12-Мавзу. Корхоналар иқтисодий ночорлиги (банкротлиги)ни баҳолаш ва таҳлил қилиш
Иқтисодий ночорлик (банкротлик)ни баҳолашнинг объектив зарурлиги, уни таҳлил қилиш мақсади ва вазифалари.
Банкротлик институти ва унинг ривожланиш истиқболлари. Иқтисодий ночорликни тартибга солишнинг ҳуқуқий нормалари.
Иқтисодий ночорлик таҳлилининг ахборот манбалари
Банкротликни аниқлашда қўлланиладиган кўрсаткичлар тизими ва уларнинг қиёсий таҳлили.
Иқтисодий ночорликни баҳолашнинг миллий ва халқаро тажрибалари.
Иқтисодий ночорлик хавф-хатарларини аниқлашда молиявий ҳолат таҳлили. Банкротликни аниқлашнинг турли моделлари.
Банкротлик таомиллари: кузатув, ташқи бошқарув, санация, тугатишда молиявий ҳолат таҳлили.
Корхонани молиявий соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш бўйича бошқарув қарорларини қабул қилиш.
Иқтисодий ночорлик (банкротлик)ни олдини олиш чора-тадбирлари.
Банкротликни олдини олишда молиявий менежментдан фойдаланиш.
Иқтисодий ночорлик (банкротлик)ни баҳолашнинг объектив зарурлиги, уни таҳлил қилиш мақсади ва вазифалари
Қарздор ўз мажбуриятларини бажаришга буюрилган ҳолат кишилик жамиятининг шаклланишининг илк даврларига бориб тақалади. Шу сабабли ҳам банкротлик (иқтисодий ночорлик)нинг тарихини ўрганишда унинг юзага келган даври санасини аниқ белгилаш доимо муаммо бўлиб келган.
Жумладан “Янги аҳд”да ёҳудийларнинг ҳар етти йилда бир марта барча мажбуриятларидан кечиш урфи белгиланган. Ҳар эллик йилда бир марта этник таркибидан қатъий назар барча миллат вакилларининг мажбуриятларидан кечиш, қулларни озод қилиш шартлари белгиланган1.
Кадимги Грецияда оила бошлиғи ўз мажбуриятларини тўлай олмаса, унинг барча оила аъзолари мажбуриятларни тўлиқ қоплангунга қадар, ўз кредитор қарзини ва зарарини қоплагунга қадар қулликка маҳкум қилинган. Кўпгина шаҳарларда унинг муддати 5 йил қилиб белгиланган.
Қарздорнинг кредитор олдидаги шахсий мажбуриятларини белгилашнинг хуқуқий нормалари илк бор Рим қонунларида учрайди. Қарздорлик мажбуриятининг юзага келганлиги ва унинг муддатининг 90 кундан ошганлиги илк бор ушбу қонунларда акс этган.
Рим империяси қўллагандан кейин иқтисодий ночорлик нормаларини белгилаш ва уларни расмий жиҳатлари Италияда ривожлана бошланди. Бу бевосита Италияда савдо фаолиятининг кескин ривожланиши билан характерланади. Шу сабабли ҳам ушбу жараён биринчи навбатда савдо фаолиятида қўлланила бошлади. Иқтисодий ночорлик масалалари билан шуғулланувчи савдо судларининг вужудга келишига ҳам ушбу жараёнга сабаб бўлган. Иқтисодий ночорликни эълон қилиш тартибларида илк бор қарздор ёки кредиторларнинг мурожати билан ночорликни тан олиш ва белгилаш тартиблари қайд этилган.
Иқтисодий ночорликни замонавий шакли ва жараёнларини белгиланишида Англия амалиёти алоҳида ўрин тутади. 1543 йилда иқтисодий ночорликни кўриб чиқиш муддатлари ва ночорликни тан олиш тартиблари акс этган процессуал амалиётга ўтила бошланди. Унинг ривожланиш даври XVII-XIX асрларга тўғри келади.
Банкротлик (иқтисодий ночорлик) тушунчаларининг одатда синонимлари ниҳоятда кўп. Уларнинг аниқ сонини келтириш (одатда ўзбек тилида 20 дан ортиқ синонимлари мавжуд) қийин. Миллий қонунчилик халқаро нормалардаги талабларни ўрганиш асосида шундай хулосага келиш мумкинки, қарздорнинг ўз мажбуриятларини тўлиқ қоплаш лаёқатига эга эмаслигидан келиб чиқадиган иқтисодий, молиявий қийинчиликни банкротлик (иқтисодий ночорлик) деб номлаш жуда тўғри белгиланган.
Банкротлик (иқтисодий ночорлик) – иқтисодий суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслигидир.
Рақобатга асосланган бозор иқтисодиётида иштирокчиларнинг тўлов мажбуриятларини тўлашга қодир эмаслигини тан олиш орқали уни тартибга солишни муҳим нормаларини белгиламасдан унинг ривожланишини таъминлаб бўлмайди. Негаки, иккита субъект ўртасидаги ўзаро қарздорлик бу шунчаки, қарздорлик эмас. Бу мажбуриятлар бутун бир иқтисодни, жамиятнинг мажбуриятидир. Яъни, қарздорлик фақат уларнинг ўзигагина тегишли муаммо эмас.
Иқтисодий ночорлик, банкротлик тушунчалари одатда бир мазмунда қаралади. Уларни юзага келтирувчи сабаблар ниҳоятда кўп. Лекин сабабларнинг илдизида албатта кучли рақобат, иқтисодий ресурслар ва молиявий имкониятларнинг чекланганлиги туради.
Бозор иқтисодиёти шароитида хўжалик юритувчи субъектлар иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлган ҳолда, рақобат курашига тортиладилар. Бу кураш кимнидир бор, кимнидир йўқ қилади. Ғолиб корхоналар ўзининг молиявий аҳволини мустаҳкамлаган ҳолда бозорда муқим ўрнига эга бўла борадилар. Мағлуб корхоналар эса синадилар ёки ўз фаолиятини тўхтадилар. Бозор иқтисодиёти шароитида бу ғолиблик ёки бу мағлублик муқаррар нарсаки, уни тўхтатиб қолиш мумкин эмас.
Айтиш мумкинки, узлуксиз давом этувчи рақобат кураши доимо иқтисодий ночорлик ёки банкротлик ҳолатига тушиш хавфини туғдиради.
Банкротлик тушунчаси италянча «banco-rotto» деган сўздан олинган бўлиб, аслида курси (ўриндиқ)нинг синишини англатсада, бу сўз аслида қарздорнинг тўлов мажбуриятларини тўла қоплашга қодир эмаслигини изоҳлайди.
Ўзбекистон Республикасининг «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунида банкротлик аломатлари юридик шахслар учун алоҳида, жисмоний шахслар учун алоҳида тартиблари белгиланган.
Қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўловлар мажбурияти юзага келган кундан эътиборан уч ой давомида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, унинг банкротлик аломатлари деб эътироф этилади2.
Хўжалик субъектлари ва уларнинг айрим тоифалари (банклар, қишлоқ хўжалиги субъектлари, суғурта ташкилотлари ва ҳ.к.), якка тадбиркорларнинг банкротлигини тан олиш ва уни белгилаш тартиблари банкротлик тўғрисидаги қонунда аниқ белгилаб берилган.
Банкротликнинг корхона фаолиятига нисбатан қўлланишини тушуниш учун унинг циклик жараёнини тушуниш муҳим масала ҳисобланади. Яъни ҳар қандай корхонанинг манзил якуни ҳисобланган банкротлик қуйидаги жараёнларнинг узвий кетма кетлигидан ташкил топади.
Do'stlaringiz bilan baham: |