ҲУҚУҚДАГИ ЗИДДИЯТ (коллизия) - бу бир хил ёки ўхшаш ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи турли ҳуқуқий актлар ўртасидаги зиддиятдир.
ҲУҚУҚИЙ ДАВЛАТ - давлат ва ҳуқуқ назариясининг асосий категорияларидан бири бўлиб, бутун фаолияти ҳуқуққа бўйсунадиган давлатнинг идеал типини ифода этади. Ҳуқуқий давлат тўғрисидаги таълимотга, Платон ва Аристотель даврида асос солинган бўлиб, шундан бери у янги —янги мазмун касб этиб келади. Ҳозирги замон ҳуқуқ назарияси ҳуқуқий давлат тушунчаси давлат конституциявий — ҳуқуқий мақомининг тавсифи сифатида амал қилади ва давлатнинг қуйидаги тамойилларга сўзсиз бўйсунишини назарда тутади: халқ суверенитети, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг давлат томонидан бузилмаслиги, давлатнинг конституциявий тузум билан боғлиқлиги, конституциянинг бошқа барча қонунлар ва қонуности ҳужжатларидан устунлиги, ҳокимиятларнинг бўлиниши, ,ҳуқуқий давлатнинг ташкилий негизи бўлган ҳокимиятнинг органлари ва давлат хизматчиларининг жавобгарлиги институти, миллий ҳуқуқ нормаларидан халқаро ҳуқуқ нормаларининг устунлиги.
ҲУҚУҚИЙ ОНГ - Ҳуқуқий онг- ҳуқуқий ҳиссиётлар, туйғулар , ғоялар, қарашлар, баҳолар, йўл-йўриқлар, тасаввурлар ва фуқароларнинг давлатга муносабатини кўрсатувчи, бу муносабат эса амалдаги ҳуқуққа, ҳуқуқий амалиётга, фуқаролар ҳуқуқлари ва бурчларига нисбатан, шунингдек, бошқа орзу қилинган ҳуқуқларга нисбатан бўлиши лозим ҳолатлар тизимидир. Ҳуқуқий онг - ҳуқуқни англаш демакдир, одамларнинг ҳам амалдаги ҳуқуқга, ҳам уларнинг ўзлари исталган ҳуқуқга муносабатини ифода этадиган тассаввур ва ҳис-туйғуларнинг мужассамидир. У табиатан ҳуқуқ билан муштаракдир ва шу сабабли мавжуд иқтисодий муносабатларга нисбатан иккиламчидир. Ҳуқуқий онг жамиятнинг, турли ижтимоий гуруҳларнинг объектив равишда келиб чиққан эҳтиёжлари ва манфаатларининг бевосита таъсирида шаклланади, ўзгариб турадиган объектив шароитлар ва жараёнлар таъсири остида доимий ривожланиб боради. Ҳуқуқий онг ижтимоий онгнинг бир қисмидир ва шу сабабли унга фалсафий, мафкуравий ва сиёсий қарашлар таъсир этиб туради.
Маълумки ҳуқуқий онг икки таркибий қисмдан, яъни ҳуқуқий мафкура ва ҳуқуқий руҳиятдан (психология) иборат. Ҳуқуқий мафкура-бу ҳуқуқий борлиқ тўғрисидаги, қарашлар, тушунчалар, этиқод концепциялар, назариялардир. Ҳуқуқий мафкура конкрет ҳуқуқий ходисалар тўғрисидаги ва илмий даражадаги тизимлаштирилган билимлар йиғиндиси. Ҳуқуқий руҳият-онг доирасида ҳуқуқий ҳодисалар билан боғлиқ холда, онгда юзага келадиган ва унга сингиб кетадиган, кечминмалар соҳасини ифодалайди. Ҳуқуқий руҳият- ҳуқуқий ҳодисаларни хиссиёт билан тиклаш соҳасидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |