И К К И Н Ч И Б Ў Л И М
ТИНЧЛИК ВА ХАВФСИЗЛИККА ҚАРШИ ЖИНОЯТЛАР
VIII боб. ТИНЧЛИК ВА ИНСОНИЯТНИНГ ХАВФСИЗЛИГИГА ҚАРШИ ЖИНОЯТЛАР
150-модда. Урушни тарғиб қилиш
Урушни тарғиб қилиш, яъни бир мамлакатни иккинчи мамлакатга нисбатан қўзғатиш учун турли шаклдаги қарашлар, ғоялар ёки чақириқлар тарқатиш -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Урушни тарғиб қилиш - агрессия учун муҳим шароит яратиб берувчи ва ундан олдин юз берувчи жиноят ҳисобланади. Шу сабабли тинчликни ҳимоя қилувчи халқаро конгресслар урушни тарғиб қилишни қатъий тақиқлашни кўп маротаба талаб қилмоқда.
1927 йилда Афинада ўтказилган тинчлик конгрессида урушни тарғиб қилишнинг ҳар қандай кўриниши халқаро жиноят эканлиги тўғрисидаги резолюция қабул қилинган. Ҳозирги замон халқаро ҳуқуқи урушни тарғиб қилишни тақиқлаб, уни инсониятга қарши оғир жиноят деб ҳисоблайди. 1947 йил 3 ноябрда “Урушни тарғиб қилишни тақиқлаш тўғрисида”ги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси қабул қилинган. Унда ҳар қандай мамлакатда тинчликка турли хавф туғдирувчи ёки мазкур хавфни кучайтирувчи, умуман, тинчликка таҳдид солувчини бузувчи тажовузкорлик ҳаракатлари қораланади. Мазкур резолюцияга асосан қатор мамлакатларда урушни тарғиб қилиш жиноий жазоланадиган қилмиш сифатида баҳоланади ва бу ҳақда махсус қонунлар қабул қилинган. Уларда, урушни тарғиб қилиш қайси шаклда олиб борилганлигидан қатьи назар, уруш бошлаш хавфини туғдиради, тинчликка путур етказади ва шунга кўра, у - оғир жиноят, деб таъкидланади. Урушни тарғиб қилишда айбдор деб топилган шахслар оғир жиноят содир этган жиноятчилар сифатида суд қилиниши лозим.
Урушни тарғиб қилишни тақиқлаш тамойили 1970 йилдаги БМТ Уставига мувофиқ, халқаро ҳуқуқ тамойиллари тўғрисидаги Декларациянинг давлатлар ўртасида дўстона муносабатларга ва ҳамкорликка тааллуқли қисмида ўз аксини топган. Декларацияда барча давлатларнинг босқинчилик урушларини тарғиб қилмасликлари зарурлиги таъкидланади. БМТ Бош Ассамблеясининг 38-сессиясида қабул қилинган, ядро урушини қораловчи Декларацияда ядро қуролини биринчи бўлиб қўллаш, ядро урушини бошлашни тарғиб қилишнинг олдини олишга оид муҳим қоида мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари устунлиги тан олиниб, Конституциянинг 17-моддасида бу ҳол аниқлаштирилиб, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати “давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади”, - деб белгиланган. Мазкур қоидалар Конституциянинг 57-моддасида янада ривожлантирилиб, урушни тарғиб қилувчи сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларининг тузилиши тақиқланиши қайд этилган. Мазкур конституциявий қоида ижроси таъминланишининг ҳуқуқий кафолати урушни тарғиб қилиш учун ЖК 150-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарликнинг белгиланиши ҳисобланади.
2. Урушни тарғиб қилишнинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, айбдор ушбу жиноятнинг объектив томонини кишиларнинг онги ва иродасига таъсир қилиб, жамиятда ва тегишли давлат тузилмаларида уруш олиб боришни маънавий жиҳатдан оқлаш ва унга тайёргарлик ижтимоий-психологик муҳитни шакллантиради, бинобарин, давлат лавозимларини эгаллаб турган ҳамда уруш олиб боришни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли шахсларни тегишлича қўллаб-қувватлайди, улар босқинчилик урушини бошлаш тўғрисида қарор қабул қилаётганида уларни агрессив урушни бошлаш бўйича хатти-ҳаракатларни содир этишга ундашга интилади. Шу тариқа тинчликка ҳамда давлатларнинг тинч-тотувлигига раҳна солинади.
3. Шарҳланаётган жиноятнинг объекти ривожланиш ва ҳаёт фаолиятининг шарти бўлган тинчликни муҳофаза қилиш ва давлатларнинг тинч-тотувлигини таъминлаш бўйича, Ўзбекистон Республикаси ҳаёт фаолиятининг: республика хавфсизлиги, унинг ички сиёсати ва ташқи сиёсий фаолияти, тинчлик ҳамда республика ва бошқа давлатларнинг тинч-тотувлиги, турли кўлам ва хусусиятга эга можароларнинг олдини олиш сингари соҳаларида аниқ ифодаланувчи ижтимоий муносабатлардир.
4. Пропаганда (лот. propaganda - тарғиб қилиш) - бирор ғоя, фикр, таълимот ва билимларни чуқур тушунтириш ва тарғиб қилиш; кенг оммага ғоявий таъсир кўрсатишдир.
Урушни тарғиб қилиш - муайян доирадаги шахслар орасида уруш оловини ёқишга, бир давлатнинг иккинчисига нисбатан қўзғатишга қаратилган қарашлар, ғоялар ёки чақириқларни тарқатишдан иборат. Бундай қарашлар ва ғоялар ошкора ёки хуфя бўлиши, бир ёки бир неча давлатларга қарши қаратилиши мумкин.
Чақириқлар деганда, маълум ёки номаълум доирадаги шахсларга бошқа давлатга нисбатан уруш эълон қилиш ёки олиб бориш зарурлиги ва мақсадга мувофиқлигини асослаб мурожаат қилиш тушунилади.
Уруш ҳам оғзаки, ҳам оммавий ахборот воситалари (радио, телевидение, матбуот, Интернет ва ҳоказолар)ни қўллаган ҳолда, ҳам ёзма шаклда, театр ёки саҳна кўринишларида, адабиёт ва санъат соҳасидаги бадиий асарларда ёки бошқача йўллар билан тарғиб қилиниши мумкин. Тарғибот турли хил хусусиятда: урушга тарғиб этиш, урушни халқаро низо ва келишмовчиликларни еча олишини оқлаш, оммавий зарба берувчи қурол қўлланишини оқлаш тарзида бўлиши мумкин.
5. Шуни қайд этиш лозимки, урушнинг адолатли, қонуний (агрессияга қарши индивидуал ва коллектив ўзини ўзи мудофаа қилиш, БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарорига асосан агрессорга нисбатан қуролли мажбурий санкциялар белгилаш, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини амалга ошириш мақсадидаги миллий озодлик урушлари) ва адолатсиз, ғайриқонуний (агрессия, колониал урушлар) турлари мавжуд.
6. Объектив томондан жиноят бир мамлакатни иккинчи мамлакатга тажовуз қилиши учун турли шаклдаги қарашлар, ғоялар ёки чақириқлар тарқатишдан иборат.
7. ЖК 150-моддасида урушни тарғиб қилганлик, яъни бошқа мамлакат ҳудудида олиб бориладиган, босқинчилик (адолатсиз, ғайриқонуний) урушини бошлашни ёки бошқа давлатнинг ички ишига аралашиш сифатида қораланадиган урушни тарғиб қилганлик учунгина жавобгарлик кўзда тутилган.
8. Урушни тарғиб қилишга қурол-яроғларни кўпайтириш, оммавий қирғин (атом, водород, кимёвий ва бактериологик) қуролларини қўллаш ҳақидаги ғояларни тарқатиш, миллий адоват қўзғатиш, бирор халққа қарши қуролларни қўллаш ёки келажакдаги агрессияга ҳарбий, иқтисодий, мафкуравий тайёргарлик кўриш учун шунга ўхшаган ҳаракатларни содир этиш киради.
9. Урушни тарғиб қилувчи чақириқлар, қарашлар, ғояларнинг оммавийлиги жиноятни квалификация қилишга таъсир этмайди. Уруш бошлашга қаратилган чақириқлар, қарашлар ёки ғояларни тарқатиш вақтидан бошлаб жиноят тугалланган ҳисобланади. Тарғибот билан шахснинг онгига, хулқ-атворига таъсир этган-этмаганлиги масаласи жиноят таркиби доирасидан ташқарида бўлиб, айбдорга нисбатан жазо чорасини белгилашдагина инобатга олиниши мумкин.
10. Урушни тарғиб қилиш қандай шаклда бўлмасин, субъектив томондан жиноят қасддан амалга оширилишини тақозо этади. Шунга кўра бу жиноят қасддан содир этилиши мумкин. Айбдор ўзи уруш оловини ёқиш ҳақида ғоялар, қарашлар, кайфиятларни тарқатаётганлигини билади ва уларни тарқатишни хоҳлайди. Жиноят мотиви диний, миллий муросасизлик, душманлик, шуҳратпарастлик бўлиши мумкин. Ушбу қилмишни квалификация қилишда унинг мотиви аҳамият касб этмайди, бироқ айбланувчига жазо тайинлашда улар ҳисобга олиниши лозим.
Жиноятнинг мақсади - бир мамлакатни иккинчи мамлакатга нисбатан қўзғатиш бўлиб, бу жиноий жавобгарлик келиб чиқишининг шарти ҳисобланади.
11. Мазкур жиноятнинг субъекти ўн олти ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |