265-модда. Халқаро учиш қоидаларини бузиш
Рухсатномада кўрсатилган учиш йўналишига, қўниш жойларига, ҳаво дарвозаларига, учиш баландлигига риоя қилмаслик ёки халқаро учиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, унинг содир этилиши фалокат келиб чиқиши хавфини, демак, кўп сонли қурбонлар бўлиши, жуда кўп миқдорда моддий зарар кўрилиши, аэропортлар нормал фаолиятининг бузилиши, халқаро муносабатлар мураккаблашуви ва бошқа оқибатлар хавфини юзага келтиради.
2. Жиноят объекти - ҳаво ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ижтимоий муносабатлар, факультатив объект - давлат чегараларининг дахлсизлиги ҳисобланади.
3. Шарҳланаётган жиноятнинг объектив томонини қуйидаги қилмишлардан бири ташкил этади:
* рухсатномада кўрсатилган учиш йўналишига риоя қилмаслик;
* рухсатномада кўрсатилган қўниш жойларига риоя қилмаслик;
* рухсатномада кўрсатилган ҳаво дарвозаларига риоя қилмаслик;
* рухсатномада кўрсатилган учиш баландлигига риоя қилмаслик;
* халқаро учиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш.
Қилмишни квалификация қилишга халқаро учиш қоидаларини бузган ҳаво кемасининг тури таъсир кўрсатмайди: бу самолёт, вертолёт, дирижабль ва ҳоказо бўлиши мумкин.
Учиш йўналиши - давлатлар ўртасида келишилган ва тегишли идора томонидан белгиланган ҳаво кемаси ҳаракати траекторияси бўлиб, унинг учун кема ҳаракати траекториясига хос бўлган силжиш йўналиши, кема тезлиги ва бошқа элементлар хосдир.
Қўниш жойи - бу Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг (бунга Ўзбекистоннинг ҳаво бўшлиғидан ташқари барча ҳудуди киритилади) муайян белгиланган қисми бўлиб, унда Ўзбекистоннинг амалдаги қонунларига мувофиқ ҳаво кемалари қўнишига рухсат этилади. Миллий ва хорижий ҳаво кемаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ҳавога кўтарилиши, шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига учиб киргандан кейинги қўниши халқаро парвозлар учун очиқ аэродромларда амалга оширилади.
Ҳаво дарвозаси деганда, ваколатли органлар томонидан, шунингдек, мансабдор шахслар томонидан ҳаво кемаси кўтарилиши ҳамда келиб қўниши рухсат этиладиган муайян давр тушунилади.
4. Халқаро парвоз - бу ҳаво кемасининг Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат билан ҳаво чегарасини кесиб ўтган ҳолда парвоз қилишидир. Бундай парвоз ҳаво ҳаракати хавфсизлиги, давлат ва ҳарбий хавфсизлик мақсадларида ўрнатилган қатор талаблар (учиш йўналишини, учиш баландлигини, ҳаво дарвозаларини, қўниш жойларини, сигнализация тизимларини аниқлаб олиш ва ҳоказолар)га жавоб бериши шарт. Ушбу талабларнинг бузилиши халқаро парвозлар талаблари бузилишининг объектив томонини ташкил этади.
Қонунларда халқаро парвоз қоидалари энг типик бузилишининг тахминий рўйхати келтирилган, холос. Қоидабузар ҳаракатларида ЖК 265-моддасида назарда тутилган жиноят таркиби мавжудлиги масаласини ҳал этиш учун ушбу қоидаларни белгилаб берадиган меъёрий ҳужжатларга мурожаат қилиш керак.
Халқаро парвозларни амалга ошириш қоидалари қуйидаги ҳужжатларда белгилаб берилган:
* Ҳаво кодексига мувофиқ ҳаво кемаларидан фойдаланиш ҳамда парвозларни амалга оширишни мувофиқлаштирувчи умумий қоидалар;
* самовий ҳудуддан фойдаланиш тўғрисидаги Низом;
* парвозни амалга оширишга оид махсус рухсатнома ёки халқаро шартнома.
Халқаро парвозларни амалга ошириш қоидалари Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти (ИКАО) томонидан тасдиқланган бундай парвозларни амалга оширишнинг халқаро стандартларида белгилаб берилади.
5. Қайд этилган қоидалар ҳаво орқали алоқа хавфсизлиги ва давлат чегараларининг дахлсизлигини таъминлашга қаратилган. Уларнинг бузилиши халқаро учиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш белгиси бўйича муайян шарт-шароитда шарҳланаётган жиноят таркибини ҳосил қилиши мумкин.
Халқаро учиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин: масалан, муддати ўтиб кетган рухсатнома билан Ўзбекистон ҳудудидан учиб кетиш ёки Ўзбекистон ҳудудига кириб келиш; ерга юк ва парашютчиларни ташлаш; Ўзбекистон ҳудудида халқаро шартнома ва махсус рухсатномада белгиланмаган йўловчилар, юк, багаж ва почтани қабул қилиш; давлат чегарасини радиоалоқасиз кесиб ўтиш ва ҳоказолар.
Бошқа қоидаларга риоя қилмаслик, масалан, йўловчиларни халқаро ташиш тарифлари, чипта сотиш қоидалари, юк хатлари топшириш ва ҳоказоларга риоя қилмаслик шарҳланаётган жиноят белгиларига тўғри келмайди. Муайян шароитда улар маъмурий жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин.
6. Юқорида номи зикр этилган ҳужжатлардан келиб чиқадиган халқаро парвозларни амалга ошириш қоидалари ва шартларини парвозни амалга ошираётган шахслар билишлари шарт. Ушбу қоида ва шартларнинг бузилиши хусусида тергов ва судга ҳужжатлар билан тасдиқланган маълумотлар топширилиши шарт бўлиб, зарур бўлган ҳолда экспертиза ўтказилади.
7. Жиноят халқаро учиш қоидалари бузилган вақтдан бошлаб тугалланган деб эътироф этилади.
8. Халқаро учиш қоидаларини мажбуран, масалан, мўлжалдан адашиш, техник носозлик, яхши кўра олмаслик, турли тўсиқлар таъсири, ярадорлар ва касалларни етказиш оқибатида бузилган бўлса, шарҳланаётган жиноят таркиби мавжуд бўлмайди.
9. Субъектив томондан жиноят қасддан ёки эҳтиётсизлик туфайли содир этилиши мумкин.
Қилмишни квалификация қилиш учун унинг мотиви ва мақсади аҳамиятга эга эмас.
10. Ўн олти ёшга тўлган, ҳаво кемаси экипажи аъзоси бўлган ва халқаро парвозлар қоидаларига риоя қилиниши учун масъул Ўзбекистон Республикаси фуқароси, фуқаролиги бўлмаган шахс, ёки хорижий фуқаро шарҳланаётган жиноят субъекти бўла олади. Бироқ, мазкур субъект мажбуран ҳаракат қилганида (масалан, кема олиб қочилиши ёки эгаллаб олиниши оқибатида), у жавобгарликка тортилмайди.
11. Халқаро учиш қоидалари бузилган ва Ўзбекистон Республикасига қонунга хилоф равишда кириб келинган ҳолатда айбдор ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши шарт.
Агар халқаро парвоз қоидаларининг бузилиши ҳаво кемасини олиб қочиш билан боғлиқ бўлса, у ҳолда айбдорнинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 264-моддаси ҳамда ЖК 265-моддаси бўйича квалификация қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |