Этинилэстрадиол (микрофоллин) – яримсинтетик препарат бўлиб, юқоридагилардан тубдан фарқ қилади. У ўта фаол эстроген. Агарда эстроннинг фаоллигини шартли равишда 1 деб қабул қилинса, этинилэстрадиолнинг фаоллиги 50 га тенгдир. Бундан ташқари, этинилэстрадиол ичилганда самарадор, чунки у жигар ферментлари фаоллигига чидамли. Таъсир давомийлиги қисқа, кунига 1 таблеткадан 1-2 марта қабул қилинади.
Местранол ҳам яримсинтетик эстроген бўлиб, организмда этинилэстрадиолга айланади. Ичишга тавсия этилади. У қатор контрацептив препаратлар таркибига киради.
Эстроген фаолликка эга бўлган ностероид тузилишли синтетик воситалар ҳам ичилганда самарадор. Гексан унуми бўлган синэстрол (гексэстрол) шундай воситадир. Фаоллиги бўйича у эстронга ўхшаш. Ичишга ва м/о киритишга тавсия этилади.
Эстрогенлар тухумдонларнинг етишмовчилигида (ҳайз кўришнинг бузилишларида – аменорея, дисменорея; посткастрацион бузилишларда), туғ-руқдан кейинги даврда лактацияни пасайтириш учун ишлатилади. Эстрогенлар (синэстрол) простата бези хавфли ўсмасини комплекс даволашда, кўкрак бези хавфли ўсмаларида (60 ёшдан ошган аёлларда) ҳам қўлланилади. Улар комбинирланган контрацептив воситалар таркибига киради.
Климактерик бузилишларда ва тухумдонларнинг хирургик олиб ташланишида ўрин босувчи гормонал терапия кенг ишлатилади. Бу мақсадда ёки эстроген препаратлар – прогинова-21 (эстрадиол валериати сақлайди), климара (эстрадиол сақловчи ва 7 кунгача самарадорлиги сақланиб қолувчи пластир), ёки эстрогенларнинг гестагенлар билан биргаликдаги препаратлари – климонорм (9 таблеткаси эстрадиол валериати, 12 таблеткаси эстрадиол валериати + левоноргестрел сақлайди) ишлатилади.
Пременапаузада ёки тухумдонларнинг ёшлик даврида олиб ташланишида икки фазали препаратлар бўлиб-бўлиб тавсия этилади. Постменопаузада препаратларни тўхтатмасдан қабул қилиш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун климодиен препарати ишлатилади. У эстрадиол валериати ва янги гестаген ҳисобланувчи диеногестларнинг тенг миқдордаги қўшилмасидан иборат.
Климактерик даврдаги эстрогенлар етишмовчилигида булардан ташқа-ри дивина, дивитрен, индивина ва дивигель препаратлари ишлатилади.
Эстрогенлар давомли қўлланилганда бачадондан қон кетишлар келиб чиқади. Шу билан бирга, эстрогенлар қон ивувчанлигини ошириши сабабли тромбоэмболияга олиб келиши мумкин. Баъзан шишлар пайдо бўлади. Эстрогенлар таъсирида кўнгил айниши, қусиш, диарея келиб чиқади. Эркакларда эстрогенлар таъсирида феминизация, либидонинг ва потенциянинг пасайиши кузатилади.
60 ёшгача бўлган аёлларнинг жинсий аъзолари ва кўкрак безлари ўсмаларида, эндометритда ва бачадондан қон кетишга мойиллик бўлганда эстрогенларни ишлатиш мумкин эмас. Жигар ва буйрак касалликларида уларни эҳтиёт бўлиб қўллаш лозим.
Кейинги йилларда амалий шифокорлар ихтиёрига янги – антиэстроген воситалар гуруҳи препаратлари тақдим этилди. Улар синтетик ностероид моддалар бўлиб, эстрогенларнинг специфик рецепторлари билан боғланади ва эстрогенларнинг самараси юзага чиқишига тўсқинлик қилади. Бундай пре-паратларга кломифен цитрати (клостильбегат) киради. У аёллардаги бепуштликда ишлатилади. Бундан ташқари, антиэстроген воситалардан тамоксифен ҳамда торемифен (фарестон) препаратлари кўкрак бези хавфли ўсма-сини даволашда ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |