248-модда. Қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш
Тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки олти ойгача қамоқ ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни ёки портлатиш қурилмаларини ўтказиш, -
ўн йилдан йигирма йилгача озодликддан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу моддада назарда тутилган буюмларни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилинади.
1. Мазкур жиноятнинг бевосита объекти жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари билан муомала қилиш бўйича ижтимоий муносабатлардир. (ЖК 247-моддаси шарҳига қаранг.)
2. Шарҳланаётган жиноятнинг объектив томони тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатишда ифодаланади.
3. “Жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўладиган ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини тайёрлаш деганда, уларни ясаш ёки шикаст етказиш хусусиятларини тиклаш, шунингдек, қандайдир ашё (масалан, ракетница, старт ва қурилиш пистолетлари)ни қайта ишлаш натижасида уларни ўқотар қурол хусусиятига келтириш тушунилиши лозим.
Ашёга шикаст етказиш хусусиятларини беришга қаратилган ҳаракатлар айбдорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охиригача етказилмаган бўлса, ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда тайёрлашга суиқасд қилиш тариқасида квалификация қилинмоғи лозим”.
4. Қуролнинг бевосита вазифасига кўра фойдаланиш имконини берадиган даражада тайёрланганлиги тавсифланган тақдирда жиноят тугалланган деб топилади.
5. Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини олиш деб, мазкур предметларни ЖК 247-моддасида назарда тутилган ҳоллардан ташқари, ҳар қандай ҳолда ўз эгалигига олишни тушуниш лозим.
Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини олиш: сотиб олиш, бошқа нарсаларга алмаштириб олиш, қарзга ёки ҳадяга, қарз эвазига олиш орқали амалга оширилиши мумкин. Мазкур ҳолатда жиноят эгалик қилиш пайтидан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
6. Юқоридаги предметларни олиб юриш деганда, айбдорнинг қайд этилган ашёларни соҳиби эканлиги ва бу ашёларнинг унинг ёнида бўлиши тушунилиши лозим. Бунда ушбу ашёларнинг бевосита унинг ёнида ёки қандайдир нарсада (чемоданида, автомашинасида ва ҳоказоларда), яширинча ёки уларни яшириш чораларини кўрмасдан, яъни мазкур предметлар айбдорнинг “қўли остида” бўлишининг аҳамияти йўқ.
7. Юқоридаги предметларни сақлаш деганда, ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини тегишли рухсатномасиз айбдорнинг эгалигида: ёнида, бинода, хуфя жойларда, транспорт воситаларида ва бошқа ерларда бўлиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай қасддан қилинган ҳаракатлар тушунилмоғи лозим. Суд амалиёти шундан келиб чиқадики, қилмиш юқоридаги предметлар айбдор уйида ёки бошқа жойда сақланишидан, яширин ёки очиқ ва ҳатто хўжалик-маиший предмет сифатида қўлланишидан қатъи назар, қонунга хилоф сақлаш деб квалификация қилинади.
Субъект уларни ўз танишлариникида сақланаётганида ҳам сақлаш учун жавобгарлик истисно қилинмайди. Айбдор бундай ҳолатларда фақатгина сақлаш жойи, услубини танлайди. Бироқ қурол унга маълум, у танлаган жойда сақланади ва унинг тасарруфида қолади.
Кайд қилинган ашёлар шахс томонидан тегишли рухсатнома бўлган ҳолда, аммо бу рухсатноманинг муддати ўтган ёки ўқотар қуролни ҳисобга қўйиш қоидалари бузилган вазиятда сақланаётган бўлса, айбдор маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилиши керак.
8. Олиб ўтиш деганда, маконда ташиш воситасидан қатъи назар, қайд этилган ашёлар айбдорнинг бевосита ёнида бўлмаганда олиб ўтилишини тушуниш лозим.
9. Жўнатиш деганда, қайд этилган ашёларни контейнер, посилка ва бошқа мослаштирилган нарсаларда жўнатишни тушуниш керак.
Қайд этилган ашёларни олиб ўтиш ва жўнатиш мазкур ҳаракатларни содир этиш пайтидан бошлаб тугалланган жиноят ҳисобланади.
10. Қайд этилган ашёлар ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда сақланган, ташилган, олинган бўлса, бундай ҳаракатлар жиноятга суиқасд қилиш тариқасида ЖК 25-моддаси ва ЖК 248-моддаси 3-қисми билан квалификация қилиниши керак.
11. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади. Бунда айбдор ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини тайёрлаётгани, олаётгани, олиб юргани, сақлаётгани, олиб ўтаётгани, жўнатаётгани, ўтказаётганини англайди ва у мазкур ҳаракатларни тегишли рухсатномасиз содир этади. Айбдорнинг қасди билан тегишли ашёлар яроқли ҳолатдалиги, ишлатишга яроқлилиги ёки ишлатиш учун яроқли ҳолатга тез келтирилиши мумкинлиги ҳам қамраб олиниши лозим.
12. Жиноят содир этилиши пайтида ўн олти ёшга тўлган ақли расо шахслар жиноят субъекти бўлиши мумкин.
13. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида ўқотар қурол, шунингдек ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмалари тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилганлиги учун жавобгарлик назарда тутилган.
(Такрорийлик ва хавфли рецедивисит тушунчалари тўғрисида ЖК 32 ва 34-моддалари шарҳига қаранг.)
14. ЖК 248-моддаси 3-қисмда ўқотар қурол, шунингдек, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини ўтказиш учун жавобгарлик назарда тутилган.
Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини ўтказиш деганда, уларни ҳар хил усулларда тарқатиш (сотиш, ўзгага бериш, ҳадя қилиш, қарздорлиги эвазига бериш, қарзга бериш ва ҳоказолар)ни тушуниш лозим. Қайд этилган ашёларни ўтказиш, олувчи ўз эгалигига тегишли ашёларни ўтказиш вақтидан қатъи назар, уларга эгалик қилган вақтидан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
15. ЖК 248-моддасининг 4-қисмида, “ушбу моддада назарда тутилган буюмларни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилинади”, - деб таъкидланади.
Шахс жиноий жавобгарликдан қуйидаги зарурий шартлар мавжудлигида озод этилади:
* биринчидан, қуролни топширгунга қадар, ундан жиноят учун фойдаланмаган бўлиши керак;
* иккинчидан, шахсда сақланаётган ўқотар қурол, ўқ-дори, портловчи модда, портлатиш қурилмаларининг барчаси топширилиши лозим;
* учинчидан, қонунга хилоф равишда сақланаётган буюмлар, ўз ихтиёрига кўра, сақланувчи томонидан ҳуқуқ органилари томонидан ҳеч қандай талабсиз топширилиши лозим. “Шахс Жиноят кодекси 248-моддасида қайд этилган ашёларни эркин тарзда ўз ихтиёри билан топшириш тўғрисида қарорга келса ва унинг ўзи бу ашёларни топшириш ҳақида тегишли органларга ёзма ёки оғзаки равишда мурожаат қилса, у ашёларни ўз ихтиёри билан топширган ҳисобланади. Шахс тинтув жараёнида ёки унда қурол борлиги ҳақида далиллар келтирилиши натижасида қуролни топшириш тўғрисидаги хулосага келса, у қуролни ўз ихтиёри билан топширган ҳисобланмайди”.
16. Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини олиб юриш, сақлаш ёки ўтказиш мустақил жиноятлар эканлигини эътиборга олган ҳолда қайд этилган ашёларни қонунга хилоф равишда эгаллаш ва уларни келгусида олиб юриш, сақлаш ёки ўтказиш Жиноят кодексининг 247 ва 248-моддаларида назарда тутилган жиноятларнинг реал жамини ташкил қилади.
17. Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларни қонунга хилоф равишда бошқа жиноятни содир этиш мақсадида эгалланган, шунингдек, тайёрланган, олинган, олиб юрилган, саланган ҳолларда содир этилган қилмиш тугалланган жиноят (ЖК 247 ёки 248-моддаси) ва бошқа жиноятни содир этишга тайёргарлик кўриш тариқасида квалификация қилиниши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |