139-модда. Туҳмат
Туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Туҳмат:
а) оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб;
б) оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда;
в) хавфли рецидивист томонидан;
г) ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса, -
уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноят объекти шахснинг шаъни ва қадр-қиммати ҳисобланади.
2. Объектив томондан жиноят бошқа шахсни обрўсизлан-тирадиган ёлғон, уйдирмаларни тарқатишда ифодаланади.
Туҳмат қилиш мақсадида уйдирмалар тарқатиш деганда, уларни ҳеч бўлмаганда бир кишига исталган шаклда (оғзаки, ёзма равишда, телефон орқали, компьютер ва Интернет ёрдамида) етказишни тушуниш зарур.
4. Уйдирма деганда, уйдирмачи томонидан амалда мавжуд бўлмаган ёки сохталаштирилган ҳодисаларни тушуниш керак.
5. Рост бўлган, лекин шахсни обрўсизлантирадиган маълумотларни тарқатиш туҳмат таркибини вужудга келтирмайди.
6. Туҳматдаги уйдирмалар мутлақо ёлғон ёхуд кишини обрўсизлантирадиган бўлиши лозим. Суд ҳар бир алоҳида олинган ҳолатда маълумотларни ёлғон ёхуд шахсни обрўсизлантирганлиги масаласини ҳал қилиши керак.
7. Жиноят бошқа кишини обрўсизлантирадиган ёлғон уйдирмаларни била туриб, ҳеч бўлмаганда бир кишига етказилган ҳолатда тугалланган деб топилади.
8. Шарҳланаётган модда бўйича жиноятни квалификация қилиш учун айбдор илгаридан ўзи тарқатаётган уйдирмаларнинг ёлғонлигини билиши муҳим.
9. Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш деганда, китоб, журнал, газета, варақа ва бошқа асарлардаги ёхуд радио, телевидение, видео тасвирлари ва ҳоказолар орқали қилинган туҳматни тушуниш керак.
10. (Оғир ва ўта оғир жиноятлар тўғрисида ЖК 15-моддасининг шарҳига қаранг).
11. Оғир оқибатлар деганда, жабрланувчининг ўзини ўзи ўлдиришини, унинг руҳий касалликка чалиниши ва ҳоказоларни тушуниш лозим.
12. (Хавфли рецидивист тушунчаси тўғрисида ЖК 34-моддасининг шарҳига қаранг).
13. (Ғаразли ёки бошқа паст ниятлар тушунчаси тўғрисида ЖК 97 ва 133-моддалари шарҳларига қаранг).
14. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади.
15. Жиноят субъекти 16 ёшга тўлган шахс ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |