146-модда. Сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш
Сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, ташаббускор гуруҳлар ёки сайлов ёхуд референдум комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ёки референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 9-моддасига биноан, жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумий овозга (референдумга) қўйилади. Референдум ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 30 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонуни билан белгиланади.
Референдум - умумхалқ овози ёрдамида қонунлар қабул қилиш ёки давлат ҳаётининг энг муҳим масалаларини ҳал этишдир.
2. Жиноятнинг объекти фуқароларнинг ўз конституциявий сайлов ҳуқуқини амалга ошириш, референдум ёки сайловларни белгиланган тартибда ўтказиш ҳисобланади.
3. Объектив томондан жиноят қуйидаги ҳаракатларнинг бирида ифодаланади: овоз бериш яширинлигини бузиш; сайлов ҳужжатларини қалбакилаштириш; референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш; овоз бериш бюллетенлари ёки имзо варақаларига сохта ёзувларни киритиш; била туриб овозларни нотўғри ҳисоб-китоб қилиш.
Овоз бериш яширинлигини бузиш референдум ёки сайлов участкасини, унда иштирок этаётган шахснинг кимга овоз берганлигини билиш мумкин бўлган шароитда ташкил этишдан иборат. Бу овоз бериш хоналарининг жиҳозланмаганлиги, уларда бегона шахсларнинг иштироки, қонунда назарда тутилган асосларсиз тўлдирилган бюллетенларни кўриб чиқиш ва ҳоказолар оқибатида юз бериши мумкин.
Ҳужжатларни сохталаштириш деганда, асл ҳужжатларга қисман бўлса-да, бошқа ёзувлар киритиш ёки сохта ҳужжатларни тайёрлаш назарда тутилади. Бу ўринда сохтакорлик референдум ёки сайловларда қатнашаётган шахсларнинг иродасини бузиб кўрсатиши муҳимдир.
Била туриб овозларни нотўғри ҳисоблаш овоз беришда қатнашганларнинг амалда маъқуллаб ёки маъқулламай берган қарши овозларини онгли равишда кўпайтириш ёки камайтиришдан иборат.
4. Сайловлар ёки референдумни ташкил этиш, ўтказиш тўғрисидаги қонунни бузишга қаратилган ҳаракатларнинг бирортасини содир этиш вақтидан бошлаб жиноят тугалланган деб топилади.
5. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади.
6. Ўн саккиз ёшга тўлган мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идоралари вакиллари, ташаббускор гуруҳлар ёки сайлов комиссиялари ёхуд референдум комиссиялари аъзолари шарҳланаётган жиноятнинг субъекти бўлишлари мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |