145-модда. Виждон эркинлигини бузиш
Диний ташкилотнинг қонуний фаолиятига ёки диний маросимларни ўтказишга тўсқинлик қилиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, худди шунингдек, уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитиш -
энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фуқароларнинг ўз фуқаролик ҳуқуқларини амалга оширишларига ёки фуқаролик бурчларини бажаришларига тўсқинлик қилиш билан, диндорлардан мажбурий йиғим ундириш ва солиқ олиш билан ёхуд шахснинг шаъни ва обрўсини камситувчи чора-тадбирлар қўллаш билан ёки диний таълим олишда ҳамда фуқаро динга нисбатан, динга эътиқод қилиш ёки эътиқод қилмасликка нисбатан, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка нисбатан ўз муносабатини белгилаётган пайтда мажбурлаш билан боғлиқ диний фаолият юритиш, шунингдек, диний маросимлар ўтказишни ташкил этиш шахс баданига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки олти ойгача қамоқ ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида барча учун виждон эркинлиги кафолатланганлиги, ҳар бир шахснинг хоҳлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслиги ҳуқуқи белгилаб берилган. Ўзбекистон Республикасида диний ақидаларни мажбурий тарқатишга йўл қўйилмайди.
Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пакт ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 18-моддаси мазмуни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 145-моддаси амалда мазкур халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ эканлигини тасдиқлайди. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 18-моддасида ёзилишича: “Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқ ўз ихтиёри билан ўзига маъқул динни қабул қилиш ва эътиқод қилиш эркини, якка ҳолда, шунингдек, бошқалар билан биргаликда, ошкора ёки хусусий тартибда сиғинишга боришга, диний ва бошқа урф-одатларни ва маросимни бажариш эркини ҳам ўз ичига олади”.
2. Жиноят объекти Конституция билан кафолатланган ҳар бир диний идоранинг қонуний фаолият кўрсатиши ва шахснинг хоҳлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқи ва фуқаролар соғлиғидир.
3. Виждон эркинлиги деганда, ҳар қандай динга эркин эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик, диний, диний бўлмаган ёки бошқа эътиқодларни танлаш, қонунга риоя қилган ҳолда, унга мувофиқ иш олиб боришни тушуниш керак.
4. Объектив томондан ЖК 145-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноят диний ташкилотларнинг қонуний фаолиятига ёки диний урф-одатларни амалга оширишга қаршилик кўрсатишда ифодаланади.
Қаршилик кўрсатиш диний муассасаларнинг фаолиятига тўсқинлик қилишда (масжид ва черковларни ёпиб қўйиш) ёки диний маросимларни (никоҳ ўқиш, хатна қилиш, жаноза ўқиш ёки марҳумни дафн этиш ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўймасликка қаратилган ҳаракатларни содир этишда ифодаланиши мумкин.
5. Диний ташкилотларнинг қонуний фаолиятига ёки диний маросимларни бажаришга қаршилик кўрсатиш (ЖК 145-моддасининг 1-қисми) бошланган пайтдан жиноят тугалланган деб топилади.
6. ЖК 145-моддаси 2-қисмининг объектив томони вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга жалб этиш, шунингдек, уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда динга ўқитиш ҳисобланади.
7. ЖК 145-моддаси 3-қисмининг объектив томони фуқароларнинг ўз фуқаролик ҳуқуқларини амалга оширишларига ёки фуқаролик бурчларини бажаришларига тўсқинлик қилиш билан, диндорлардан мажбурий йиғим ундириш ва солиқ олиш билан ёхуд шахснинг шаъни ва обрўсини камситувчи чора-тадбирлар қўллаш билан ёки диний таълим олишда ҳамда фуқаро динга нисбатан, динга эътиқод қилиш ёки эътиқод қилмасликка нисбатан, ибодат қилишда, диний расм-русумлар ва маросимларда қатнашиш ёки қатнашмасликка нисбатан ўз муносабатини белгилаётган пайтда мажбурлаш билан боғлиқ диний фаолият юритиш, шунингдек, шахс баданига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказилишига олиб келган диний маросимлар ўтказишни ташкил этиш ҳисобланади. Бундай вазиятларда баданга енгил ёки ўртача оғир шикаст етказишни назарда тутадиган моддаларга кўра жиноятлар мажмуи бўйича баҳолаш зарурати бўлмайди.
8. Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга ноқонуний жалб этиш - вояга етмаган шахсни қонунга зид тарзда диний ташкилотлар фаолиятида иштирок этишга (алдов, моддий бойлик эвазига, қасос олиш мақсадида, таҳдид солиш йўли билан, ғайирлик ёки бошқа қабиҳ ниятларда) оғдириш.
Вояга етмаган болаларни диний ташкилотларга ноқонуний жалб этиш вояга етмаган шахсни қонунга зид тарзда диний ташкилотлар фаолиятида иштирок этишга оғдириш вақтидан бошлаб жиноят тамомланган ҳисобланади.
9. Қонунга зид тарзда динга ўқитиш - вояга етмаган болаларга уларнинг ихтиёрига, ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига зид тарзда диний билим бериш ҳисобланади.
10. ЖК 145-моддасининг 3-қисмида назарда тутилган жиноят ЖК 145-моддасининг 3-қисми диспозициясида белгиланган ҳаракат содир этилган вақтдан бошлаб, оқибатларидан қатъи назар, тугалланган деб топилади. Диний маросимлар ўтказишни ташкил этиш шахснинг баданига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказилишига сабаб бўлиши бундан мустасно, чунки бу ҳолатда оқибат келиб чиққандан кейин жиноят тугалланган ҳисобланади.
11. Агар мансабдор шахс ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб диний ташкилотларнинг қонуний фаолиятига ёки диний урф-одатларни амалга оширишга тўсқинлик қилса, унинг ҳаракатларини муайян вазиятлардан келиб чиқиб, жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 205 ёки 206-моддаларига ҳамда 145-моддаси бўйича квалификация қилиш лозим.
12. Субъектив томондан жиноят била туриб, қасддан содир этилади. Жиноятни квалификация қилиш учун мотив ва мақсад аҳамиятга эга эмас.
13. Жиноятнинг субъекти 16 ёшга тўлган ҳар қандай шахс ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |