ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ УМУМЖАҲОН ДЕКЛАРАЦИЯСИ - инсон ҳуқуқлари бўйича энг муҳим халқаро ҳуқуқий ҳужжат. БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган. Декларация БМТ Уставига ва унинг халқаро хамкорликни ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини хурмат қилиш, турмуш ахволини яхшилаш юзасидан принципларга таянади. Декларацияда эълон қилинган ҳуқуқлар ва эркинликлар миллати, ирқи, мулкий ва ижтимоий аҳволи, дини, сиёсий қарашлари ҳамда бошқа фарқларидан қатъий назар барча инсонларга тааллуқлидир. Декларация таркибий тузилишига кўра муқаддима ҳамда ўттиз моддани ўз ичига олади. Унда инсоннинг барча асосий сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари, эркинликлари батафсил баён этилган. Декларациянинг бир қатор моддалари (23-26 моддалари) меҳнат қилиш, дам олиш, ижтимоий таъминот олиш, таълим олиш, малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқларини назарда тутади. БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси” Ўзбекистон Республикаси томонидан 1991 йил 30 сентябрда ўз давлат мустақиллигининг дастлабки кунларида ратификация қилинган.
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИНГ АЖРАЛМАСЛИГИ - демократик давлатларда конституциявий тузум ва инсон конституциявий-ҳуқуқий мақомининг асосий принципларидан бири. Инсон ҳуқуқлари унинг туғилганлигидан, табиий характерга эгалигини, давлат фақат уларнинг амалга оширилишини бошқариши ва улар учун кафолатлар белгилаши мумкин, холос. Давлат шунингдек, истисно ҳолларда қандайдир фавқулодда ҳолат режимлари амалда бўлиб турган даврда вақтинчалик асосда инсоннинг айрим ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш имкониятига эга бўлади. Бу режимлар тугаши биланоқ ҳуқуқ ва эркинликлар тўла ҳажмда тикланади.
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ КАФОЛАТЛАРИ - ҳозирги замон демократия давлатларида конституция билан қарор топтирилган, инсоннинг асосий моддий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш воситаси бўлиб хизмат қиладиган процессуал ҳуқуқлар, шунингдек, конституция қайд этган ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасалари (институтлари) улар фаолиятининг асосий принциплари билан бирга ва ниҳоят, конституция таркибидаги инсон ҳуқуқ ва эркинликларини мумкин бўлган чеклашлар меъёри ва шарт-шароитларини белгиловчи алоҳида қоидалар йиғиндисидир. Биринчилар қаторига демократия давлатларида одатда ҳуқуқ ва эркинликларни судда ҳимоялаш ҳуқуқи (шу жумладан, давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари шунингдек, уларнинг мансабдор шахслари ноқонуний хатти-ҳаракат ва қарорлари устидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи), ўз ишини мазкур иш қонун бўйича қайси судда кўриб чиқиш тегишли бўлса,ўша суд ва судья томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи, ҳимоя ҳуқуқи, малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи (шу жумладан, ушланиш, ҳибсга олиниш ёки айб қўйилиши биланоқ адвокат хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи, ўзига ва яқинларига қарши гувоҳлик бермаслик ҳуқуқи, айби судда ёки суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмай туриб айбдор ҳисобланмаслик ҳуқуқи, давлат ҳокимият органлари ёки уларни мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари (ёки ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарарни давлат томонидан қопланиш ҳуқуқи, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича, ҳуқуқий ҳимоянинг барча давлат ички воситалари тугаган бўлса, давлатлараро органларга мурожаат қилиш ҳуқуқи киритилади. Муассасавий (институтционал) Инсон ҳуқуқларининг конституциявий кафолатларига демократия давлатларида одатда мустақил ва бетараф суд, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича парламент вакили тартиботи (Омбудсман институти) киритилади. Инсон ҳуқуқлари конституциявий кафолатларининг учинчи турини инсон ҳуқуқ ва эркинликларини мумкин бўлган чеклашлар асоси ҳамда меъёрларини белгиловчи қоидалар ташкил қилади. Бу қоидаларга кўра жавобгарликни белгиловчи ёки оғирлаштирувчи қонун тескари кучга эга эмас, ҳеч ким содир этилган вақтда қонунбузарлик деб ҳисобланмаган хатти-ҳаракат учун жавобгар бўлиши мумкин эмас, конституцияда маълум ҳуқуқ ва эркинликларнинг санаб ўтилиши инсоннинг умумқабул қилинган ҳуқуқ ва эркинликларини инкор этиш ёки камситиш тарзида талқин этилмаслиги керак, инсон (ва фуқаро)нинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонун йўли билан конституциявий тузумни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни, давлат мудофааси ва хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган даражадагина чекланиши мумкин. Ўзбекистон Конституциясининг 43-моддасида “Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”,-дейилган. Ушбу модда Конституциявий принципларнинг асоси, ўзаги, характерини ифодалаган бўлиб, унда инсон манфаатларига хизмат қилиш, эркинлик кафолати, давлатнинг ижтимоий мақсади ва асл ғояси акс этган. Мустақилликка эришилгач, Ўзбекистонда умуминсоний қадриятларни тиклаш ва демократик жамият қуриш йўлдан боришда инсон эркинлигига, жамият ва давлатнинг бирлигида инсоннинг тутган ўрнини юксак баҳолашга катта аҳамият берилди. Демократик давлатда жамият аъзолари ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари доимий ҳаракатдаги механизм сингари бўлмоғи лозим. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмунида давлат фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга, жамият учун хизмат қилишга бутун кучини сафарбар этиши лозимлиги ҳақидаги ғоялар мавжуд. Конституциянинг 19-моддасида “ҳеч ким суд қарорисиз фуқароларни ҳуқуқ ва эркинликларидан маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳақли эмас” дейилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |