ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА БУРЧЛАРИ - фуқароларнинг Конституция ва қонун ҳужжатларида ўз ифодасини топган асосий ҳуқуқ ва бурчлари. Улар давлат органлари томонидан муҳофаза этилади ва бажарилиши назорат қилинади. Ўзбекистон Конституциясининг 2-бўлимида фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари қуйидагича туркумланади: 1) Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар; 2) Сиёсий ҳуқуқлар 3) Иқтисодий-ижтимоий ҳуқуклар. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқароларнинг қуйидаги бурчлари кўрсатилган: фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга; Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга; атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга; қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар. Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш - Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар.
ЭГРИ ҚАСД - агар шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англаган, унинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етган ва уларнинг юз беришига онгли равишда йўл қўйган бўлса, бундай жиноят эгри қасддан содир этилган деб топилади. Эгри қасд жиноят содир этган шахснинг ўз қилмишини (ҳаракат ёки ҳаракатсизлигини) ижтимоий хавфлилик хусусияти англаган, ижтимоий хавфли оқибат келиб чиқишини олдиндан кўра билган ва онгли равишда мана шу оқибатларни келиб чиқишига йўл қўйишда ифодаланади.
ЮРИДИК МАЖБУРИЯТ - муайян ҳуқуқий муносабат иштирокчиси лозим хулқ - атворининг қонун билан белгиланган мезони. (субъектнинг содир этиши лозим бўлган хатти-ҳаракати тури ва ўлчови) Юридик мажбурият ўз мазмунига кўра, муайян ҳаракатлар содир этишдан ёки, аксинча, содир этишдан ўзини тийишдан иборат бўлиши мумкин.
ЮРИДИК ТЕХНИКА - норматив-ҳуқуқий актлар лойиҳасини тайёрлаш, уларни расмийлаштириш, нашр этиш ва тизимлаштириш қоидалари (тартиби, таомили) йиғиндисидир. Ю.т. - ҳуқуқни ташқи ифодалаш қоидалари, аксарият ҳолларда ҳуқуқий маданиятнинг энг оддий (элементар) талаблари йиғиндиси ҳисобланади. Ҳуқуқни расмий ифодалашнинг асосий талаблари қуйидагилар: ҳуқуқ нормаларининг барчага тушунарли бўлиши; ибораларнинг аниқ, содда ва қатъий маъноли бўлиши; аҳоли савиясига мос юридик андозалар (конструкциялар)дан фойдаланиш; юқори турувчи идораларнинг актларидаги қоидаларни такрорлайвермаслик; узундан-узун, ғализ жумлалар тузмаслик ва шу кабилар. Ю.т. давлатнинг ҳуқуқий кўрсатмалари мазмуни ва тузилишини ишлаб чиқиш чоғида ҳам, уларни ҳаётга жорий этиш чоғида ҳам қўлланиладиган муайян усулларнинг мажмуавий алоқасидир. Бундай усулларга 1) юридик терминология, юридик конструкциялар; 2) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тузиш усуллари киради. Ю.т. нинг ёрқин намуналаридан, кенг тарқалган турларидан бири қонунчилик техникасидир. Қонунчилик техникаси – норматив-ҳуқуқий актлар лойиҳаларини тайёрлашнинг ҳуқуқ ижодкорлиги амалиётига таянувчи ва назарий жиҳатдан чуқур мушоҳада этилган қоидалари ва усуллари тизими бўлиб, у норматив-ҳуқуқий қоидалар шакли – мазмунига тўла ва айнан мувофиқ бўлишини, норматив материални тушунарли, оддий ҳамда осон илғаш, кузатиб боришга имкон беришини, тартибга солинадиган масалаларнинг бекаму кўст қамраб олинишини таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |