ҲУҚУҚНИНГ РЕАЛИСТИК МАКТАБИ. Ҳуқуқнинг тадрижий тарзда ривожланиши ҳақидаги тарихий тасаввурдан фарқли ўлароқ, бу йўналиш вакиллари, ҳуқуқ ташқи омиллар таъсирида пайдо бўлади ва ривожланади, деб ҳисоблайдилар. Одамни ҳаракатга келтирувчи ва умумҳуқуқ ёрдамида амалга ошириладиган мақсадларни қўйишга уни мажбур этувчи манфаатлар шундай омиллар ҳисобланади. Ҳуқуқшунос Рудольф Иеринг ҳуқуқ реалистик назариясининг асосчиси эди. Ушбу назариянинг мазмун-моҳиятини у ўзининг “Рим ҳуқуқи руҳи”, “Ҳуқуқ учун кураш”, “Ҳуқуқда мақсад” каби асарларида баён қилган. Иерингнинг таъбирича, ҳуқуқ химояланган давлат манфаатидир. У шахс манфаатларини кафолатлайди, одамларнинг турли хил эҳтиёжларини қондиришга ёрдам беради. Ҳуқуқ ўз иродасини изҳор этувчига эмас, балки ундан фойдаланувчиларга тегишли ҳисобланади. Ҳуқуқдан фойдаланиши белгилаб қўйилганлар ҳуқуқ субъекти ҳисобланади. Ҳуқуқнинг вазифаси ҳуқуқдан фойдаланишни кафолатлашдан иборат. Ҳуқуқ мазмун-моҳияти замирида қонунсизликка қарши халқлар кураши, давлат ҳокимияти, индивидлар кураши ётади. Шу муносабат билан Иеринг ҳуқуқ тарихидаги барча улкан ютуқлар - қулликнинг, крепостнойликнинг барҳам топтирилиши, ер мулки эркинлиги, ҳунармандчилик, эътиқод ва ҳоказолар эркинлиги - буларнинг ҳаммаси шафқатсиз, кўпинча асрлар оша давом этадиган курашларда қўлга киритилиши лозимлигини, бундай ҳолларда ҳуқуқнинг йўли ҳамиша ҳуқуқлар қолдиқлари орқали белгиланишини алоҳида таъкидлаганди. Унинг эътирофича, мутлақ адолатли ҳуқуқ йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, ҳуқуқнинг қиммати унинг асосида ётган мақсадни амалга оширишдан иборатдир. Манфаатлар кураши асосида дунёга келган ҳуқуқ инсоният жамияти ҳаётида адолат тамойилларига, албатта, риоя қилиш шарти билан бировлар иродасини бошқаларнинг манфаатларига бўйсундирувчи куч сифатида майдонга чиқади. Реалистик назариячиларнинг асосий ақидалари қисқача шулардан иборат.
ҲУҚУҚ МАНБАЛАРИ. Ҳуқуқнинг манбаси деганда, умумий маънода ҳуқуқни ифода этилиш шакли тушунилади. Ҳуқуқий ҳодиса сифатида ҳуқуқнинг манбасини уч хил маънода тушуниш мумкин: моддий маънода - бу жамиятдаги мулкчилик шакллари, моддий шарт-шароитлар, жамият аъзоларининг қизиқишлари ва манфаатлари; мафкуравий маънода - бу турли ҳуқуқий мафкура ва таълимотлар, ҳуқуқий онг; махсус юридик маънода - бу ҳуқуқнинг шакллари. 1. Ҳуқуқнинг бирламчи манбаси - бу халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва қоидалари. Буларга БМТ Низоми, “Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси” (1948) ва бошқалар киради. 2. Ҳуқуқнинг асосий манбалари қаторига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар киради. Қонунда белгиланган шаклда қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида қонун ҳужжатлари нормаларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатга норматив-ҳуқуқий ҳужжат дейилади. Ўзбекистон Республикасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қуйидаги турларини кўрсатиш мумкин: Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси; Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонунлари; Ўзбекистон Республикасининг қонунлари; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати қарорлари; Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорлари; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари; вазирликлар, Давлат қўмиталари ва идораларининг ҳуқуқий ҳужжатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари. 3. Ҳуқуқнинг энг қадимги манбаларидан бири – бу ҳуқуқий одат. Ҳуқуқий одат узоқ давр мобайнида амалда бўлиши натижасида шаклланган ва давлат томонидан умуммажбурий қоида сифатида тан олинган яшаш қоидасидир. Ҳар қандай одат ҳам ҳуқуқий одатга айлана олмайди, балки узоқ давр мобайнида амалда бўлиш натижасида одат тусига кириб, кишилар онгида кўникма бўлиб қолган ҳамда жамиятда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда муҳим аҳамиятга эга бўлган ва давлат томонидан маъқулланган одатгина ҳуқуқий одат бўлиши мумкин. 4. Ҳуқуқий прецедент. (лот. praecedens - аввалгиси, олдингиси) Ҳуқуқий прецедент - суд ёки маъмурий органнинг ёзма ёки оғзаки қарори бўлиб, бу қарор келгусида барча шунга ўхшаш ишларни кўриб чиқиш ва ҳал қилиш учун асос бўладиган намуна нормадир. Ҳуқуқий прецедентнинг суд ва маъмурий прецедент шакллари мавжуд. Ҳуқуқий прецедентнинг суд прецеденти шакли АҚШ, Австралия, Буюк Британия, Канада ва Янги Зеландия каби умумий ҳуқуқ амалда бўлган давлатларда ҳуқуқнинг манбаси сифатида кенг қўлланилади. 5. Норматив шартномалар ҳам ҳуқуқнинг манбаси ҳисобланади. Икки ёки ундан ортиқ мустақил ҳуқуқ субъектлари ўртасида тузиладиган ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўрнатадиган, ўзгартирадиган ёки бекор қиладиган битимларга норматив шартномалар дейилади. Норматив шартномалар, айниқса, халқаро ҳуқуқда катта аҳамиятга эга. Норматив шартномалар қаторига кирувчи халқаро шартномаларнинг қуйидаги турлари мавжуд: субъектларига кўра: икки томонлама ва кўп томонлама; хусусиятига кўра: норма ўрнатувчи ва таъсис этувчи.
Do'stlaringiz bilan baham: |