СУД ҲОКИМИЯТИ - ҳокимиятларнинг тақсимланиши назариясига кўра, оммавий ҳокимиятнинг (қонун чиқарувчи ва ижро этувчи билан бирга) мустақил ва қарам бўлмаган соҳаси. Суд қилишни амалга ошириш, яъни жиноий, фуқаро, маъмурий ва конституциявий иш (низо)ларни процессуал қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва ҳал қилиш ваколатлари, баъзида ҳуқуқ нормаларини, албатта, шарҳлаш (масалан, РФ Конституциявий Суди, АҚШ Олий суди) ваколати, ҳуқуқ ижодкорлиги ваколати (инглиз-саксон мамлакатларида судларида суд прецедентларини яратиш), назорат ваколатлари (масалан, ҳибсга олиш ёки ушлаб қолишнинг қонунийлигини текшириш) ва айрим бошқа иккинчи даражали ваколатлар (айрим мамлакатларда далил-исботларни аниқлаш, корпорацияларни рўйхатга олиш ва бошқалар) мажмуини, шунингдек, юқорида айтиб ўтилган ваколатларни амалга оширувчи давлат органлари тизимини ифодалайди. Суд ҳокимиятининг ваколатлари асосий (мутлақ) - суд қилишни амалга ошириш ва ёрдамчи ваколатларга ажратилади.
ТАБИИЙ ҲУҚУҚ НАЗАРИЯСИ. Илмий оқим сифатида ушбу назария узоқ тарихга эга. Унинг асосий қоидалари қадимги даврдаёқ шаклланиб улгурган. Ушбу назариянинг моҳияти шундан иборатки, давлат томонидан яратиладиган позитив (ижобий) ҳуқуқдан ташқари хамма учун умумий бўлган ва позитив ҳуқуқдан устун турувчи табиий хуқуқ мавжуд. Бу қонуний ҳолдир. Зеро, позитив ҳуқуқ табиий ҳуқуқ талабларига, яъни яшаш ҳуқуқи, эркин ривожланиш, меҳнат қилиш, жамият ва давлат ишларида қатнашиш ва ҳоказо ҳуқуқларга асосланади. Қадимги Рим ҳуқуқшунослари фуқаролик ҳуқуқлари ва халқлар ҳуқуқлари билан бир қаторда табиат қонунлари ва нарса-ҳодисаларнинг табиий тартиби ифодаси сифатида табиий ҳуқуқни алоҳида ажратиб кўрсатишган. Цицерон таъбирича, табиий ҳуқуққа зид бўлган давлат қонуни қонун сифатида қаралиши мумкин эмас. Табиий ҳуқуқ назарияси Локк, Руссо, Монтескье, Гольбах, Радишчев ва бошқаларнинг асарларида чуқур ишлаб чиқилган. Уларда баён этилган ғоялар АҚШнинг Мустақиллик Декларациясида (1776 йил), Франциянинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари декларациясида (1789 йил) ҳамда бошқа давлат ҳужжатларида мустаҳкамланди. Шунингдек, ўтган асрнинг тарихий шароитида бу ғоялар инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари борасида инсонпарварлик муаммолари юзасидан халқаро ҳамкорлик ривожланиши ва мустаҳкамланишида катта салмоққа эга бўлди, улар орасида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси (1948), Инсон ҳуқуқларини ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисида Европа конвенцияси (1950), Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт (1966), Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга факультатив протокол (1966), Хельсинки Кенгашининг Якунловчи ҳужжати (1975), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Кенгаши қатнашчилари бўлган давлатлар Вена учрашувининг Якунловчи ҳужжати (1989) ва бошқалар қабул қилинди. Шунингдек, инсоннинг табиий, туғма ҳуқуқлари кўпчилик давлатларда конституциявий тарзда мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 - моддасида яшаш ҳуқуқи “ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи” сифатида мустаҳкамланган. Юксак маданиятли жамиятда табиий ва позитив ҳуқуқларни бир-бирига қарама-қарши қўйишга ҳеч қандай асос йўқ. Чунки, табиий ҳуқуқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг ягона умуминсоний тизимини ташкил этиб, инсоннинг табиий ҳуқуқларини мустаҳкамлайди ва муҳофаза қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |