142-модда. Фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш
Турар жойга унда яшовчиларнинг эркига хилоф равишда зўрлик ишлатиб ғайриқонуний бостириб кириш -
уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Турар жой дахлсизлиги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланади, яъни Конституциянинг 27-моддасида, ҳеч ким қонунда назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши мумкин эмас, деб қайд этилган. ЖК 142-моддаси Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пактга ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига тўла мос келади. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пактнинг 17-моддасида ҳеч кимнинг уй-жой дахлсизлигига ноқонуний тарзда тажовуз қилиш мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.
2. Жиноят объекти фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган турар жой дахлсизлиги ҳуқуқи ҳисобланади.
3. Жиноятнинг объектив томони турар жойга унда яшовчиларнинг эркига хилоф равишда зўрлик ишлатиб ғайриқонуний бостириб киришда ифодаланади.
4. Ғайриқонуний бостириб кириш деганда, айбдорнинг бировнинг уй-жойига, турар жой эгасининг рухсатисиз киришга ҳуқуқи бўлмаган ҳолда, ўзбошимчалик билан бостириб киришига қаратилган ҳар хил ҳаракатларни тушуниш керак.
5. Турар жойга унда яшовчиларнинг эркига хилоф равишда зўрлик ишлатиб, ғайриқонуний бостириб кириш билан боғлиқ бўлган ҳолатда содир этилган қилмиш ЖК 142-моддаси бўйича жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Ғайриқонуний бостириб кириш зўрлик ишлатмасдан содир этилган ҳолатда айбдорнинг ҳаракатлари жиноий жазога тортилмайди.
Зўрлик ишлатиш деганда, жабрланувчини итариб юбориш, қўлини қайириш, калтаклаш, дўппослаш, унинг баданига енгил ва ўртача оғир шикаст етказиш тарзидаги жисмоний ҳаракатни тушуниш лозим. Бундай ҳолатларда айбдорнинг ҳаракатларини жиноятлар мажмуи бўйича ЖКнинг шахсга қарши жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутадиган моддалари бўйича жазолаб бўлмайди. Бироқ, айбланувчи томонидан жабрланувчига оғир тан жароҳати етказилган ҳолларда, айбланувчининг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 142 ва 104-моддалари бўйича квалификация қилиниши лозим.
6. Турар жойга унда яшовчиларнинг эркига хилоф равишда зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда бостириб кириш мансабдор шахс томонидан содир этилса, унинг ҳаракатлари ЖК 206-моддаси бўйича квалификация қилинади ва бундай ҳолларда ЖК 142-моддаси бўйича квалификация талаб қилинмайди.
7. Жиноят зўрлик ишлатиб турар жойга бостириб кириш вақтидан бошлаб, вужудга келган оқибатлардан қатьи назар, тугалланган ҳисобланади.
8. (Турар жой тушунчаси тўғрисида ЖК 164-моддасининг шарҳига қаранг).
Бировнинг мол-мулкини ўғирлаш мақсадида турар жойга кириш ўзгалар мол-мулкини ўғирлаганлик учун жавобгарликни назарда тутадиган тегишли моддалар доирасига киради ва ЖК 142-моддаси билан қўшимча квалификация қилишни талаб қилмайди.
9. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади.
10. Жиноят субъекти 16 ёшга тўлган ҳар қандай шахс ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |