245-модда. Шахсни гаров сифатида тутқунликка олиш
Гаров сифатида тутқунликка олинган шахсни озод қилиш шарти билан давлат, халқаро ташкилот, жисмоний ёки юридик шахсдан бирон-бир ҳаракат содир этиш ёки бирон-бир ҳаракат содир этишдан ўзини тийиб туришни талаб қилиш мақсадида шахсни гаров тариқасида тутқунликка олиш ёки тутқунликда ушлаб туриш, ушбу Кодекснинг 155, 165-моддаларида назарда тутилган аломатлар бўлмаса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) вояга етмаган шахсга нисбатан;
б) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан содир этилган бўлса;
в) оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса, -
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган модданинг объекти жамоат хавфсизлиги, жамоат тартиби, фуқароларнинг ҳаракатланиш эркинлиги, уларнинг ҳаёти ёки соғлиғи ҳисобланади.
2. Объектив томондан жиноят икки шаклда содир этилади:
* гаров сифатида тутқунликка олинган шахсни озод қилиш шарти билан давлат, халқаро ташкилот, жисмоний ёки юридик шахсдан бирон-бир ҳаракат содир этиш ёки бирон-бир ҳаракат содир этишдан ўзини тийиб туришни талаб қилиш мақсадида шахсни гаров тариқасида тутқунликка олиш;
* тутқунликда ушлаб туриш.
3. Гаровга олинган шахс - бу ўзининг иродасига қарши эркин ҳаракатланиш имкониятидан маҳрум этилган шахс.
4. Шахсни гаров сифатида тутқунликка олиш деганда, шахсни эркин ҳаракатланиш имкониятидан ҳуқуққа хилоф зўрлик ишлатиб маҳрум этишни тушуниш лозим. Шахсни гаровга олиш очиқ ёки махфий равишда амалга оширилиши мумкин.
5. Шахсни тутқунликда ушлаб туриш деганда, шахсни ўзи турган жойдан кетиш имкониятидан ҳуқуққа хилоф равишда маҳрум этишни тушуниш лозим.
Шахсни гаровга олишда айбдор шахслар аксарият ҳолларда жисмоний ёки руҳий зўравонлик қўллашади.
6. Руҳий зўрлик деганда, ўлдириш, соғлиққа зарар етказиш, мулкни нобуд қилиш каби таҳдидни тушуниш лозим.
7. Жисмоний зўрлик деганда, гаровга олинган шахсни уриш, калтаклаш, баданига шикаст етказишни тушуниш лозим. Гаровга олинган шахсни тутқунликка олишда унинг баданига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказиш ЖК 245-моддасининг 1-қисми билан қамраб олинади ва қўшимча квалификация қилишни талаб қилмайди.
8. Шахсни гаров сифатида тутқунликка олиш - бу жиноятчиларда асосий мақсадга: давлатни, халқаро ташкилотни, жисмоний ёки юридик шахсни қандайдир ҳаракатни қилишга ёки қилмасликка мажбурлашга эришишдаги оралиқ босқичдир. Гаровга олинганларни озод қилиш шартлари турлича бўлиши мумкин. Жаҳон суд-тергов амалиёти кўрсатаётгандек, шахсни гаровга олган шахсларнинг талаблари қуйидагича бўлиши мумкин: давлатни тарк этиш имкониятини яратиб бериш, ҳукумат қарорининг бекор қилинишига, маҳкумларнинг озод этилишига эришиш, пул, қурол, наркотиклар берилишини талаб қилиш ва ҳоказо. Талаблар жиноятчи фуқароси бўлган давлатга ёки ҳар қандай давлатга билдирилиши мумкин.
9. Жиноят шахс гаровга олингандан сўнг, уни озод қилиш шартлари ва тутқунликда ушлаб туриш вақтидан қатъи назар, тугалланган ҳисобланади.
10. Субъектив томондан жиноят қасддан содир этилади. Мотивлар турлича бўлиши мумкин. Шахсларни гаровга олиш мақсади давлат, халқаро ташкилот, жисмоний ёки юридик шахсни қандайдир ҳаракатни қилиш ёки қилмасликка мажбур этиш.
11. Жиноят субъекти ўн олти ёшга тўлган ақли расо шахс бўлиши мумкин. Жиноятчилар ўн олти ёшга тўлмаган, аммо шахсни гаровга олган ҳолатларда уларнинг ҳаракатини бошқа моддалар бўйича квалификация қилиш лозим. Масалан, жиноятни содир этиш ҳолатларига қараб, соғлиққа шикаст етказиш, инсонни олиб қочиш ва бошқалар.
12. ЖК 245-моддасининг 2-қисмида қуйидаги оғирлаштирувчи ҳолатлар назарда тутилган:
а) вояга етмаган шахсни тутқунликка олиш ёки тутқунликда ушлаб туриш;
б) икки ёки ундан ортиқ шахсни тутқунликка олиш ёки тутқунликда ушлаб туриш;
в) оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган тутқунликка олиш ёки тутқунликда ушлаб туриш.
13. Шахсни тутқунликка олиш ёки тутқунликда ушлаб туришнинг оғир оқибатлари унинг баданига оғир тан жароҳати етказиш, гаровга олинган шахснинг ўзини ўзи ўлдириши, қийноққа солиниши, кўп сонли гаровга олинганларга азоб берилиши ва бошқа оқибатлар ҳисобланади.
Гаровга олинган шахсни ўлдириш жиноятлар мажмуи бўйича ЖК 97-моддаси ва ЖК 245-моддаси билан квалификация қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |