137-модда. Одам ўғирлаш
Ушбу Кодекснинг 245-моддасида назарда тутилган аломатлар мавжуд бўлмаган ҳолда одам ўғирлаш -
уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) вояга етмаган шахсга нисбатан;
б) ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
г) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, - беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;
б) оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган жиноятнинг объекти инсоннинг шахсий эркинлиги, яъни қаерда бўлишни танлаш эркинлиги ҳисобланади.
2. Объектив томондан жиноят ЖК 245-моддасида назарда тутилган аломатлар мавжуд бўлмаган ҳолда одам ўғирлашда ифодаланади.
3. Одам ўғирлаш деганда, яширин, ошкора, алдов йўли билан ёки ишончни суиистеъмол қилиб ёхуд бошқа усулда уни шахсий эркинлигидан маҳрум этиш (масалан, бир жойдан иккинчи жойга кўчириш, муайян бир жойда зўрлик билан сақлаш ва ҳоказолар) тушунилади.
4. Ўғирлаш усуллари жиноятни квалификация қилишга таъсир этмайди.
5. Одам ўғирлаганда унга нисбатан жисмоний ёхуд руҳий зўрлаш ишлатилиши мумкин.
6. (Жисмоний ёхуд руҳий зўрлик ишлатиш ҳақида ЖК 136-моддасининг шарҳига қаранг).
7. Одамни унинг шахсий эркинлигидан маҳрум қилиш вақтидан бошлаб жиноят тугалланган ҳисобланади.
8. Агар болани ўғирлаш уни алмаштириш билан боғлиқ бўлса, айбдорнинг ҳаракатларини жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 124-моддаси ва 136-моддасининг 2-қисми бўйича квалификация қилиш лозим.
9. Гаровга олиш мақсадида, одамни қўлга киритиш одам ўғирлаш йўли билан содир этилганда, айбдорнинг ҳаракатларини бошқа муқаррар белгилар мавжудлиги ҳолатларида фақат ЖК 245-моддаси бўйича квалификация қилиш зарур (ЖК 245-моддасининг шарҳига қаранг).
10. Одамни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда ўғирлашни ЖК 137-моддаси 2-қисмининг “б” банди бўйича квалификация қилиш керак. (Ғаразли ёки бошқа паст ниятлар тушунчалари тўғрисида ЖК 97-моддаси ва 133-моддасининг шарҳига қаранг).
11. Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб одам ўғирлашни ЖК 137-моддаси 2-қисмининг “в” банди бўйича квалификация қилиш лозим (ЖК 29 ва 30-моддаларининг шарҳига қаранг).
12. Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан одам ўғирлаш ЖК 137-моддаси 2-қисмининг “г” банди билан квалификация қилинади (ЖК 32 ва 34-моддаларининг шарҳига қаранг).
13. Ўта хавфли рецидивист томонидан одам ўғирлаш ЖК 137-моддасининг 3-қисмида назарда тутилган махсус квалификация қилинувчи таркибни вужудга келтиради (ЖК 34-моддасининг шарҳига қаранг).
14. ЖК 137-моддаси 3-қисмининг “б” бандида назарда тутилган оғир оқибатлар деганда, ўғирланган одамни эҳтиётсизлик оқибатида ўлдириш ёки унинг ўзини ўзи ёки унинг ота-онаси ёки яқин кишиларининг ўлдирилишига сабабчи бўлиш ёхуд уларни руҳий касалликка чалинтириш ва бошқалар тушунилиши зарур.
15. Одам ўғирлаш зўрлик ишлатиб ғайриқонуний тарзда уни ўз эркидан маҳрум этиш билан боғлиқ ҳолатларда содир этилганда, жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 137 ва 138-моддалари бўйича квалификация қилинади.
16. Шарҳланаётган жиноятни зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилишдан фарқлаш лозим (ЖК 138-моддаси).
Жабрланувчи шахси ҳаракатланишининг чекланиши иккала жиноят учун ҳам умумий ҳолат ҳисобланади.
Зўрлик ишлатиб озодликдан маҳрум қилиш (ЖК 138-моддаси) жабрланувчини унинг доимий ёки муваққат яшаш жойида (уйда, меҳмонхонада, иш жойида) зўрлик билан ушлаб туришни англатади.
Одамни ўғирлаш эса, одамни доимий ва муваққат яшаб турган жойидан ўғрилар учун керак жойга кўчирилишидан иборат бўлади.
17. Субъектив томондан жиноят била туриб, қасддан содир этилади.
18. Жиноят субъекти 16 ёшга тўлган ҳар қандай шахс бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |