114-модда. Жиноий равишда ҳомила тушириш (аборт)
Шифокор акушер ёки гинеколог томонидан даволаш муассасаларидан ташқари жойларда ёки тиббий нуқтаи назардан мумкин бўлмаган ҳолда сунъий равшда ҳомила тушириш -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солиш ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Сунъий равишда ҳомила туширишга ҳуқуқи бўлмаган шахснинг бундай ишни амалга ошириши -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч ойгача қамоқ билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар эҳтиётсизлик орқасида:
а) жабрланувчининг ўлишига;
б) бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноят объекти ҳомиладор аёлнинг соғлиғи ёки ҳаёти ҳисобланади.
2. Аборт - сунъий равишда ҳомила ривожланишини тўхта-тиш. Ҳомила тушириш ҳуқуқий (қонуний) ва жиноий турларга бўлинади. Ҳомила тушириш кўпинча қуйидаги ҳолларда, яъни:
а) даволаш муассасасидан ташқарида бўлса;
б) тиббий нуқтаи назарга зид бўлса, жиноят деб топилади;
3. Ҳомилани туширишда тиббий нуқтаи назарга зид аломатлар деб: ўткир ва яширин гонорея мавжудлиги; жинсий аъзоларнинг ўткир ва яширин ўткир яллиғланиши жараёнлари мавжудлиги; қаерда жойлашганлигидан қатъи назар йиринг мавжудлиги; ўткир юқумли касалликларнинг мавжудлиги; 12 ҳафтадан ортиқ муддатдаги ҳомиланинг мавжудлиги ҳолатларида содир этилганлигига айтилади. Булардан ташқари, илгариги ҳомила тушиши билан кейингисининг орасидаги муддат 6 ойдан ошмаган бўлса, шунингдек, ҳомила тушириш йўриқномасида назарда тутилган бошқа ҳолатлар ҳам тиббий нуқтаи назарга зид аломатларга тааллуқлидир.
4. Даволаш муассасаларидан ташқарида ҳомилани тушириш ушбу аломатларнинг мавжудлигидан қатъи назар жиноятдир.
5. Ҳомилани тушириш сунъий равишда нормал кечаётган ҳомиладорлик тўхтатилган заҳотиёқ тугалланган жиноят деб топилади.
Ҳомиладор аёлнинг ҳомилани сунъий туширишга розилиги жиноий абортнинг зарурий белгиси ҳисобланади. Агар бундай жарроҳлик аёлнинг розигисиз амалга оширилган бўлса, у ҳолда айбдорнинг ҳаракати ЖК 104-моддаси бўйича квалификация қилиниши лозим.
6. Ҳомиладорлик муддати жиноий ҳомила туширишни квалификация қилишда аҳамиятга эга эмас.
7. Ҳомила тушириш усули ҳар хил (жарроҳлик, механик, токсик, термик ва медикаментоз ва бошқалар) бўлиб, улар жиноятни квалификация қилишга таъсир қилмайди.
8. Агар аёлнинг соғлиғига зарар етказиш орқали ҳомила туширилган бўлса, айбдорнинг қилмишини ЖК 114-моддаси билан эмас, балки қасддан баданга оғир шикаст етказиш учун жавобгарликни назарда тутувчи ЖК 104-моддасининг 1-қисми бўйича квалификация қилиниши керак.
9. Субъектив томондан жиноят фақат тўғри қасд билан содир этилади. Мотив ва мақсад жиноятни квалификация қилишда аҳамиятга эга эмас.
10. 16 ёшга тўлган шахс жиноят субъекти ҳисобланади. Агар аборт шифокор акушер ёки гинеколог томонидан амалга оширилган бўлса, жиноий абортни содир этишда айбдорнинг ҳаракатларини ЖК 114-моддасининг 1-қисми билан квалификация қилиш лозим.
11. Жиноий ҳомила тушириш ҳомила туширишга ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган тақдирда, айбдорнинг жиноий ҳомилани туширишдаги ҳаракати ЖК 114-моддасининг 2-қисми бўйича квалификация қилиниши керак.
Ҳомила туширишга ҳуқуқи бўлмаган шахсларга қуйидагилар киради:
* шифокор-акушер ва гинекологлардан ташқари барча тоифадаги шифокорлар, яъни олий тиббий маълумотга эга бўлган шахслар;
* ўрта тиббий маълумотга эга бўлган шахслар (акушерлар, ҳамшира ва ҳоказолар);
* тиббиёт касбига мутлақо алоқаси бўлмаган ҳар қандай бошқа шахслар;
12. Ҳомила тушириш охирги зарурат бўлган ҳолларда, масалан, ҳомиладор аёлнинг ҳаётига чинакам хавф туғилган ҳолатнинг олдини олиш учун унинг ҳомиласи даволаш муассасаларидан ташқаридан ёки тиббий нуқтаи назарга зид белгилар мавжуд бўлганда туширилган бўлса, ёхуд ҳомила туширишга ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, жиноий ҳомила тушириш учун жавобгарлик истисно этилади.
13. Ҳомиласини ўзи сунъий равишда туширган ёки уни ўзгалар ёрдамида жиноий равишда туширтирган аёл, ЖК 114-моддаси бўйича жиноят субъекти бўла олмайди.
14. Ҳомилани тушириш натижасида:
а) жабрланувчининг ўлими юз берса;
б) бошқа оғир оқибатлар вужудга келса, шахснинг ҳаракатлари ЖК 114-моддасининг 3-қисми бўйича квалификация қилинади.
15. Жиноий равишда ҳомила тушириш натижасида пайдо бўлган бошқа оғир оқибатларга: баданга оғир шикаст етказиш билан жабрланувчининг соғлиғига зарар етказилиши (масалан, бола туғиш қобилиятидан маҳрум бўлиш, бачадонни кўчириш, руҳий фаолиятининг бузилиши ва бошқалар)ни киритиш лозим.
16. Айбдорнинг қилмишларини ЖК 114-моддаси 3-қисми бўйича квалификация қилиш учун содир этилган жиноий равишда ҳомила тушириш билан жабрланувчининг ўлими ёки бошқа оғир оқибатларнинг келиб чиқиши ўртасидаги сабабий боғланишни аниқлаш лозим. Жиноят субъектининг бундай оқибатларга нисбатан айби эҳтиётсизликда ифодаланади.
17. Агар жиноий равишда ҳомила туширишни содир этган айбдорда жабрланувчининг ўлими ёки бошқа оғир оқибатларнинг келиб чиқишига нисбатан тўғри ёки эгри қасд мавжуд бўлса, унинг ҳаракатлари жиноятлар мажмуи тариқасида жиноий ҳомила тушириш ва қасддан одам ўлдириш ёки қасддан баданга оғир шикаст етказиш сифатида квалификация қилиниши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |