслик мақсадида амалга ошираётган бўлса, у ҳолда унинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича талон-торож қилиш сифатида квалификация қилиниши лозим.
10. Ўн олти ёшга тўлган, ҳар қандай ақли расо шахс, жумладан ҳаво ёки сув кемаси экипажи ёки темир йўлнинг ҳаракатланадиган таркиби аъзолари жиноят субъекти бўлиши мумкин.
11. ЖК 264-моддасининг 2-қисми, агар ушбу қилмишлар қуйидагича амалга оширилган бўлса, темир йўлнинг ҳаракатланадиган таркиби, ҳаво, денгиз ёки дарё кемасини олиб қочиш ёхуд эгаллаб олишнинг квалификация қилинган турларини белгилаб беради:
а) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
б) зўрлик ишлатиб ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб содир этилган бўлса.
(Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириш тушунчаси тўғрисида ЖК 29-моддаси шарҳига қаранг.)
12. Транспортни зўрлик ишлатган ҳолда ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб олиб қочиш ёхуд эгаллаб олиш транспорт воситасини бошқараётган ёки транспорт воситасида бўлган йўловчиларга нисбатан транспорт воситасини олиб қочиш ёки эгаллаб олишга қарши реал ҳамда юз бериши мумкин бўлган қаршиликни синдириш мақсадидаги турлича жисмоний ё руҳий таъсир ўтказишнинг ҳар хил турларини қамраб олади. Зўрлик азоб етказиши ва оқибатлар келтириб чиқармаслиги, аммо зўрлик ишлатиш натижасида баданга оғир, ўртача оғир ёки енгил шикаст етказилиши мумкин. Айбдор ҳаракатлари туфайли ана шундай оқибатлар келиб чиқса, унинг ҳаракатларини ЖК 264-моддаси 2-қисмининг “б” банди бўйича квалификация қилиш керак.
Агар зўрлик ишлатиш оқибатида ўлим ҳодисаси юз берса, у ҳолда қилмиш жиноятлар мажмуи тариқасида квалификация қилиниши лозим.
13. Зўрлик ишлатиш олиб қочиш воситаси бўлиб хизмат қилганидагина айбдор ҳаракатлари ЖК 264-моддаси 2-қисмининг “б” банди бўйича квалификация қилинади. Жиноятчилар томонидан зўрлик ишлатилмаган ҳолда самолётни эгаллаб олиш ҳамда олиб қочиш ҳоллари юз бериши, сўнгра улар йўловчиларни ўлдириши, ёки уларнинг соғлиғига шикаст етказиши, ёҳуд уларга қарши бошқа жиноий ҳаракатларни амалга ошириши мумкин. Бундай ҳаракатлар ЖК 264-моддаси 1-қисмидаги ҳаво кемасини олиб қочиш ва шахсга қарши тегишли жиноятни ташкил этади.
14. Зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш олиб қочишга қарши чиққан шахсларга руҳий таъсир ўтказиш, уларни зўрлик ишлатиш, самолётни йўқ қилиб юбориш билан, қурол ёки бошқа зарар етказувчи мосламалар билан қўрқитишни кўзда тутади. Зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш нафақат олиб қочиш ёки эгаллаб олишга тўсқинлик қилаётганлар, балки бошқа шахслар, масалан, йўловчиларга ҳам тегишли бўлиши мумкин.
Қўрқитиш жиноятчи талабларини қондиришдан бош тортилганида, уни шу заҳоти амалга ошириш билан боғлиқ бўлиши керак. Келажакда “ҳисоб-китоб қилиш” билан қўрқитиш ЖК 264-моддаси 2-қисми “б” бандида кўзда тутилган жиноят сифатида эътироф этилиши мумкин эмас. Агар айбдор ўлдириш билан қўрқитса, унинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича ЖК 112-моддаси ва ЖК 264-моддаси 2-қисмига биноан квалификация қилиниши лозим, чунки ЖК 264-моддасининг 2-қисмида ўлдириш билан қўрқитиш кўзда тутилмаган.
15. Масалан, жиноятчининг гаровга олинганларни ўлдириш билан қўрқитиб транспорт воситаси беришга оид талаби транспорт воситасини эгаллаб олиш усули бўлиб келиши мумкин. Ана шундай йўл билан олинган транспорт воситаси зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб эгаллаб олинган деб эътироф этилади ва ушбу ҳаракатлар ЖК 264-моддаси 2-қисми бўйича квалификация қилинади. Кейинчалик уни олиб қочиш мақсадида транспорт воситаси беришларини талаб этиб, одамларни гаровга олиш ЖК 25-моддаси 1-қисми, 264-моддаси ва 245-моддасида кўзда тутилган жиноятларга тайёргарлик кўришни ташкил этади.
16. Зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш транспорт воситасини олиб қочиш ёхуд уни эгаллаб олиш билан якунланиши шарт, акс ҳолда қилмиш шарҳланаётган ижтимоий хавфли қилмишга тайёргарлик кўриш сифатида квалификация қилинади.
Таркиб ёки кемани олиб қочиш мақсади билан боғлиқ бўлмаган зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, тегишли белгилари мавжуд бўлганида, ЖК 112-моддаси ёки 277-моддаси бўйича квалификация қилиниши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |