Туризмда маркетингнинг моҳияти
Маркетинг атамаси асосида инглизча “market” (бозор) сўзи ётади. Шу сабабли кўпинча маркетинг деганда ишлаб чиқаришни аниқ истеъмолчиларнинг эҳтиёжларини қондиришга йўналтиришни талаб этувчи бозор шароитларида хўжалик юритиш, бошқариш фалсафаси тушунилади.
Кенгроқ қаралганда маркетинг якка шахслар ва гуруҳлар маҳсулот яратган ва уларни айирбошлаган ҳолда ўзларига керак бўлган неъматларга эга бўлишадиган ижтимоий-бошқарувчилик жараёнидир. Бу жараённинг асосида: “зарурат”, “эҳтиёж”, “истак (хоҳиш)”, “талаб”, “маҳсулот”, “айирбошлаш”, “савдо” ва “бозор” каби тушунчалар ётишади.
Зарурат – англашилган етишмовчилик, уни қисқартириб бўлмайди, яъни унинг қондирилиши ҳаётни давом эттириш учун зарур бўлади.
Эҳтиёж – қондирилиши лозим бўлган қандайдир заруратдир. Инсон ўзининг қандайдир эҳтиёжини қондириш имкониятига эга бўлмаса, у ёки бу эҳтиёжни қисқартиради ёки бошқаси билан алмаштиради.
Истак(хоҳиш) – инсоннинг шахсияти ва маданий даражасига мос равишда аниқ шаклга кирган эҳтиёждир. Масалан, таом(емак)га бўлган зарурат мевага бўлган эҳтиёжга; у эса, ўз навбатида олма сотиб олишга бўлган хоҳишга айланади.
Бу ерда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, турли минтақа ва мамлакатларда умумий эҳтиёжлар маданий, тарихий, географик ва бошқа омиллар таъсирида турли-туман истакларга бўлиниб кетишади. Овқатга бўлган биргина эҳтиёжни ўзини турли мамлакат фуқаролари турлича озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол этиб қондиришади. Бир мамлакат ичида яшовчи одамлар ҳам маълум бир эҳтиёжни турлича товарлар харид этган ҳолда қондиришади.
Талаб - тўлов қобилияти билан таъминланган истакдир. Берилган ресурс имкониятларидан келиб чиққан ҳолда инсонлар ўзларига энг кўп фойда ва қониқиш келтирадиган маҳсулотларни харид этиш йўли билан ўз истакларини қондиришади.
Маҳсулот - бозорда аниқ эҳтиёжни қондириш мақсадида фойдаланиш учун таклиф этилиши мумкин бўлган барча нарсалар (неъматлар) ҳисобланади. Маҳсулот қандайдир эҳтиёжни қондириши мумкин бўлган барча неъматлар (моддий буюмлар, хизматлар, инсонлар, ташкилотлар, фаолият турлари, ғоялар)дир. Туризм маркетингида товар, маҳсулот, хизмат каби тушунчаларни синоним сифатида қўллаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Айирбошлаш – кимдандир ўзига исталаётган маҳсулотни унга бунинг ўрнига бошқа ниманидир таклиф этиб олиш акти(жараёни)дир. Айирбошлаш амалга ошиши учун қуйидаги шартлар бажарилиши керак:
унда камида икки томон иштирок этиши;
ҳар бир тараф бошқа тараф учун қадрли саналган нимагадир эга бўлиши;
ҳар бир тараф бошқаси билан айирбошлаш истагига эга бўлиши;
ҳар бир тараф айирбошлашни амалга ошириш ёки оширмаслик танлови эркинлигига эга бўлиши;
ҳар бир тараф алоқага киришиш ва маҳсулотни етказиб бериш (хизматни амалга ошириш) имкониятига эга бўлиши.
Бу шартларнинг бажарилиши айирбошлаш имкониятини яратади, бироқ, айирбошлашнинг ҳақиқатда амалга оширилиши тарафларнинг битимга келишганлиги ва уларнинг бу айирбошлашни амалга оширишга тайёрликларига боғлиқ бўлади.
Савдо (битим) – ўз ичига камида икки манфаатдор томонни ҳамда сотув шартлари, муддатлари ва жойи тўғрисидаги келишувни олган икки тараф ўртасидаги сотув операциясидир.
Бозор – қандайдир маҳсулотнинг мавжуд ва истиқболдаги сотувчилари ва харидорларининг йиғиндисидир, бу шундай жойдирки, унда савдо амалга оширилади. Айнан бозорда ишлаб чиқарилган маҳсулот ва унга сарфланган меҳнат ўзининг ижтимоий аҳамиятини исботлайди, истеъмолчилар томонидан тан олинади. У замонавий жамиятда жисмоний ўринга эга бўлиши шарт эмас. (Бунинг устига, туризмда товар истеъмолчига қараб эмас, истеъмолчи товарга қараб ҳаракат қилади). Товарни кўрсатиш, реклама қилиш, буюртма қабул қилиш учун замонавий алоқа воситаларидан фойдаланилади. Шунингдек, маркетингда бозор деганда аниқ маҳсулот харидорлари тушунилади. Масалан, маданий туристик маҳсулот харидорлари, сафари харидорлари, ёқилғи харидорлари, қимматбаҳо металл харидорлари.
Шундай қилиб, туристик бозорда дам олиш ва кўнгил ёзишга бўлган заруратлар муҳитни ўзгартиришга бўлган эҳтиёжларга, бундай эҳтиёжлар ҳаракатланишни амалга ошириш истакларига, бу истаклар имкониятларни инобатга олган ҳолда туристик бозордаги аниқ маҳсулотларга (манзилларга) бўлган талабга айланиб боради; туристик маҳсулотни ишлаб чиқарувчи ва харидор ўртасидаги айирбошлаш савдо (туристик саёҳатни амалга ошириш) шаклида амалга оширилади.
Бундан келиб чиқадики, маркетинг туристик корхонани (бутун иқтисодиётни) кўплаб истеъмолчиларнинг доимий равишда ўзгариб турадиган талаблари(эҳтиёжлари)нинг қондирилишига йўналтиради. Бошқача сўзлар билан баён этганда, туристик маркетинг шундай бошқарув фалсафасидирки (унинг амалга оширилиши йўналиши шундайки), унда истеъмолчилар муаммоларини уларнинг талабларини самарали қондириш йўли билан ҳал этилиши ташкилотнинг муваффақият қозонишига олиб келади ва бу ўз навбатида жамиятга ҳам фойда келтиради.
Алоҳида хўжалик юритиш субъектлари даражасида маркетинг – ҳам ишлаб чиқарувчи, ҳам истеъмолчиларнинг қониқтирилишига олиб келадиган неъматлар хилма хиллигига эришилишини таъминловчи, маҳсулотларни ишлаб чиқариш ассортименти, ҳажми, танланган бозорлар узра тақсимланиши, сотув ва нарх белгилашни режалаштиришнинг яхлит тизимидир. Ушбу таъриф етарли даражада кенг маънога эгаки, у нотижорат ташкилотлар фаолиятини ҳам қамраб олади. Шундай қилиб, маркетинг, бу туристик корхонанинг мижозлар учун фаолият юритишидир. Фаолиятининг асосий мақсади фойда олиш бўлган тижорат ташкилотлари учун маркетингга тадбиркорлик маъносида торроқ таъриф берилганда ташкилотнинг бозор шароитларини ҳисобга олиш ва уларга фаол таъсир ўтказиш орқали кераклича фойда олишга йўналтирилган ишлаб чиқариш-сотув фаолиятини бошқарув тизими тушунилади.
Булардан келиб чиқадики, маркетингдан фойдаланиш соҳаларининг кўплиги маркетингга бериладиган таърифларнинг хилма-хиллашиб кетишига олиб келади.
Туризм маркетинги – диққатни жалб қилиш ва туристик хизматларни илгари суришни ташкил этишнинг усул ва услублари йиғиндиси ҳисобланади. Туристик маркетинг мавжуд бўлган ва истиқболдаги мижозлар билан алоқа ўрнатиши; туризм соҳасини ривожлантириши (қурилиш, янги турларни лойиҳалаштириш); туристик талабнинг қондирилишини назорат этиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |