148-модда. Меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш
Била туриб, ғайриқонуний равишда ишдан бўшатиш ёки ишга тиклаш тўғрисидаги суд қарорини бажармаслик, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Аёлни ҳомиладорлиги ёки ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқи муҳофаза қилинади ва унга мувофиқ, “ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир”. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 23-моддасида, “ҳар бир инсон меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, адолатли ва қулай иш шароитига эга бўлиш ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга", - дея таъкидланади.
2. Жиноят объекти фуқароларнинг меҳнат қилиш ва хавфсизлик ҳамда гигиена талабларига жавоб берувчи шароитда ишлаш конституциявий ҳуқуқи ҳисобланади.
3. Жиноят кодекси 148-моддаси 1-қисмининг объектив томони била туриб, ғайриқонуний равишда ишдан бўшатиш ёки ишга тиклаш тўғрисидаги суд қарорини бажармаслик ҳисобланади.
4. Шахсни шарҳланаётган модданинг 1-қисми бўйича жиноий жавобгарликка тортишнинг муқаррар шарти уни мазкур модда диспозициясида назарда тутилган қилмишлари учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси билан маъмурий жазога тортилганлигидир.
5. Шахсни била туриб қонунга хилоф равишда ишдан бўшатиш меҳнат қонунида назарда тутилган асосларнинг бўлмаслиги ёки ишдан бўшатишнинг белгиланган тартибига риоя қилмасдан амалга оширилганлигидир.
6. Ишга тиклаш тўғрисидаги суд қарорини бажармаслик уни амалда ишга қуймасликдан ёки ишга тиклаш тўғрисида буйруқ чиқаришдан бўйин товлашдан ёхуд қонуний кучга кирган суд қарорига бошқача тўсқинлик қилишдан иборат.
7. ЖК 148-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноят шахсни ғайриқонуний ишдан бўшатиш ёки уни ишга тиклаш тўғрисидаги суд қарорини бажармаслик вақтидан бошлаб тугалланган деб топилади.
8. Аёлнинг ҳомиладорлигини ёки ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний бош тортилганда ёки ишдан бўшатиш тўғрисида буйруқ берилганда (вакансия ёки керакли бланкаларнинг, ҳужжатларнинг йўқлигини баҳона қилиб), айбдорнинг қилмишлари ЖК 148-моддасининг 2-қисми бўйича квалификация қилинади.
Жиноий жавобгарлик келиб чиқиши учун ҳомиладорлик муддатининг аҳамияти йўқ.
9. ЖК 148-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган жиноят ишга олишдан ғайриқонуний бош тортиш ёки аёлнинг ҳомиладорлиги ёхуд ёш болани парвариш қилаётганлиги сабабли ишдан бўшатиш вақтидан бошлаб тугалланган деб топилади.
10. Субъектив томондан жиноят фақат тўғри қасд билан содир этилади. Жиноятни квалификация қилишда мотив ва мақсаднинг аҳамияти йўқ.
11. Ишга қабул қилиш ёки ишдан бўшатиш ҳуқуқига эга бўлган шахс жиноят субъекти ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |