ҚОНУН АНАЛОГИЯСИ (ўхшашлиги) - юнонча “analogia” сўзидан оолинган бўлиб, маъносига кўра “мувофиқлик”, “ўхшашлик” сўзларига яқин, инглизча “analogу”-бу ҳуқуқда ҳуқуқий тартибга солинишга муҳтож бўлган, бироқ қонун ҳужжатларида мустаҳкамланмаган ижтимоий муносабатларга нисбатан ҳуқуқ тизимида ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини қўллаш бўлиб, у ҳуқуқдаги “бўш жой”ларни, яъни маълум бир масала юридик воситалар ёрдамида ҳал этилиши лозим, бироқ бундай ечим қонунчиликда мустаҳкамланмаган ҳолда, уни тўлдириш усули ҳисобланади.
ҚОНУН ЧИҚАРИШ ЖАРАЁНИ - конституция, конунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий актлар томонидан белгиланган тартибда қонун лойиҳаларини парламент эътиборига ҳавола қилиш, қонун лойиҳасини муҳокама қилиш, уни қабул қилиш, қонунни имзолаш, нашр этиш ва кучга киритиш жараёни. Қ.ч.ж. бир неча босқичлардан иборат. Улар дунёнинг кўпчилик давлатларида деярли бир хил. Парламентлар ўз фаолиятларини, асосан “ҳокимиятларнинг тақсимланиши” принципи асосида қурадилар. Ўз.Рда Қ.ч.ж.нинг асосий босқичлари - 1) қонун лойиҳасини Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритиш; 2) қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталарининг мажлисларида бир неча бор муҳокама қилиш; 3) қонунни қабул қилиш (Сенат томонидан маъқулланиши); 4) қонуннинг имзоланиши, эълон қилиниши (нашр этилиши) ва кучга киритилиши.
ҚОНУН ЧИҚАРУВЧИ ҲОКИМИЯТ - ҳокимиятлар бўлиниши назариясига мувофиқ, давлатнинг ўзаро мувозанатлаштирилган ҳокимият тармоқларидан бири бўлиб, давлат олий вакиллик органи томонидан қонунлар қабул қилиш ваколатининг рўёбга чиқарилишидир. У олий юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий актлар - қонунлар чиқариш бўйича ваколатлар йиғиндисини мужассамлаштиради ҳамда ушбу ваколатларни амалга оширувчи давлат органлари тизими сифатида намоён бўлади. Қонун чиқариш - давлатнинг ўта муҳим функцияларидан бири бўлиб, у сайлаб қўйиладиган олий вакиллик органи томонидан амалга оширилади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг асосий вазифаси ҳалқнинг (жамиятнинг) иродасини қонун шаклида ифода этишдир. Қ.ч.ҳ. - бу Конституцияда мустаҳкамланган олий давлат вакиллик идорасининг қонунлар қабул қилиш, уларни ўзгартириш ва бекор қилиш бўйича алоҳида ваколатлари ҳисобланади. Демократик давлатларда қонун чиқарувчи ҳокимият нафақат махсус қонунчилик органлари (парламент, миллий қонунчилик ассамблеяси) томонидан, балки бевосита сайланадиган корпус (сиёсий муомалага лаёқатли фуқаролар) томонидан референдум йўли билан, айрим ҳолларда эса ижроия ҳокимияти органлари томонидан - вакил юбориш тартибида ҳам амалга оширилиши мумкин. Ҳозирги даврда айрим давлатларнинг конституцияси қонун чиқариш ваколати монархга ва парламентга (ёки парламентнинг палатасига) тааллуқлилиги тўғрисидаги қоидаларни ўзида мужассамлаштиради. Ҳалқаро миқёсда қонун чиқарувчи орган парламент деб юритилади. “Парламент” ибораси французча “parler” - “гапирмоқ” сўзидан олинган бўлиб, фикр билдириш, муҳокама юритиш деган маънони англатади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади. Ўзбекистон Республикасида Парламент ваколат муддати беш йил бўлган икки палатадан - Қонунчилик палатаси (қуйи палата) ва Сенатдан (юқори палата) иборат (76-м.).
Do'stlaringiz bilan baham: |