КОНСТИТУЦИОНАЛИЗМ - 1.Конституция билан чегараланган бошқарув, конституцияга ва бошқарувнинг конституциявий услубларига таянадиган сиёсий тизим; 2. Конституциявий тузум ўрнатилиши заруриятини асослаб берувчи сиёсий - ҳуқуқий назария.
КОНСТИТУЦИЯ - (лотин. conctitutio - ўрнатиш, тузилиш) - моддий маънода аввало инсон ва фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликларини эълон қилувчи ва кафолатловчи, шунингдек ижтимоий тузум асосларини, бошқарув шакли ва давлат тузилиши асосларини, ҳокимият марказий ва маҳаллий органларини ташкил этиш асосларини, уларнинг ваколатлари ва ўзаро муносабатларини, давлат рамзлари ва пойтахтини белгилайдиган қонун ҳужжати, ҳужжатлар ёки конституциявий одатлар мажмуи. Расмий маънода барча қонунларга нисбатан олий юридик кучга эга бўлган асосий қонун. Конституция - энг олий ҳуқуқий шакл бўлиб, унда конституциявий тузум қадриятлари, институтлари ва нормалари, давлат ҳокимиятининг ижтимоий алоқалари ва муносабатларини давлат - ҳуқуқий тартибга солиш асослари мустаҳкамлаб қўйилади. Конституция ҳозирги замон давлатчилигининг муҳим белгиси ҳисобланади.
КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҚОНУН - қатор мамлакатларда конституциявий ҳуқуқнинг бош манбаларидан бири. Романо-герман ҳуқуқ тизимига кирувчи мамлакатларда К.қ. - бу конституцияга ўзгартишлар киритувчи қонун, РФ, Ўзбекистон, Қозоғистон каби давлатларда эса К.қ. конституцияда белгиланган масалалар бўйича қабул қилинади. Биринчи ҳолатда К.қ.ни қабул қилиш тартиби Конституцияга ўзгартиш киритиш тартибига мос келади, иккинчи ҳолатда К.қ. конституцияни ўзгартириш тартибидан фарқ қилиб, махсус мураккаблаштирилган тартибда, яъни қонун чиқарувчи идора аъзоларининг малакали кўпчилиги овози билан қабул қилинади. Алоҳида олинган давлатларда К.қ. деб, мазкур давлат конституциясини ташкил этувчи қонунлар мажмуасига айтилади (м-н, Швецияда). Баъзи олимлар қабул қилиниши Конституцияда назарда тутилган қонунларни ҳам К.қ. деб ҳисоблайдилар.
К.қ.- норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тизимида ўзининг юридик кучи ва аҳамиятига кўра конституциядан кейин турадиган қонун шакли. Конституциявий қонунлар конституцияда кўрсатилган масалалар бўйича қабул қилинади. Конституциявий қонунларни қабул қилиш тартиби жорий қонунларни қабул қилишга қараганда бирмунча фарқ қилади. Жумладан, бундай қонунни қабул қилиш учун депутатларнинг мутлоқ кўпчилиги овози, яъни учдан икки қисм овоз берилиши талаб қилинади. 1991 йил 31 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги конституциявий қонун ана шундай қонунлар жумласига киради. Конституциявий қонунларнинг қабул қилиниши конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга сабаб бўлади. Масалан, мамлакатимизда 2002 йил 27 январь куни ўтказилган референдум натижаларига мувофиқ “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги конституциявий қонун қабул қилинди ва иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг XI сессиясида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Бу қонун асосида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XVIII, XIX, XX, XXII бобларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Конституциявий қонунлар алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида конституция билан бирга харакатда бўлиб, унинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |