ҲУҚУҚ НОРМАЛАРИНИ ШАРҲЛАШ - бу ҳуқуқий нормаларнинг мазмуни ва моҳиятини аниқлаш ва тушунтириш борасидаги фаолиятдир.
ҲУҚУҚ САМАРАДОРЛИГИ - бу қонунга амал қилишни ҳамда қонуннинг тегишли ижтимоий-ҳуқуқий муаммоларни ҳал эта олиш қобилиятидан гувоҳлик берувчи натижадор тавсифидир. Ҳуқуқ самарадорлиги деганда, қонунда мавжуд бўлган ҳуқуқий нормалар мақсадлари уларнинг амал қилиши натижаси ўртасидаги нисбат, яъни қонун бажарилганда унинг мақсадларга эришилиш даражаси тушунилади.
ҲУҚУҚ СОҲАСИ - бу ҳуқуқ тизимининг алоҳида мустақил қисми бўлиб, ўзаро ўхшаш (бир турдаги) ижтимоий муносабатларнинг маълум соҳаларини тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар йиғиндисидир.
ҲУҚУҚ ТИЗИМИ - бу ижтимоий муносабатларнинг характери билан боғлиқ бўлган ҳуқуқнинг ички тузилиши бўлиб, у ҳуқуқ нормалари, ҳуқуқ институтлари ва ҳуқуқ соҳаларининг қатъий илмий изчилликда жойлашган тартибидир. Ҳуқуқ тизимининг қуйидаги элементлари мавжуд: а) ҳуқуқ нормаси; б) ҳуқуқ институти; с) ҳуқуқ соҳаси.
ҲУҚУҚ ФУНКЦИЯСИ - ижтимоий муносабатларга юридик-ҳуқуқий таъсир кўрсатишнинг асосий йўналишлари. Ҳуқуқнинг моҳияти ва ижтимоий аҳамияти унинг функцияларида намоён бўлади. Ҳуқуқ функциялари ижтимоий ва ҳуқуқий функцияларга бўлинади. Ҳуқуқнинг ижтимоий функциялари қаторида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин: сиёсий, иқтисодий, маданий ва тарбиявий, ахборотлаштириш, коммуникатив ва бошқалар. Ҳуқуқнинг иқтисодий функцияси ишлаб чиқариш муносабатларини тартибга солади, мулкчилик шаклларини мустаҳкамлайди. Ҳуқуқнинг сиёсий функциялари сиёсий муносабатларнинг бир қисмини белгилайди ва сиёсий тизим субъектларининг фаолиятларини (сиёсий партиялар, ижтимоий ташкилотлар в.х.) тартибга солади. Ҳуқуқнинг тарбиявий функцияси ўзида маълум мафкурани ифода этиб, шахсларга нисбатан ўзига хос педагогик таъсирни кўрсатади. Ҳуқуқнинг коммуникатив функцияси бошқарувнинг объектлари ва субъектлари орасидаги боғловчи сифатида ифодаланади. Ҳуқуқнинг ижтимоий функцияларини давлатнинг функциялари билан мутаносиб ҳолда ажратиб таҳлил қилиш мумкин. Ҳуқуқнинг соф юридик функциялари қуйидагиларга бўлинади: тартибга солувчи ва муҳофаза қилувчи. Ҳуқуқнинг тартибга солиш функцияси ўзида маълум бир ҳулқ-атвор қоидаларини белгиловчи ҳуқуқий таъсир йўналишидир. Тартибга солиш функцияси муҳофаза функцияларга нисбатан бирламчи аҳамиятга эга. Ҳуқуқ ўзининг тартибга солиш функцияси орқали давлат ва жамият учун муҳим бўлган алоқаларнинг ривожланишига кўмак беради. Ҳуқуқнинг тартибга солиш функцияси рағбатлантириш, имтиёзлар бериш, ижозат этиш, тавсия этиш каби йўллар билан таъминланади. Ушбу воситалар шахслар манфаатини қондиришга имкон бериб, уларнинг фаоллиги, ташаббускорлиги ва тадбиркорликлари учун кенг йўл очиб беради. Ҳуқуқнинг муҳофаза этиш функцияси ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинадиган муносабатларни химоя қилишга қаратилган. Ҳуқуқнинг муҳофаза этиш функцияси чекловлар йўли билан амалга оширилади: мажбуриятларни жазолаш, тўхтатиб туриш шулар жумласига оид. Ҳуқуқнинг муҳофаза қилиш функцияси тартибга солиш функциясига нисбатан иккиламчи аҳамиятга эга бўлиб, унинг таъминланишига хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |