117-модда. Хавф остида қолдириш
Ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, башарти, айбдор бундай аҳволдаги шахсга ёрдам бериши шарт ва бундай имкониятга эга бўлса ёхуд айбдорнинг ўзи жабрланувчини хавфли аҳволга солиб қўйган ва бу ҳол баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига олиб келса, -
икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса, -
олти ойгача қамоқ ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмишлар:
а) одамлар ўлимига;
б) бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
уч йилдан беш йилдан озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноят объекти - ўзининг соғлиғи ҳақида қайғура олиш имкониятидан маҳрум бўлган инсоннинг соғлиғи ва ҳаёти ҳисобланади.
2. Объектив томондан хавф остида қолдириш ҳаракатсизликда, яъни айбдор ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган, ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган шахсга ёрдам беришга мажбур ва ёрдам бериш имкониятига эга бўла туриб ёхуд унинг ўзи жабрланувчини ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилиши хавфи остида қолдирган бўла туриб, унга ёрдам кўрсатмасликда, шахсни қутқариб қолиш чораларини кўрмасликда ифодаланади. Шахснинг бундай ҳолати унинг ёшлиги, кексалиги, ночорлиги, беморлиги, майиблиги ва бошқа омилларга боғлиқ бўлиши мумкин.
3. ЖК 117-моддасининг 2-қисмига оид жавобгарликнинг зарурий шарти айбдорнинг жабрланувчига ёрдам кўрсатишга мажбурлиги ва унда шундай имкониятнинг мавжудлигидир. Бундай мажбурият шахснинг мансаб лавозими, касби, оила-никоҳ муносабатлари ва ҳоказолардан келиб чиқиши мумкин: қутқарувчининг касби, онанинг ўз фарзанди ҳақида қайғуриш мажбурияти ва ҳоказо.
4. Шахснинг жабрланувчига ёрдам беришга мажбур бўлмаган ҳолатда, унинг ўзи жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиғини хавф остида қолдириши ҳам мазкур жиноят таркибини ташкил этади. Бундай вазиятлар сузишни билмайдиган шахсни сувга итариб юбориш, автотранспорт воситаси билан жабрланувчини босиб кетиш ва ҳоказолар натижасида юзага келиши мумкин.
5. Айбдорда жабрланувчига ёрдам кўрсатишнинг чинакам имконияти мавжуд бўлган ёки у ўз мавқеига кўра ёрдам кўрсатишга мажбур бўлган ҳоллардагина айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 117-моддаси бўйича жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин.
6. ЖК 117-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноят баданга етказилган ўртача оғир ёки оғир шикаст кўринишидаги оқибатларни келтириб чиқарган ҳолатларда тугалланган деб топилади (ЖК 104, 105-моддаларининг шарҳига қаранг).
7. Субъектив томондан, хавф остида қолдириш фақат қасддан содир этилиши мумкин.
8. Қуйидагилар жиноят субъекти бўлиши мумкин:
* эгаллаб турган лавозими ёки мавқеига кўра ёрдамга муҳтож бўлган шахсга ғамхўрлик қилиши шарт бўлган шахс;
* жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиғини хавф остига қўйган шахс.
9. Мазкур моддада кўзда тутилган хавф остида қолдириш ва келиб чиққан оқибатлар ўртасидаги сабабий боғланиш жиноятни ЖК 117-моддаси бўйича квалификация қилишнинг зарурий шартидир.
10. Ҳаёт учун хавфли ҳолатда қолдириш оқибатида шахс ўлса, айбдорнинг ҳаракатлари ЖК 117-моддаси 2-қисми бўйича квалификация қилиниши лозим.
11. Хавф остида қолдириш одамларнинг қурбон бўлишига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келганда, айбдорнинг қилмиши ЖК 117-моддаси 2-қисми бўйича жавобгарликни келтириб чиқаради.
12. Мазкур моддада кўрсатилган оқибатларнинг субъектив томони тўғри ёки эгри қасд билан ифодаланганда, баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш ёхуд қасддан одам ўлдириш учун жавобгарликни назарда тутадиган тегишли моддалар билан квалификация қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |