VII боб. ФУҚАРОЛАРНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИГА ҚАРШИ ЖИНОЯТЛАР
141-модда. Фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузиш
Жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ёки ижтимоий мавқеига қараб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита бузиш ёки чеклаш ёхуд фуқароларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар зўрлик ишлатиб содир этилган бўлса, -
икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Конституциянинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатьи назар, қонун олдида тенглиги белгиланган.
Жиноят қонунининг шарҳланаётган моддаси халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга тўла мувофиқ келади. Хусусан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пактнинг 26-моддасида барча кишиларнинг қонун олдида тенглиги ва ҳар бир шахснинг ҳуқуқи қонун билан ҳимоя қилиниши ёзиб қўйилган. Шу муносабат билан ҳар қандай камситиш қонун билан тақиқланган бўлиб, қонун барча шахсларнинг ирқига, танасининг рангига, жинсига, тилига, динига сиёсий ёхуд бошқа эътиқодларига, миллий ёки ижтимоий келиб чиқишига, мулкий мавқеига, туғилиши ёхуд бошқа вазиятларга кўра камситилишига қарши тенг ва самарали ҳимояни кафолатлаши лозим.
2. Жиноят объекти инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳисобланади.
3. Объектив томондан жиноят ҳуқуқни бевосита ёки билвосита бузиш ёки уни чеклаш ёхуд бир фуқаронинг бевосита ёки билвосита имтиёзларини бошқасидан устун қўйиш муайян шахснинг давлат, жамоат ишларида, маданий ишлар ёхуд бошқа фаолиятда иштирок этиши учун тўсиқ яратишда ифодаланади.
4. Ҳуқуқни бевосита ёки билвосита бузиш ёки уни чеклаш ёхуд бир фуқаронинг бевосита ёки билвосита имтиёзларини бошқасидан устун қўйиш муайян шахснинг давлат, жамоат ишлари, маданий ишлар ёхуд бошқа фаолиятда иштирок этиши учун тўсиқ яратишда (масалан, жинси, ирқи, миллати ва бошқа белгилари боис ишга, ўқишга, бирор-бир ижтимоий бирлашма аъзолигига қабул қилмаслиқда) ифодаланиши мумкин.
5. Жиноят фуқароларнинг ҳуқуқларини жинси, ирқи, миллати, тили, дини ва ҳоказоларга кўра бузиш ёхуд чеклаш бошланган вақтдан тугалланган ҳисобланади. Фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларига зарар етказиш жиноятнинг зарурий белгиси ҳисобланади. Зарар фуқаронинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ёки ижтимоий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда унинг муайян ҳуқуқ ва эркинлиги чеклаб қўйилишида ифодаланиши мумкин.
6. Тенг ҳуқуқлилик зўрлик ишлатиш билан бузилган бўлса, айбланувчининг ҳаракатлари ЖК 141-модаси 2-қисми бўйича квалификация қилинади.
Фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини бузиш жараёнида зўрлик ишлатиш деганда, калтаклаш, дўппослаш, баданга енгил ёки ўртача оғир шикаст етказиш тушунилиши лозим. Мазкур оқибатлар келиб чиқиши билан қилмишни шахсга қарши жиноятларни назарда тутадиган моддалар бўйича қўшимча квалификация қилишга эҳтиёж қолмайди.
7. Субъектив томондан жиноят тўғри қасддан содир этилади.
8. Жиноят субъекти 16 ёшга тўлган ҳар қандай шахс бўлиши мумкин.
9. Жиноят мансабдор шахс томонидан ўз хизмат ваколатларидан фойдаланиб содир қилинган ҳолларда ёки ЖК 141-моддаси 1-қисми диспозициясида назарда тутилган ҳаракатларни содир этганда, иш ҳолатларидан келиб чиқиб, айбдорнинг ҳаракатларини жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 141-моддаси ва тегишлича ЖК 205-моддаси ёки 206-моддаси бўйича квалификация қилиш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |