“Ташкил топиш ва фаолиятни бошлаш”даврида янги товар бозорга тавсия этилади, товарга бозор талаби кузатилмайди ва сотиш даражаси жуда паст бўлади. Мазкур босқичда кўпроқ товар билан танишувни таъминлаш лозим бўлади.
“Оёққа туриш ва фаолиятни кенгайтириш” даврида корхонанинг бозорга чиқиши ва товарларни тавсия этиши бироз жонланади, сотиш ҳажми бир оз ўсишига эришилади, шу билан биргаликда товарларга янгилик киритиш харажатлари кўпаяди
Ўсиш, ривожланиш
“Ўсиш, ривожланиш” товарларни сотиш ҳажми, бозорни солиштирма сиғими ўсиб боради, рақобат кучаяди ва кескин тус олади. Мазкур босқичнинг асосий вазифаси товарларни сотиш ҳажмини ва ассортиментини ошириш ҳисобига максимал фойда олишга қаратилади.
Гуллаш, тараққий этиш
“Гуллаш, тараққий этиш” товарларни сотиш ҳажми, ўсиш даражаси энг юқори (максимал) даражага кўтарилади, бозор ушбу моллар билан ҳаддан зиёд тўйинади, янгиликларга оид харажатлар камаяди, иш ҳажмини бундан ортиқ ошириб бўлмай қолади.
Чўқиш ва синиш даври
“Чўқиш ва синиш даври” товар истеъмол учун жозибадорлигини йўқотади, сотиш ҳажми, маҳсулотнинг бозордаги сиғими тушиб кетади.
Иқтисодий ночорлик давомийлиги ҳар битта корхонада турлича кечади ва якун топади. Бундан шундай хулосага келинадики, ҳар қандай корхонанинг охирги манзили бу иқтисодий ночорлик, банкротлик экан. Фақат ушбу даврийлик ҳар қайси корхонада турлича даврийликда кечади. Яъни циклик жараён битта корхонада тезроқ, битта корхонада секинроқ кечади. Ўлим муқаррар экан иқтисодий ночорлик ҳам муқаррар ҳисобланади. Лекин унинг фарқи бошқара олиниши, тартибга солиниши, яъни уни ўзгартира олиш имкониятининг мавжудлигидадир.
Банкротликка олиб келувчи омилларни икки гуруҳга ажратиш мумкин:
- ички омиллар
- ташқи омиллар
Ички омиллар қаторига: айланма маблағларнинг етишмаслиги; ресурслардан фойдаланиш самарасининг пастлиги; нормадан ортиқ активларнинг сақланиши; техника-технологияларнинг эскирганлиги; ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг эскилиги; мижозлар молиявий ҳолатининг ёмонлиги; маркетингнинг эскилиги; ортиқча қарз мажбуриятларининг мавжудлиги; ишлаб чиқаришнинг асоссиз кенгайтирилиши; ташқи факторларни ҳисобга олмасдан бошқариш стратегисини белгиланиши ва ҳ.к. киради.
Ташқи омилларга: иқтисодий (давлатдаги кризис, инфляция); сиёсий омиллар; илмий техникавий омиллар; демографик омиллар ва ҳ.к. омиллар киради.
Иқтисодий ночорлик бирданига кузатиладиган ҳолат эмас. Унинг белгилари фаолият давомида шаклланиб, кучайиб, кескинлашиб боради. Иқтисодий ночорликни белгиларини олдиндан аниқлаш уларга қарши чора-тадбирлар белгилаб бориш фаолият ва бизнес давомийлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу сабабли, иқтисодий ночорликка қарши курашни ушбу ҳолат пайдо бўлганда эмас, балки пайдо бўлишидан олдин курашиш лозим.
Иқтисодий ночорликни аниқлаш ва унга қарши турли чораларни кўришни таҳлилсиз имкони йўқ. Иқтисодий таҳлил этиш орқали юзага келган ва юзага келиши кутилаётган ҳолатларни олдиндан башорат қилиш мумкин. Бу башорат аниқлиги албатта биринчи навбатда молиявий ахборотларнинг аниқлиги, асослиги ва ишончлигига боғлиқдир.
Иқтисодий ночорлик (банкрот)ликни таҳлилининг мақсади корхона молия-хўжалик фаолиятининг “оғриқли нуқталари”ни аниқлаш, уларнинг юзага келиши ва ривожланишини баҳолаш, сабабларини ўрганиш орқали иқтисодий ночорлик рискларни камайтиришга ёрдам берувчи бошқарув қарорларини қабул қилишдан иборат.
Таҳлил мазмунини хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий ночорлиги (банкротлиги) юзасидан таҳлилий амалларни бажариш ва уларнинг молия-хўжалик фаолиятининг жорий ва истиқболдаги иқтисодий, молиявий аҳволини рақобатдошлик таомиллари асосида барқарорлигини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган тизимли аналитик жараёнларни ўтказиш ташкил этади.
Қўйилган мақсад ва таҳлил мазмунидан келиб чиққан ҳолда таҳлил вазифалари сифатида қуйидагиларни таркиблаш мумкин:
- хўжалик юритувчи субъектлар иқтисодий ночорлиги (банкротлиги)нинг жорий ва истиқболдаги ҳолатини баҳолаш;
- хўжалик юритувчи субъектларда иқтисодий ночорлик (банкротлик)нинг юзага келиш сабабларини ўрганиш, таҳлил этиш;
- хўжалик юритувчи субъектлар иқтисодий ночорлиги (банкротлиги)ни таҳлил этишнинг моделларини тузиб чиқиш ва унинг ўзгаришларини баҳолаш;
- хўжалик юритувчи субъектлар иқтисодий ночорлиги (банкротлиги) рискларини баҳолаш ва уларни минималлаштириш;
- хўжалик юритувчи субъект иқтисодий ночорлиги (банкротлиги)ни олдини олиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаш;
- иқтисодий ночорлик (банкротлик)ни олдини олиш ва унга қарши курашиш юзасидан бошқарур қарорларини тайёрлаш ва уни амалиётга жорий қилиш.